Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

Малайзия Бош вазири мусулмон мамлакатларни экстремизмга қарши курашишга чақирди


Пайшанба куни Малайзиянинг Путражая шаҳрида Ислом Конференцияси Ташкилотига аъзо мамлакат вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда сўзга чиққан Малайзия Бош вазири Абдуллоҳ Аҳмад Бадавий мусулмон мамлакатларни экстремизмга қарши курашишга чақирди. Бош вазир учрашув қатнашчиларига мурожаат қиларкан, жаҳон давлатлари ўртасида мусулмон мамлакатлар терроризм ва исломий жанггариликни қўллаб-қувватлаши ҳақида нотўғри фикр шаклланганини айтди. Шунинг учун, деди Бадавий, мусулмон мамлакатлар Исломнинг замонавий, демократик ва толерант бўла олишини сўз ва ҳаракат билан исботлаши лозим. Озодлик радиосининг мухбири Гулноз Исфандиёрийнинг бу мавзудаги лавҳаси билан Фарруҳ Юсуфий таништиради.

Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавий 57 мамлакат аъзолигидаги Ислом Конференцияси Ташкилотига раислик қилади.

Ташкилотнинг пайшанба куни ўтказилган мажлисида сўзга чиққан Бадавий 11 сентябр воқеаларидан бери жанггарилар ҳаракатлари туфайли Ислом ва мусулмон дунёси ҳақида дунёнинг бошқа давлатлари орасида нотўғри фикр шакллантириб улгурганини айтди.

“Улар Ислом ва мусулмонларни зўравон ва мутаасиб қилиб кўрсатди. Энг ачинарлиси ҳам ана шунда. Бу фикрни ўзгартириш учун ҳаракат қилаётганимизга қарамасдан, биз – мусулмонлар ундан ҳали ҳам қутила олганимиз йўқ”.

Бадавий шунингдек, мусулмонлар жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилишларини қайд этди.

“Афсуски, баъзилар жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилади ва унининг моҳиятини жисмоний курашга тушириб қўйди. Ундан ҳам ачнарлиси шундаки, оддий одамлар ҳам жиҳодни айнан шундай тушунади. Агар мусулмонларнинг ўзи шундай ҳатога йўл қўйса, бошқалардан нима кутишимиз мумкин? Шунинг учун жиҳоднинг нотўғри талқин қилинишида асосан мусулмонларнинг ўзи айбдор”, - деди Бадавий.

Малайзия бош вазири бу сўзларни Ироқдаги парламент сайловларига уч кун қолганида айтди. Маълумки, Ироқда исломчи жанггарилар АҚШ етакчилигидаги халқаро ҳарбий кучлар ва сайловларга қарши жиҳод эълон қилганини билдиришди.

Мисрлик сиёсатчи олим Усама Ал-Ғазулий Абдулла Бадавийнинг сўзлари мусулмон дунёсида ижобий қабул қилинишини айтади.

“Малайзия муваффқақиятга эришган мамлакат. Араб ва мусулмон дунёсида бу мамлакатни эъзозлашади ва ундан ўрнак олишади. Шунинг учун бош вазирнинг бу сўзларига қулоқ тутишади ва унга эргашишади, деб ўйлайман”.

Сингапурдаги “Хилл энд ассошиэйтс” тадқиқот маркази таҳлилчиси Брюс Гэйл Абулла Бадавий мўътадил бўлган мусулмон давлати етакчиси сифатида эъзозланса ҳам, унинг бу сўзлари мусулмон мамлакатларнинг сиёсатига бевосита таъсир қилмаслигини айтади.

“Менимча, унинг сўзларига Малайзия ва Яқин Шарқ каби жойларда қулоқ тутишади, албатта. Бироқ бу бирор нарсани ўзгартирадими, йўқми, бошқа масала. Чунки бу турли давлаталардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга боғлиқ, Малайзияда ўтирган бош вазир эса буни назорат қила олмайди. Менимча, бу ерда муҳими шуки, мўътадил қарашдаги мусулмон давлати раҳбари Абдулла Бадавий ўз қарашларини очиқ-ойдин билдирмоқчи бўлган”, - дейди таҳлилчи.

Ислом Конференцияси Ташкилоти қатнашчиларига мурожаатида Малайзия Бош вазири Абдулла Бадавий мусулмон давлатлари ўз обрўсини яхшилаш учун жаҳон ва ғарб матбуоти билан мулоқотда бўлиши лозимлигини ҳам урғулади.

Мисрлик сиёсатшунос Ал-Ғозулий ҳам муслумон давлатлар зўравонлик ва фундаменталистик фикрлашни инкор этмоғи лозимлигини айтади.

“Мусулмонлар биринчи навбатда, бутун жаҳонга жиноий ҳаракатларни инкор этишини кўрсатмоғи лозим. Қуръонда айтилган: бир кишини ўлдирмоқ, бутун исониятни ўлдирмоқ билан тенг. Унда қотиллик ҳам, ўз жонига қасд қилиш ҳам номақбул иш ҳисобланади”.

Сиёсатшуноснинг назарида, бу фикрни жамоатчиликка етказишда араб матбуоти катта рол ўйнаши мумкин.
XS
SM
MD
LG