Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:06

Чечен партизанлари раҳбари ўт очишни тўхтатишга буйруқ берди


Чечен жангчилари раҳбари Аслан Масхадов республикадаги барча ҳужум операцияларини вақтинчалик тўхтатиш ҳақида бўйруқ берди. Интернет саҳифасида эълон қилинган Масхадовнинг баёнотида бу қарор яхши ният сифатида қабул қилингани билдирилган. Чеченистондаги Россия расмийлари баёнотга ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Чечен жангчилари раҳбари Аслан Масхадов ва радикал дала қўмондони Шамил Басаевнинг баёноти чечен партизанлари тарафдори бўлган Интернетдаги “Kavkaz Center” сайтида эълон қилинди.

Интернет Сайти хабарига кўра, Масхадов радикал қўмондон Шамил Басаевга ўт очишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берган.

“Мен Чеченистон Ичкерия Республикаси ва Россия ҳудудларидаги ҳамма мужохидларга феврал ойи давомида барча ҳужум операцияларини тўхтатишга буйруқ бераман”, – дейилади баёнотда жумладан.

Москвадаги Халқаро алоқалар институти таҳлилчиси Кирил Коктишга кўра, Кремл расмийлари Масхадовнинг баёнотига жавоб бермаслиги мумкин. Чунки чечен жангчилари раҳбари билан музокара олиб бориш Кремл расмийлари учун ўз қиёфасини йўқотиш билан тенг.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг Ингушетиядаги вакили Саҳмон Акбулатовнинг Озодлик радиосига айтишича, уруш ҳаракатларидан чарчаган чеченистонликлар Масхадовнинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги қарорини ижобий қабул қилади:

”Бу урушдан ҳам Масхадов, ҳам унинг одамлари, умуман Чеченистон халқи чарчаганини айтиш лозим. Бу уруш Россияга ҳам айниқса, оддий россияликларга керак эмас”, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Акбулатовга кўра, Масхадов ўт очишни тўхтатиш ҳақида буйруқ беришига унинг қариндошлари ўғирлаб кетилгани туртки бўлган бўлиши мумкин:

”Билмадим, балки бу Масхадовнинг қариндонлари ўғирлангани билан боғлиқдир. Хабарингиз борми-йўқми, декабр ойида Масхадовнинг саккиз нафар қариндоши ўғирлаб кетилган. Бу Масхадовга озми-кўпми таъсир қилган бўлиши ва ўт очишни тўхтатиш ҳақида баёнот эълон қилган бўлиши мумкин. Биз буни билмаймиз. Бу фақат тахмин холос”, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Шу ҳафтада Чеченистон Бош Прокурори Владимир Кравченко милиция ходимлари Масхадовнинг қариндошлари ўғирлангани юзасидан текширув олиб бораётганини маълум қилди. Воқеа декабр ойида содир бўлганига қарамай, у яқиндагина оммага ошкор бўлди.

Масхадовларни кимлар ўғирлагани номаълум. Бироқ кўпчилик жумладан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам бу ишга милиция ходимлари ва айрим юқори лавозимли расмийлар алоқадор, деган фикрда.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази ходими Дмитрий Грушкин ўз ташкилоти Масхадовнинг яқинларини ким ўғирлагани тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлмаса-да, аммо бу ишни Рамазон Қодиров ва бошқалар амалга оширганига ишонишини айтади:

”Биздаги маълумотларга кўра, аксарият одамлар ўғирланиши ортида Рамазон Қодиров назоратида бўлган маҳаллий куч структуралари аъзолари турибди”, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Рамазон Қодиров ўтган йил май ойида суиқасд қурбони бўлган Чеченистон собиқ Президенти Аҳамад Қодировнинг ўғли. Кузатувчиларга кўра, Рамазон тўрт минг нафар аскардан иборат қуролли гуруҳни назорат қилади. Аммо бу гуруҳ қандай мақомга эгалиги номаълум.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг Ингушетиядаги вакили Усам Байсаевнинг Озодлик радиосига айтишича, Масхадов қариндошларининг ўғир-ланиши А. Масхадовни таслим қилиш учун амалга оширилган сиёсий актдир.

Байсаев расмий идоралар олиб бораётган текширув муайян бир натижа келтиришига умид қилмаслигини айтади:

”Бошланган текширувдан умид йўқ. Бу шунчаки омма кўзига расмиятчилик учун қилинаётган иш холос”, - дейди Усам Байсаев.

Инсон ҳуқуқлари фаоли фикрича, Чеченистонда одамлар ўғирланишига чек қўйишнинг бир йўли бор:

”Мен халқаро ҳамжамият қандай йўл тутиши кераклигини биламан. Халқаро жамоатчилик Чеченистонда одам ўғирлашини билан боғлиқ ҳар бир воқеа юзасидан Россия ҳукуматига босим ўтказиши керак”, - дейди “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази вакили.

Усам Байсаевга кўра, агар Ғарб давлатлари Чеченистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини кўра-била туриб сукут сақлайверса, қонунни бузиш ҳолатлари янада кўпаяверади. Бундай шароитда оддий чеченлар ўзларини кучсиз, унутилган ва хақоратлангандек ҳис қиладилар.
XS
SM
MD
LG