Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:20

Ёймачиларга кун йўқ


Турғунбек 18 январь куни эрталабдан Андижоннинг эски шаҳар ҳудудидаги жомеъ масжид-мадраса олдидаги майдонда ёймачи савдогарлар фаолиятига тўсқинлик қилинаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

Солиқчилар ва ҳуқуқ-тарибот органлари ходимлари ёймачи савдогарларнинг молларини олиб қўйишга уринаётгани, улар билан жанжаллашаётгани бу ерда одатий ҳолга айланди.

Савдогарларнинг сўзларига қараганда, улар ерга плёнка тўшаб, молларини унинг устига қўйиб савдо қилади. Ёзнинг жазирамасига ҳам, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам улар шу аҳволда фаолият кўрсатади.

“Солиқчилар ва милиционерлар бу ерда савдо қилиш ноқонуний экани айтиб, бизни ҳайдамоқда. Қонуний жой олишга эса бизнинг кучимиз етмайди. “Узум” бозордан 3-4 миллион сўмга қандай қилиб жой олиш мумкин? Бизга ойига 100 минг ижара пули тўлаб, ўша бозорда ишлашни таклиф қилишяпти. Сотаётган молларимизнинг қиймати юз минг турмайди, ахир. Биз иложи йўқлигидан шу ерда савдо қиляпмиз”, - деди савдогарлар.

Ўтган йилнинг 22 май куни Андижондаги “Узум” буюм бозори мажбуран бузиб ташланиб, бу ерда фаолият кўрсатадиган мингдан ортиқ тадбиркор турли жойларга, жомеъ масжиди олдига кўчирилганди. Савдогарларнинг бунга нисбатан норозилиги кучайган бир вақтда вилоятга яқинда ҳоким этиб тайинланган Сайдулло Бегалиев янги бозор қуриб беришга ваъда қилганди.

Янги “Узум” бозори 2004 йил сентябрь ойида қуриб битказилди. Бу ердаги битта савдо ўрни биржа орқали 2,8-4 миллион сўмдан кимошдига қўйиб сотила бошлангандан сўнг тадбиркорлар яна норозилик қила бошлади. Чунки уларнинг кўпчилиги бу нархда жой сотиб олиш имкониятига эга эмас.

Бу орада ҳукуматнинг якка тартибдаги тадбиркорларнинг савдо фаолиятига қаратилган 387 ва 413-қарорлари қабул қилиниб, ижросини таъминлашга киришилди. Бу қарорларни дастурамал қилиб олган маҳаллий ҳокимият савдогарларни “Узум” бозорига мажбурлаб кирита бошлади. Савдогарлар бунга кўчаларда қатновни тўхтатиб қўйиш ва бошқа кўринишдаги норозиликлар билан жавоб қайтарди. Бироқ ҳукумат қарорларига суянган маҳаллий ҳокимият бу чиқишларга эътибор қаратмаётир.

Жомеъ масжиди олдида савдони давом эттиришга уринаётган юзга яқин тадбиркор баҳорда “Узум” бозоридан қувилганлар бўлиб, улар бозорга қайтиб бориб, ижара пулини тўлаб ишлашга қурби етмаётганини айтмоқда.

“Бизнинг ҳар биримиз 50-60 минг сўмлик маҳсулот билан савдо қиламиз. Кечадан буён савдо қилишга қўйишмаяпти. Бу ердан топган пулимизга уйга фарзандларимизга нон олиб борардик. Энди шу ҳам йўқ”, - деди савдогарлар.
XS
SM
MD
LG