Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:14

Покистон-Афғонистон чегарасидаги вазият


Бундан уч йил олдин Афғонистонда Толиблар ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин минглаб толиблар ва хорижлик жанггарилар Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош тоғли минтақасига яшириниб, кейинроқ Покистон ҳудудига ўтиб кетишга муваффақ бўлди. АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар ва Афғонистон ҳукумати аскарлари бир неча йилдан бери жанггариларни тинимсиз таъқиб қилмоқда. Шунга қарамай, жанггарилар бутунлай йўқ қилингани йўқ. Айни пайтда, Покистоннинг Шимоли-ғарбий Чегара Вилояти ҳокими қабилалар бошқарувида бўлган Афғонистон билан чегарадош минтақада хорижлик террорчилар йиғилаётгани ҳақида хавотир билдирди.

Покистоннинг Шимоли-ғарбий Чегара Вилояти ҳокими Ифтихор Ҳусайн Ғиллонийга кўра, Жанубий Вазиристон вилоятидаги “Ал-Қайда” жанггарилари Покистон армияси қисмлари босимига учрамоқда.

Жанубий Вазиристон сўнгги 10 ой давомида Покистон ҳарбийлари ва жанггарилар ўртасидаги кураш майдонига айланди. Абдулла Мехсуд Паштун қабилалари яшайдиган мазкур минтақада “Ал-Қайда” гуруҳига хайрихоҳ бўлган муҳим маҳаллий қўмондонга айланди.

Ғиллонийга кўра, жанггарилар Покистон ҳарбийлари таъқибидан қутулиш учун ўзига хавфсиз бошпана излашга мажбур бўлмоқда:

”Сўнгги икки-уч ой ичида, хусусан сентябр ва октябр ойларида Мехсуд яшайдиган минтақада қатор ҳарбий операциялар амалга оширилди. Аксарият хорижлик жанггарилар хавфсиз жойга беркинишга мажбур бўлди. Уларнинг базалари йўқ қилинди. Менимча, катта босим туфайли уларнинг баъзилари Афғонистонга, бошқалари Покистон жанубида жойлашган Балучистон вилоятига кетган. Кетмаганлар эса қайтадан гуруҳларга бирлашишга ҳаракат қилиб, ўзларига янги база топишга ҳаракат қилмоқда”.

Ҳусайн Ғиллонийга кўра, агар Мехсуд Исломобод расмийлари белгилаган 15 январга қадар таслим бўлмаса, у қўлга олинади ёки ўлдирилади:


”Мехсуднинг бир гуруҳ террорчилари бор ва у чет элдан ёрдам олади. Мехсуд уларни махсус тайёргарликдан ўтказади. Унга пул қаердан келади? У бу иш учун, алоқа ва транспорт учун пулни қаердан олади? Унга чет элдан ёрдам беришади”, - дейди вилоят ҳокими.

Ғиллоний жанггари гуруҳлар Покистондаги ўз базасидан Афғонистон ҳудудига ўтиб ҳужумлар уюштираётгани тўғрисидаги афғон расмийлари танқидини рад этади. Вилоят ҳокими Ғиллоний, жанггарилар Афғонистон-Покистон чегарасини кесиб ўтмаслиги учун Покистон армияси бор имкониятни ишга солаётганини айтади. Унга кўра, вазиятни яхшилаш учун Афғонистон томони кўпроқ иш қилиши керак.

Исломобод расмийлари АҚШ ҳарбийларидан шу ҳафта Афғонистоннинг Хўст вилоятидан туриб Покистон ҳарбийларига қарши миномётлардан ўт очилгани воқеасини ўрганиб чиқишни сўради. Маълумотларга кўра, ўша ҳужум оқибатида Шимолий Вазиристонда покистонлик бир аскар нобуд бўлган.

Хўст вилояти ҳокими Мерожиддин Патахнинг Озодлик радиосига билдиришича, Афғонистон ҳарбийлари покистонлик разведкачилар яқинлашиб келаётганини кўриб, уларни миномётдан ўққа тута бошлаган:

”Покистон кучлари бизнинг “Мўғулги” чегара постимиз томон яқинлашган. Бизнинг дивизия ва коалиция кучлари бу ҳаракатга қарши тезда жавоб қайтаришга шайланган. Хайриятки, шундан кейин улар ўз ҳаракатини тўхтатди ва ортга қайтди”, - дейди Хўст вилояти ҳокими.

Афғонистонга жойлаштирилган АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари матбуот вакили майор Марк Мак Канн чегарада юз берган тўқнашувни тушунмовчилик, дея баҳолади.

Покистоннинг Шимоли-ғарбий Чегара Вилояти ҳокими Ифтихор Ҳусайн Ғиллонийга кўра, хорижлик террорчилар Покистон армияси 10 ой давомида амалга оширган операциялар давомида ўлдирилган юзлаб “Ал-Қайда” жанггарилари ўрнини маҳаллий ишсиз ёшлар билан тўлдиришга уринмоқда. Ҳокимга кўра, дастлабки тайёргарликдан ўтган янги ёлланган ҳар бир покистонликка 250 доллардан пул тўланмоқда.

Ғиллонийнинг яна маълум қилишича, Покистон расмийлари бу муаммони қабила бошлиқлари билан сиёсий музокара олиб бориш орқали ҳал этишга уринмоқда. Ҳокимга кўра, бу сўзлашувлар самара бермоқда. Қабила бошлиқлари ва диний уламолар ёшларни террорчиларга эргашмасликка ундамоқда. Айни пайтда, Покистон ҳукумати қабилалар яшайдиган минтақа аҳолиси қўлидаги қуролларни йиғиб олмоқда.
XS
SM
MD
LG