Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2021, Тошкент вақти: 05:19

Халқаро хабарлар

АҚШ Президенти Жорж Буш анъанавий ҳафталик радиомурожаатида америкаликларни Жануби-шарқий Осиёда юз берган денгиз тўфонидан жабрланганларга молиявий ёрдам беришга чақирди.

“Дунёдаги аксарият одамлар учун ғамгин бўлган шу дамда америкаликлар қурбон бўлган оилалар хотираси учун ибодат қилмоқда. Биз айниқса, йўқолган болалар ва ўз оиласини излаётган одамлар ҳақида кўпроқ ўйлаяпмиз. Биз вайрон бўлган жойларни қайта-тиклашга киришган халқларга саховатли ёрдамимизни таклиф қиляпмиз”, – деди Жорж Буш.
АҚШ Президенти денгиз тўфонидан азият чеккан Осиё давлатларига ҳайрия пули ажратган фуқароларга солиқ миқдорини камайтириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.
Шри Ланкада Жаҳон Банки президенти Жемс Волфинсон банг табиий офатдан азият чекканларга бир миллиард долларлик ёрдам ажратишини маълум қилди.
Айни пайтда, бугун БМТ Жанубий Осиёда юз берган денгиз тўфонидан омон қолган тахминан икки миллион одамни олти ой давомида озиқ-овқат билан таъминлаш лойиҳасини амалга оширишга киришди.

Кун янгиликлари

Навальний тарафдорлари 21 апрель куни митингга чиқишмоқчи

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний

Қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг тарафдорлари 21 апрель куни Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург дохил йирик шаҳарларида уни дастаклаш учун митинглар ўтказиш ниятидалар. Бу ҳақда сиёсатчининг сайтидаги хабарномада айтилган. Митинг ўтказиш нияти борлигини мухолифатчининг сафдошлари бўлган Леонид Волков ва Иван Жданов тасдиқлаганлар.

Навальний колонияда очлик акциясини ўтказмоқда. Аввалроқ Навальнийнинг шифокорлари унинг ташхислари натижаларига таянган ҳолда мухолифатчининг аҳволи шиддат билан ёмонлашаётганини билдирганлар. Навальний бели оғриётгани ва бошқа хасталик асоратлари туфайли ўз олдига врач киритилишини талаб қилган ҳолда 31 мартдан эътиборан очлик акциясини бошлаган.

“Шунақа ҳолатлар бўладики, бунда тезлик билан ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда тузатиб бўлмас ҳодиса содир бўлиши мумкин. Бунақа пайтларда жуда тезлик билан қарор қабул қилиш зарур”, деб ёзишган Навальнийнинг сафдошлари.

Улар “Навальнийга озодлик” сайтида сиёсатчининг озод этилиши учун уюштирилажак митингларда иштирок этиши мумкин бўлган 500 минг киши рўйхатдан ўтишини кутиб ўтирмаганлар. Аввалроқ Навальнийнинг сафдошлари сайтда ярим миллион рўйхатдан ўтганидан кейин митинг санасини эълон қилишларини билдиришганди. 18 апрель тушдан кейин митингларнинг муҳтамал иштирокчилари сони 459 мингдан ошган. Бир неча кун аввал рўйхатдан ўтганларнинг электрон манзиллари базаси ўғирлангани ҳақида хабар тарқалганди.

“Воқеалар ўта шиддат билан ва жуда ёмон ривожланмоқда. Бундан буён кутиш ва ортга суриш мумкин эмас”, дея изоҳ берадилар муаллифлар митинг зарурати тўғрисидаги хабарномада. Навальнийнинг саломатчилигидан ташқари улар мухолифатчи томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди (Россияда хорижий агентлар рўйхатига киритилган) ва Навальний штабларини расмийлар экстремистик ташкилотлар рўйхатига қўшмоқчи эканларини ҳам қайд этадилар.

Митинглар ўтказиш учун ариза бериш ҳақида хабарномада ҳеч нарса дейилмаган – афтидан, расмийлар бу тадбирларни рухсат этилмаган акциялар ўлароқ қабул қилишади.

Навальний ҳимояси учун сўнгги йирик акциялар шу йил январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида – сиёсатчи Германиядаги муолажадан сўнг Россияга қайтиб, аэропортда ҳибсга олинган, кейин эса колонияга йўллангани ортидан ўтказилганди. Мазкур акциялар учун расмийлардан рухсат олинган эмас. Ўша пайтда Россиядаги ўнлаб шаҳар кўчаларига, турли маълумотларга кўра, 100 мингдан 300 минг нафаргача одам чиққан. Ўша пайтда минглаб норози тутиб кетилган, айримлар полициячиларга қарши зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича судланганлар.

Февраль ойи бошларида Навальнийнинг сафдошлари оммавий норозилик намойишларидан вақтинча воз кечиб туришларини маълум қилганлар, бироқ бу чиқишлар баҳордан қайта бошланишини билдирганлар.

АҚШ жорий йилда Европа ва Марказий Осиёдан 1,5 минг нафар қочқин қабул қилади

АҚШ президенти Жо Байден 2021 молия йилида, яъни 2020 йил 1 октябридан 2021 йил 30 сентябригача Қўшма Штатлар қабул қилишга тайёр бўлган қочқинлар сонини белгиловчи фармонни имзолади.

“Америка овози” хабарига кўра, Африка давлатларидан бўлган қочқинлар учун 7 минг виза, Шарқий Осиёдан бўлганлар учун 1000 виза, Европа ва Марказий Осиёдан бўлганлар учун 1,5 минг виза, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасига кирадиган давлатлардан бўлганлар учун 3 минг виза, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдан бўлганлар учун эса 1,5 минг виза ажратилган. Яна мингта виза захира учун қолган.

Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки яқин келажакда квота миқдори ўзгариши мумкинлигини қайд этган.

Жо Байден аввалроқ АҚШ қабул қиладиган қочқинлар сонини 62,5 мингга етказишга ваъда берганди.

Чехия россиялик 18 нафар дипломатни бадарға қилади

Чехия бош вазири А. Бабиш

Чехия рус разведкасининг 2014 йили содир бўлган ўқ-дори омборидаги портлашга алоқадорлиги гумони билан Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини бадарға қилади. Бу ҳақда 17 апрель куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш билан ташқи ишлар вазири Ян Гамачек билдиришди.

Бабишга кўра, Чехия махсус хизматлари унга россиялик ҳарбийларнинг Врбетице қишлоғида содир бўлган ва икки киши умрига зомин бўлган портлашга алоқадор эканига оид рад этиб бўлмайдиган далилларни тақдим этганлар.

“Чехия Республикаси суверен давлатдир ва у бу каби фактлар аниқланишига муносабат билдириши лозим”, деган Чехия бош вазири.

“Немис тўлқини” хабарига кўра, Чехия ташқи ишлар вазири бўлиш билан бирга ички ишлар вазири вазифасини ҳам бажарувчи Ян Гамачек тасарруфида мамлакатни 48 соат ичида тарк этиши лозим бўлган россиялик 18 нафар дипломатнинг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) ва Ташқи разведка хизмати (СВР) ходимлари эканига оид далиллар борлигини билдирган.

Аввалроқ Ян Гамачек коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш учун музокаралар ўтказиш учун кетаётган Москвага сафарини қолдиргани маълум бўлганди. Бу режа важидан у мухолифат томонидан ҳам, коалициядаги ҳамкорлари томонидан ҳам танқидга учраётганди.

Праганинг 18 дипломатни бадарға қилиш қарори Россия билан икки томонлама муносабатларга путур етказади, дея билдирди Давлат думасининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий.

Депутат бунақа ҳолатларда, одатдагидай Россия томонидан жавоб чоралари кўрилишини қайд этди.

Бу орада Чехия полицияси ёнида Александр Петров ва Руслан Боширов номига берилган ҳужжатлар дохил бир неча паспорт бўлган икки россияликни қидираётганини маълум қилди. Полиция ва Уюшган жиноятчиликка қарши кураш миллий маркази маълумотига кўра, бу одамлар 2014 йил 11 октябридан 16 октябригача Чехияда юрганлар. Британияда россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов Сергей ва Юлия Скрипални “Новичок” моддаси билан заҳарланишига алоқадор бўлган ГРУ ходимлари, деб билишади. Bellingcat ва The Insider хабарларига кўра, Петров ва Бошировнинг ҳақиқий исмлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкиндир.

Москвада “Лукашенконинг душманлари” қўлга олиниб, Минскка топширилди

Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашуви, Минск, 2021 йил 16 апрели

Россия пойтахти Москвада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Беларусда президент Александр Лукашенкони йўқ қилиш ва ҳарбий тўнтаришга ҳозирлик кўргани айтилаётган икки гумонланувчини қўлга олишган.

ТАСС агентлигининг ФСБ жамоатчилик билан алоқалар марказидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Россия ва Беларусь хавфсизлик хизматлари Беларусь ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган Юрий Зянкович ҳамда Беларусь фуқароси Александр Федутанинг ноқонуний фаолиятига чек қўйишган. Махсус хизматлар иддаосича, улар гўё ҳарбий тўнтариш тайёрлаш ва Лукашенкони йўқ қилиш тараддудида бўлишган.

Қайд этилишича, россиялик чекистлар беларуслик ҳамкасбларидан Зянкович ва Федутанинг мухолиф кайфиятдаги беларуслик генераллар билан шахсий учрашувига оид маълумот олишган. Учрашув Москвадаги ресторанлардан бирида бўлиб ўтган. ФСБ агентлари мазкур учрашувни тасвирга олишга муваффақ бўлган.

Федерал хавфсизлик хизмати сайтида фитначилар режаси баён қилинган бўлиб, унда ўз мурожаатини халққа ёйинлаш учун радио ва телемарказларни эгаллаб олишга ҳозирлик кўрилгани айтилган.

ТАСС агентлиги хабарида ресторанда учрашганлар ўртасида роллар тақсимланиши дохил тўнтариш режаси тафсилотлари келтирилган. Тўнтаришнинг якуний мақсади Беларусда конституциявий тузумни ўзгартириш бўлган.

Россия хавфсизлик идоралари учрашув иштирокчиларини қўлга олишиб, уларни беларуслик ҳамкорларга топширишди, дейилган Россия ФСБси сайтида. Федута билан Зянкович билан биргаликда ФСБ хабарномасида “беларуслик генераллар” деб аталган шахслар ҳам Минскка топширилганми-йўқми – бу ҳолат очиқланган эмас.

Россияда Украина консули ҳибсга олинди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ФСБ Украинанинг Санкт Петербург шаҳридаги консули Александр Сосонюк рус фуқароси билан учрашиб, махфий маълумотни олиш пайтида ҳибсга олинганини маълум қилди.

"Россия Федерациясининг Федерал хавфсизлик хизмати 2021 йил 16 апрелда Санкт-Петербург шаҳрида Россия фуқароси билан учрашув пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва Россия ФСБ маълумотлар базаларида мавжуд бўлган махфий маълумотни олганида, украиналик дипломат жиноят устида ҳибсга олинди", - дейилади Россия ФСБ хабарида.

Баёнотда, шунингдек, ҳибсга олинган шахснинг фаолияти Россияга душманоналиги ва дипломатик ходим мақомига мос келмаслиги айтилган.

"Чет эллик дипломатга нисбатан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ чоралар кўрилади", деб қўшимча қилинган ФСБ баёнотида.

Украина ўз дипломатининг ҳибсга олинишини қоралади.

"Санкт-Петербургдаги консулининг ҳибсга олинишини Киев Россия томонининг душманлик ҳаракати деб билади ва Россия дипломатларига қарши жавоб чораларини тайёрламоқда", деди Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Eвгений Eнин.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко украин дипломатининг ҳибсга олинишини "провокация" деб атади.

"Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракатлари фонида навбатдаги провокация бу. " - деди вазирлик матбуот котиби Олег Николенко.

Халқаро меъёрларга кўра, дипломатлар ўзлари ишлайдиган мамлакатда дахлсизлик ҳуқуқига эга, аммо қонун бузилган ёки душманона ҳаракатлар содир бўлган тақдирда улар мамлакатдан бадарға этилиши мумкин.

Александр Сосонюк Украинанинг консули ўлароқ Россияда 2012 йилдан буён ишлаб келмоқда.

Эрон ядровий иншоотига қилинган ҳужум Теҳрон ядровий дастури бўйича музокараларни издан чиқариши мумкин

14 апрель куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний уранни бойитиш даражасини кескин ошириш қарори ушбу ҳужумга жавоб эканини айтди.

Эроннинг муҳим ядровий иншоотига қилинган ҳужум 2015 йилда Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган битимни қайта тиклашга қаратилган уринишларни мураккаблаштирди.

Эрон мамлакат марказида жойлашган махфий ерости иншоотига қилинган ҳужумда Исроилни айбламоқда.

Ҳужумдан икки кун ўтиб Теҳрон уранни 60 фоизгача бойитишни бошлашини эълон қилди.

14 апрель куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний уранни бойитиш даражасини кескин ошириш қарори ушбу ҳужумга жавоб эканини айтди.

Президент ҳукумат йиғилишида Исроилни назарда тутган ҳолда:

«Бугун Натанзда IR-6 [центрифугалари] ишга туширилади ёки бойитиш 60 фоизга кўтарилади. Бу сизларнинг ёвузлигингизга жавоб», - деди.

Эрон расмийлари Натанзга қилинган ҳужумни «ядровий терроризм» ҳаракати деб атамоқдалар.

Бу эса Теҳрон ядровий дастури бўйича имзоланган битимга Вашингтонни қайтаришга қаратилган музокараларни издан чиқариши айтилмоқда.

Собиқ АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йилда Вашингтонни келишувдан бир томонлама чиқариб, Эронга қарши санкция жорий қилган эди.

«Музокаралар чоғида қўлимизни бўш қолдирмоқчи эдингиз, аммо қўлимиз тўла», - деди Руҳоний.

Бундан Теҳрон жорий ҳафта охирида Венада бўлиб ўтадиган музокаралар олдидан ўз позициясини мустаҳкамлашга уринаётганини хулоса қилиш мумкин.

14 апрель куни Эроннинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги (IAEA) вакили Казем Ғарибободий уранни 60 фоизга бойитиш келаси ҳафтада бошланишини айтди.

Олти қудратли давлат ва Эрон ўртасида эришилган ядровий келишувга биноан, Теҳронга уранни 3,67 фоизгача бойитишга рухсат берилган эди. Ядро бомбасини ишлаб чиқариш учун уранни 90 фоизгача бойитиш керак.

Теҳрон январь ойида парламент янги қонунни қабул қилганидан кейин, уранни 20 фоизгача бойитишни бошлаган эди. Ушбу қонун лойиҳаси 2020 йил ноябрь ойида Эроннинг юқори даражадаги ядро олими Моҳсен Фахризода ўлдирилиши ортидан ишлаб чиқилди. Қотиллик ортида Исроил тургани тахмин қилинди.

Хабарларга кўра, Натанзга қилинган ҳужумда иншоотдаги электр таъминоти узиб қўйилган. Лекин ер ости ядровий иншоотига етказилган зарар кўлами номаълум бўлиб қолмоқда. The New York Times газетасининг АҚШ разведкасидаги манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, ҳужум туфайли Натанздаги фаолиятни қайта тиклаш учун камида тўққиз ой вақт керак бўлиши мумкин.

Эрон парламентининг тадқиқот маркази раҳбари депутат Алиризо Заканий «бир неча минг центрифуга зарар кўргани ва барбод бўлганини» айтган.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Натанзга қилинган ҳужум ядровий музокараларда Теҳроннинг позициясини кучайтиришини айтди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳужум ортида Исроил турганини аниқласа, қасос олади.

«Сионистлар шафқатсиз санкцияларни бекор қилиш йўлидаги ютуқларимиз учун ўч олмоқчи», - деди Зариф. «Биз уларнинг тузоғига тушмаймиз», дея қўшимча қилди вазир.

Исроил ҳодисага алоқадор эканини рад этганиям, тасдиқлаганиям йўқ. Исми ошкор қилинмаган разведка манбалари Исроил матбуотига ҳужум ортида Исроил разведкаси – «Моссад» турганини айтган.

Макрон, Меркель ва Зеленский Россиядан ўз қўшинларини Украина чегарасидан олишни талаб қилди

Украина ва Франция президентлари Владимир Зеленский ва Эммануэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель Россиядан ўз қўшинини Украина чегарасидан ортга тортишни талаб қилди.

16 апрель куни Владимир Зеленский Парижда франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон билан учрашди.

Ангела Меркель уларга видеоконференция форматида қўшилди.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Украина шарқидаги Донбас минтақасида вазиятнинг кескинлашиши бўлди.

Улар Украина билан чегарада Россия қўшинлари сонининг кўпайиши ҳамда аннексия қилинган Қрим юзасидан хавотир билдиришди.

"Донбассдаги вазиятга келсак, Украина ва Германия билан биз сиёсий ечимга эришиш йўлида доимий сафарбар ва қатъиятли бўлиб қоламиз — бу натижага эришиш мумкин бўлган ягона йўл", — деди Макрон.

Аввалроқ Байден ва Меркель Россияни Украина билан чегарадаги қўшинларини олиб кетишга чақирганди. Бундан олдин Россия Украина чегарасига ва Қримга 40 минг нафардан аскар жўнатгани ҳақида хабар қилинган.

АҚШ элчиси: Байден ва Путин Навальнийнинг заҳарланишини муҳокама қилди

Жо Байден  ва Владимир Путин.

АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путин билан телефон мулоқотида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга қилинган суиқасдни тилга олган. Бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан 16 апрелдаги баёнотида маълум қилди.

Давлат раҳбарларининг суҳбати бир неча кун олдин бўлиб ўтган эди. Оқ уй ва Кремлнинг расмий хабарларида мулоқотда Навальний муҳокама қилингани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Вашингтон мухолифатчини заҳарлашдаги эҳтимолий иштироки учун Россияга қарши санкцияларни кучайтириши кутилмоқда.

Элчи ўз баёнотида Навальний ҳақидаги суҳбат тафсилотларига тўхталмаган. Фақат президент Байден Россиянинг ёмон ният кўзланган хатти-ҳаракатлари, жумладан Навальнийни кимёвий қурол билан заҳарлашидан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Шунингдек, баёнотда Вашингтон томонидан яқинда Россияга қарши янги санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган бошқа муаммоли масалалар ҳам тилга олинган.

Байден Россия президенти Путин билан 13 апрель куни суҳбатлашди. Кремль хабарига кўра, суҳбат Америка тарафи ташаббуси билан бўлган.

Байден эса кейинроқ махсус мурожаатномасида Путин билан “очиқча гаплашгани” ва, Россия Америка демократиясига дахл қилишда давом этса, янада қатъий чоралар кўришга тайёрлиги ҳақида уни огоҳлантирганини айтганди.

АҚШ кеча Россияга қарши жорий қилган санкциялар сирасига Навальнийга суиқасд қилганлик учун жазо чоралари киритилмаган. Аммо жанговар кимёвий моддаларни қўллаганлик учун жазо чоралари аввал эълон қилинган санкциялар тўпламида қайд этилган.

Америка қонунчилигига кўра, президент ёз фасли бошларида Москвага қарши санкцияларни кенгайтиришга мажбур. Агарда Москва мухолифатчига нисбатан кимёвий қурол қўлланилгани фактини тан олмаса ва вазиятни назорат қилиш учун халқаро инспекторларнинг келишига изн бермаса, чекловлар муқаррар кучайтирилади.

Аммо Россия ҳукумати “Новичок” моддаси қўлланилгани тугул, ушбу заҳарнинг мавжудлигини ҳам инкор этиб келади.

АҚШ: Индианаполисда юз берган отишмада 8 киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Индианаполис шаҳрида содир бўлган отишмада саккиз киши ўлган, камида тўрт киши жароҳатланган. Жароҳат олганлардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилади.

Отишма шаҳарнинг ғарбий қисмида, FedEx курьерлик ширкати омборхонасида юз берган. Полиция маълумотига кўра, ўқ узган одам ўз жонига қасд қилган. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Отишма юз берган FedEx биноси аэропортга яқин жойда жойлашган. Воқеадан сўнг автомагистрал бир оз вақтга ёпиб қўйилган эди. Ҳозирда аэропортга элтувчи барча йўллар очиқ.

Статистикага кўра, жорий йилда АҚШда 12 минг нафардан ортиқ киши ўқотар қуролли ҳужумга йўлиқиб, шулардан қарийб 150 нафари ҳалок бўлган.

Ўтган йили 43 мингдан зиёд киши вафот этган бўлса, шундан 610 нафари қуролли ҳужумлар натижасида оламдан кўз юмган.

Президент Жо Байден ўқотар қуроллар савдосини чеклаш юзасидан чоралар кўрилишини айтган.

Украина Россия тажовузига қарши Ғарбдан қўшимча амалий ёрдам сўради

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15 апрель куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15 апрель куни Ғарб мамлакатларини Киевга дастакни кучайтиришга чақирди. Мулозимга кўра, Украина чегаралари яқинида Россия қўшинлари тўпланаётгани ортидан юзага келган таранглик қабатида Ғарб томонидан “сўз билан қўллов етарли эмас”дир.

Болтиқбўйилик ҳамкасблари билан музокаралардан кейин чиқиш қилган Кулеба Эстония, Латвия ва Литва расмийларини Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган бошқа мамлакатларга ҳам Киевга “амалий ёрдам бериш” таклифи билан мурожаат қилишга чақирди. Кулеба Москвани “Украинага уруш ҳамда давлатчилигини йўқ қилиш билан очиқдан-очиқ таҳдид қилаётганлик”да айблади ҳамда Россияга унинг Украина шарқидаги хатти-ҳаракатлари “жуда оғриқли” оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб қўйиш лозимлигини билдирди.

Болтиқбўйи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украина билан бирдам эканларини билдиришиб, Москвани вазиятни таранглик даражасини пасайтиришга чақиришди.

Украина президенти Владимир Зеленский 16 апрель куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан маслаҳатлашув ўтказиши кутилмоқда. Видеоалоқа орқали ўтказилажак суҳбатда Германия канцлери Ангела Меркель ҳам иштирок этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Интернетда гувоҳлар томонидан яқинда ёйинланган фото ва видеолар Россия аскарларининг Қримга ҳамда Украина чегарасига кетаётганидан далолат беради.

Туркманистон президенти Халқ Маслаҳати жиловини ҳам ўз қўлига олди

Бердимуҳаммедов бунга қадар президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов яқиндагина ташкил этилган парламент юқори палатаси - Халқ Маслаҳати раиси лавозимига бир овоздан сайланди.

Бунга қадар у президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

14 апрель куни Туркманистон матбуоти Бердумуҳаммедов “яширин овоз бериш йўли билан мазкур лавозимга сайлангани” ҳақида ёзди.

Халқ Маслаҳатининг биринчи йиғилишида Бердимуҳаммедов шахсан ўзи яна саккизта сенаторни тайинлади. Бу билан сенаторлар сони 56 кишига етди. Қолган 48 сенатор март ойининг охирларида “сайланган” эди.

28 март куни Туркманистонда янги ташкил этилган сенатга биринчи сайловлар бўлиб ўтди. Сайловчилар мамлакат бўйлаб олтита сайлов участкасида овоз беришлари учун бор-йўғи икки соат вақт берилди.

Туркманистон ҳукумати овоз бериш тугаганидан кейин бир неча соат ўтиб, аҳолиси 5,8 миллион мамлакатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 98,7 фоизи овоз берганини иддао қилди.

Чет эллик кузатувчиларга сайлов участкаларини кузатишга изн берилмаган.

Байден 11 сентябргача АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилишини билдирди

Афғонистондаги НАТО ҳарбийлари.

Президент Жо Байден жорий йилнинг 11 сентябригача АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилишини билдирди. 2021 йилнинг 11 сентябрида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қилинган йирик террор ҳужумига 20 йил бўлади.

“Америка олиб бораётган энг узоқ урушга нуқта қўйиш пайти етиб келди. Америка қўшинлари уйларига қайтиши лозим”,-деди 14 апрель куни Оқ уйда қилган чиқишида Байден.

Унга кўра, Афғонистонда қолган 2500 АҚШ ҳарбийсини олиб чиқиш жараёни 1 майдан бошланади.

“Биз қўшинларимизни олиб чиқиб кетишга шошилмаймиз. Бу ишни масъулият ва хавфсизликни ҳис қилган ҳолда иттифоқчиларимиз билан тўлақонли равишда келишган ва мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширамиз”,-деди Байден.

АҚШ президенти Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Туркияни Афғонистондаги жараёнларда иштирок этишга чақирди.

Байден Афғонистон ҳукуматини ҳарбий соҳадан ташқари барча йўналишларда қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.

Сўнгги бир сутка ичида COVID-19 дан жаҳонда 10 мингдан кўп бемор вафот этди

АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 31 миллионга яқинлашди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, 14 апрель ҳолатига кўра, жаҳонда коронавирус юққанлар сони 136 миллион 996 минг кишидан ошиб кетганини билдирди. Беморлардан 2 миллион 951 мингги вафот этган.

Сўнгги бир сутка ичида дунёдаги 679 003 кишида коронавирус аниқланди, улардан 10 367 нафари ўлди.

Жаҳондаги коронавирус статистикасини олиб бораётга АҚШдаги Жонс Хопкинс университети эса, ўтган йили пандемия бошланганидан то шу йилнинг 15 апрелигача 138 миллион 259 минг киши коронавирусга чалингани, улардан 2 миллион 972 мингдан кўпроғи вафот этгани ҳақида билдирди.

Коронавирус беморлари сони бўйича АҚШ жаҳонда биринчи ўринда турибди. АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 31 миллионга яқинлашди.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон (13,873 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (13,517 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Франция (5,026 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Россия (4,666 миллиондан ортиқ) бормоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, 13 апрель ҳолатига кўра дунё бўйича коронавирусга қарши 733 миллион 287 мингдан ортиқ доза вакцина қўлланилган.

Япония расмийлари 2021 йил ёзида Токиодаги олимпиада бекор қилиниши мумкинлигини истисно қилмаяпти

Япония расмийлари 2021 йил ёзида Токиодаги Олимпия ўйинлари бекор қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас, деган фикрдалар. Бу ҳақда, Reuters хабарига кўра, ҳукмрон Либерал-демократик партия бош котиби Тосихиро Никаи маълум қилган.

Никаи, агар коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашиб, COVID-19 га чалинганлар сони ўсишда давом этса ҳамда Олимпия ўйинларини ўтказиш жуда қийинлашиб кетса, мусобақаларни бекор қилиш мумкин.

Аҳолининг эмланиши учун масъул бўлган вазир Таро Коно “Асахи” телеканали эфири орқали ёзги Олимпия ўйинлари Токиода ҳеч бир томошабинсиз ўтиши мумкинлигини билдирган. Аввалроқ ташкилотчилар мусобақаларни хорижлик ишқибозларсиз ўтказишга оид қарор қабул қилгандилар.

Токиодаги ёзги Олимпиада ўтган йили бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли ўйинлар 2021 йил июлига кўчирилган.

Апрель ойида Kyodo агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижалари сўралган японияликларнинг 72 фоизи Токиодаги Олимпия ўйинлари пандемия туфайли бекор қилиниши ёки бошқа вақтга қолдирилишини истаётганини кўрсатган.

АҚШ нашрлари Байден Россияга қарши санкция киритишга оид фармон ҳозирлаганини ёзмоқда

АҚШ президент Жо Байден

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден маъмурияти 15 апрель куни Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этиш ниятида. Бу ҳақда АҚШ нашрлари Оқ уйдаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатишди.

Президент Жо Байден ҳозирлаган фармонга мувофиқ, АҚШ банкларига Россия банки, Молия вазирлиги ҳамда Миллий фаровонлик жамғармасидан давлат облигацияларини сотиб олиш тақиқлаб қўйилади. Бундан ташқари, АҚШдан 10 нафар россиялик дипломат бадарға қилиниши кутиляпти, улардан айримлари Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг ўлдирилиши учун мукофот пули тўлашга алоқадорлиги айтилмоқда.

Санкциялар Россиянинг АҚШ сайловларига аралашгани, киберҳужумлар уюштиргани ва Қримни аннексия қилиб олганига жавобан жорий этилади.

Россия Ташқи разведка хизмати АҚШ давлат муассасалари ва мудофаа корпорациялари компьютер тизимларига ноқонуний кирилган ҳамда Solar Winds деб номланган амалиёт учун айбдор экани қайд этилган.

Март ойи ўртасида АҚШ махсус хизматлари Россиянинг АҚШда 2020 йили бўлиб ўтган президент сайловига аралашганига оид ҳисобот ёйинлаганлар. Ўша пайтда ABC News’га берган Байден президент сайловига аралашгани учун Путин “бадал тўлаши”ни билдирганди.

Россия расмийлари бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашувга алоқадорликларини доим инкор қилиб келганлар.

Қозоғистонда бир суткада коронавирусдан 26 киши ўлди

Қозоғистондаги коронавирус марказларидан бири.

Қозоғистонда 13 апрель куни 2 229 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Бир кун олди бутун мамлакат бўйлаб 2 016 та вирус юқтириш ҳолати қайд этилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ўтган йилнинг март ойида эпидемия бошланганидан бери жами 276 054 та коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати қайд этилган.

1 августдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб 51 539 та номаълум вирусни юқтириш ҳолати қайд этилган.

Душанба куни 26 та ўлим қайд этилган. Вафот этганларнинг бештаси топширган COVID-19 тести салбий натижа берган.

Аммо салбий тест натижаларига қарамай, уларда касалликнинг клиник кўринишлари мавжуд бўлган. 12 апрель куни тести салбий чиққан 130 беморга «ковидсимон пневмонияси» ташхиси қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2020 йил мартидан бери коронавирусдан 3 286 киши, «ковидсимон пневмониядан» 736 киши нобуд бўлган.

Қозоғистон бўйлаб COVID-19 ва «пневмониядан» ўлганларнинг умумий сони, расмий маълумотларга кўра, 4022 га етган.

CPJ Қирғизистон референдумини ёритган журналистларга таъқибларни тергов қилишга чақирди

Қирғизистонда 11 апрель куни Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Қирғизистон ҳукуматини 11 апрель куни мамлакат бўйлаб ўтказилган умуммиллий референдумни ёритган мустақил нашрлар журналистлари таъқиб қилинганини тергов қилишга чорлади.

Оммавий ахборот воситалари эркинлигини кузатиб борувчи ташкилоти 13 апрель куни эълон қилган баёнотда полиция Ўш шаҳрида ва пойтахт Бишкекда овоз бериш жараёнини ёритаётган камида тўрт журналистни ҳибсга олгани эътироф этилди. Шунингдек, Ўшда камида бир журналистга сайловни кузатаётганлар ҳужум қилган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид Қирғизистон ҳукумати полиция журналистларни ҳибсга олганини тергов қилиши ва «барча матбуот аъзолари давлат аҳамиятига эга воқеаларни эркин ва хавфсиз тарзда ёритиб боришини» таъминлаши кераклигини айтди.

«Агар Қирғизистондаги сайловлар эркин, адолатли ва қонуний деб топилиши учун журналистлар уларни эркин ва қамоқ ва таъқиблардан қўрқмаган ҳолда ёрита олиши керак», - деди у.

ХВЖ Туркманистон ҳукумати маълумотларидан фойдаланишдан бош тортди

Ашхабод дўконлари бир ҳил турдаги озиқ-овқат билан тўла.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўзининг 2020 йилги Жаҳон иқтисодий ўсиш истиқболлари бўйича расмий ҳисоботида Туркманистон ҳукумати берган расмий маълумотлардан фойдаланишдан бош тортди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг туркман хизмати хабар қилди.

Ташкилот ҳисоботида Туркманистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 0,8 фоизни ташкил этгани кўрсатилган. Туркманистон ҳукумати маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил этади.

Глазго университети профессори, Марказий Осиё бўйича мутахассис Лука Анчески ХВЖ Туркманистон иқтисодиёти бўйича ўз рақамларини эълон қилганини «бурилиш нуқтаси» деб баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, бугунга қадар Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки каби ташкилотлар ўз ҳисоботларида Туркманистон ҳукумати маълумотларига таяниб, мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатини акс этмайдиган рақамларни эълон қилиб келади.

Сўнгги бир неча йил давомида Озодлик ва бошқа мустақил нашрлар Туркманистон иқтисодий таназзулга юз тутгани ҳақида хабар бериб келади. Хабарларга кўра, мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келган, нархлар мунтазам равишда ошиб бормоқда, банкоматлардан нақд пул олишда қийинчиликлар юзага келган.

11 март куни бўлиб ўтган йиғинда авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов глобал иқтисодиётда беқарорлик юзага келган бўлишига қарамай, Туркманистондаги макроиқтисодий кўрсаткичлар «барқарор» бўлиб қолаётганини таъкидлади.

АҚШда оқ танли полициячи афроамерикаликни ўлдиргани ортидан бошланган норозилик намойишлари тинчимаяпти

АҚШдаги намойишчилардан бири.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида уч кундан бери норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Намойишлар 11 апрелда оқ танли полициячи афроамерикалик 20 ёшли Даунт Райтни отиб қўйгани ортидан бошланиб кетган.

13 апрель куни кеч шаҳар полицияси тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостириш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўлланди.

Полиция маълумотларига кўра, намойишчилар полиция идораси атрофидаги тўсиқни бузмоқчи бўлган. Натижада полиция бир соат ичида намойишчиларни қувиб юборган, матбуот вакилларига ҳам воқеа жойини тарк этишни буюрган.

Бруклин маркази мэри Майк Эллиотт Райтни отиб ўлдирган оқ танли полиция ходими Ким Поттер ҳамда унинг бошлиғи Тим Ганнон истеъфога чиққани, шунинг учун шаҳар тинчланишига умид қилишини айтди.

12 апрель куни Ганнон Поттер адашиб тазери, яъни электрошокери ўрнига қуролини ишлатганига ишонганини айтди.

АҚШ разведкаси бошлиқлари миллий хавфсизликка таҳдидлар тўғрисида кўрсатма беради

Вашингтон. Капитолий биноси.

14 апрель куни АҚШ разведкаси бошлиқлари Сенатнинг Разведка қўмитаси олдида мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида кўрсатма беради. Кун тартибида Россия, Эрон, Хитой ва Шимолий Корея туғдираётган хавфлар бўлиши кутилмоқда.

Разведка қўмитасининг глобал таҳдидлар бўйича эшитишларида Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, Миллий разведка идораси, Миллий хавфсизлик агентлиги ва мудофаа разведкаси агентликлари раҳбарлари қатнашади.

15 апрель куни Намоёндалар палатасида ҳам айни мавзуда эшитиш ўтказилади.

Бу каби эшитишлар давомида АҚШ разведкаси миллий хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар ва муаммолар ҳақида сўзлаб беради.

Эшитишлар давомида миллий хавфсизликка турли таҳдидлар, жумладан, ўтган йили АҚШдаги давлат ва хусусий компаниялар тармоқларига қилинган хакерлик ҳужуми ҳамда Байден маъмуриятининг Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга АҚШни қайтариш бўйича олиб бораётган музокаралари кўриб чиқилади.

Германия Украина чегарасида қўшин тўплаётган Россияни провокацияда айблади

Украина ҳарбийлари.

Германия Россияни ишғол қилинган Қрим ярим оролида ва Украина билан чегарадош ҳудудда қўшинларини тўплаш орқали провокация келтириб чиқаришга уринишда айблади.

Ижтимоий тармоқларда улашилган бир неча видеода Россиянинг оғир ҳарбий техника ортилган колонналари Украина билан чегарадош ҳудудларга кетаётгани акс этгани айтилмоқда.

14 апрель куни Германия Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ARD телеканалига берган интервьюсида:

«Мен олган таассурот шуки, Россия томони реакция қўзғатиш учун барча чораларни синаб кўрмоқда.Украина билан бир қаторда биз бу ўйинга кирмаймиз. Россия ўз ҳаракатларини давом эттириш учун баҳона топиш мақсадида НАТО реакциясини кутмоқда», - деди у.

Шунингдек, Крамп-Карренбауэр Москванинг ушбу ҳарбий ҳаракатлар НАТО солаётган «таҳдидларга» жавоб экани ҳақидаги даъволарига шубҳа билдирди.

«Агар бу Россия томони айтаётган манёвр бўлса, [улар ҳақида] шаффофлик ва ишонч яратиш мумкин бўлган халқаро тартиблар мавжуд», - деди у.

Байден билан Путин ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди

АҚШ президенти Жо Байден (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати ўтказган. Унда АҚШ ва Россиянинг қуролланиш устидан назорат ва хавфсизлик масалалари соҳасида стратегик барқарорликка оид мулоқотни давом эттириш дохил минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинган. Суҳбат чоғида стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддатини узайтириш масалалари ҳам сўзлашилган. Бу ҳақда Оқ уй сайти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, президент Байден Россиянинг киберҳужумлар ва сайловларга аралашиш каби хатти-ҳаракатларига жавобан АҚШ ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъийлик билан ҳаракат қилишига очиқ ишора қилган.

Президент Байден АҚШ Украина суверенитети ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ғоясига ҳеч оғишмай содиқ қолишини таъкидлаган. У оккупация қилинган Қрим ва Украина чегараси яқинида россиялик ҳарбийлар тўплана бошлаганидан ташвиш изҳор қилиб, Россияни таранглик даражасини пасайтиришга чақирган.

Байден Қўшма Штатларнинг Россия билан АҚШ манфаатларига мос равишда барқарор муносабатлар қуриш истагини тасдиқлаб, яқин ойлар ичида АҚШ ва Россия олдида турган барча масалаларни муҳокама қилиш учун учинчи мамлакат ҳудудида икки мамлакат лидерларининг учрашувини ўтказишни таклиф қилган.

Владимир Путиннинг Жозеф Байден билан телефон орқали сўзлашганига оид маълумот Кремль сайтида ҳам ёйинланган. Унда суҳбат АҚШ томони ташаббусига кўра ўтказилгани қайд этилган. Айни пайтда хабарномада “ суҳбат чоғида Россия-АҚШ муносабатларининг амалдаги ҳолати ҳамда халқаро кун тартибининг айрим долзарб жиҳатлари атрофлича муҳокама қилингани” айтилган.

Хабарномада глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга ҳар икки тараф тайёр эканини билдирганига эътибор қаратилган. Москва қайдича, бу фақат Россия ва АҚШ манфаатларигагина эмас, бутун дунё ҳамжамияти манфаатларига ҳам мос бўлиши лозим.

АҚШ қўшинлари Афғонистондан шу йил 11 сентябригача олиб чиқиб кетилади

Кобулдаги савдо расталари жойлашган кўча, 2021 йил 12 апрели

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг барчасини 2021 йил 11 сентябрига олиб чиқиб кетилишини эълон қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда АҚШ матбуотига расмий манбалар маълум қилган. Шу тариқа, Вашингтон май ойигача АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича ўтган йили зиммасига олган мажбуриятни бажаролмай қолади. Ҳарбийларни 2021 йил май ойигача олиб чиқиб кетишга оид келишувга ўтган йили Дональд Трамп ҳокимият тепасида бўлган пайтда толиблар билан музокаралар натижасида эришилганди.

Аввалроқ Байден 1 майгача ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш қийин бўлишини эътироф этган. АҚШ ва НАТО вакиллари илгари бир неча бор толиблар Афғонистонда зўравонлик даражасини пасайтириш бўйича ўз ваъдаларини бажармаганини билдирган. Толиблар, агар улар Афғонистондан олиб чиқишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда АҚШ қўшинларига ҳужум қилишда давом этсалар, муносиб жавоб зарбаси олишларидан огоҳлантирилганлар.

АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган янги муддат 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ҳамда Вашингтондаги Пентагон биносига қилинган террор ҳужумининг 20 йиллигига тўғри келмоқда.

Жо Байден АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишнинг янги муддатига оид расмий баёнот билан 14 апрель куни чиқиш қилиши кутиляпти.

Қирғизистон: Сайлов натижаларидан норози коммунистлар очлик акцияси ўтказмоқчи

Бишкекдаги МСК биноси олдида ўтказилган митингдан лавҳа, 2021 йил 12 апрели

Маҳаллий кенгашларга сайлов натижаларидан норози бўлган партиялари вакилларининг очлик акцияси 14 апрель куни бошланади. Бу ҳақда 13 апрель куни Бишкекдаги Марказий сайлов комиссияси биноси олдида ўтказилган митинг чоғида Қирғизистон Коммунистлар партияси раисининг ўринбосари Рисбек Тўйбеков маълум қилди.

“14 апрель куни партиямиз вакиллари бу ерда чодир ўрнатишади, биз очлик эълон қиламиз. Акция 3 кун давом этади. Қулоқ солмаётганларидан кейин биз бундай қадамга боришга мажбурмиз”, дея иқтибос келтирган Тўйбеков сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қирғизистон Коммунистлар партияси масъули бошқа партиялар вакилларига ҳам ўз акциясига қўшилишни таклиф қилган.

Ўтган якшанба Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига бўлиб ўтган сайловда 45 та мандат учун 25 партия кураш олиб борган. Дастлабки маълумотларга кўра, қонунду белгиланган 7 фоизлик тўсиқдан бу партияларнинг 6 тасигина ўта олган, холос.

12 апрель куни маҳаллий сайловлар натижасидан норози бўлган партиялар вакиллари МСК биноси олдига келиб, митинг уюштирганлар.

Қирғизистонда 11 апрель куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда сайловчилар 448 кенгашга (420 таси қишлоқ кенгаши, 28 таси эса шаҳар кенгаши) депутат сайлаганлар.

Канада Туркияга ҳарбий техника экспорт қилишни тақиқлади

Президент Илҳом Алиев "Қорабоғ Озарбайжондир" деган тарғибот панноси олдида.

Туркиянинг НАТО доирасидаги иттифоқчиси бўлган Канада Тоғли-Қорабоғ урушида Озарбайжон Канадада ишлаб чиқарилган учувчисиз бошқариладиган самолётлардан фойдалангани тергов томонидан тасдиқлангани ортидан Туркияга ҳарбий техника сотишни тақиқлади.

Канада ўтган йилнинг октябрида Туркияга ҳарбий техника сотишни вақтинча тўхтатган эди. Бунга Туркия Канада ҳарбий техникасини Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этгани юзасидан тергов бошлангани сабаб бўлганди.

Канада ташқи ишлар вазири Марк Гарно: “Ҳарбий техниканинг бу тарзда қўлланилиши Канаданинг ташқи сиёсатига ва Туркиянинг ҳарбий техникадан фақат ўзи фойдаланиши юзасидан олган мажбуриятларга зид келади”,-деб айтди.

Қарорга асосан Туркияга 29 турдаги ҳарбий техник воситаларни, жумладан, учувчисиз бошқариладиган самолётлар учун керакли жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларни сотиш тақиқланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG