Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:36

“Қуёнлар”га тўлган матбуот


Феруза Мустақил кузатувчилар бугунги ўзбек матбуоти мамлакат сиёсий ҳаётига таъсир этиш қудратига эга эмаслиги, аксинча сиёсат юргизаётганларнинг қуролига айланиб қолганини таъкидламоқда.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг сўзларига қараганда, бугунги ўзбек матбуоти бутунлай инқирозга учраган.

“Матбуот ҳеч қандай алоҳида ҳокимият эмас. У ўз йўлида, фикрида халқнинг қудратини мужассам этган ҳолдагина ҳокимият бўла олади. Қайси жамиятда халқ мамлакатнинг сиёсий ҳаётидан четлатилган бўлса, у ерда матбуот, албатта, кучсиз ва ожиз бўлади, оддий қоғозга айланиб қолади”, - деди журналист.

Ш.Убайдуллаевнинг таъкидлашича, бугун тинимсиз қораланаётган шўро даврида ҳам матбуот ўз мавқеига эга бўлган. Бу пайтда ўзбек журналистикаси ғариб бўлмаган. Комил Алиев, Ориф Юнус каби журналистларни ҳали ҳам кўпчилик яхши ишлайди. Матбуот таъсирида ҳатто ҳукумат ўз қарорларни бекор қилган пайтлар бўлган.

“Мингта шерга битта қуён бош бўлса, шерлар ҳам қуёнга айланади. Бизнинг матбуотимиз қуёнларга тўлиб кетди”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, фуқаролик жамияти қуришдаги энг асосий омил сўз эркинлигидир. Сўз эркинлиги мавжуд давлатлардагина халқ жамиятни ташкил этади ва бу жамият барча жабҳаларни бошқаради. Шунинг учун ҳозирги ўзбек матбуотида сиёсий фаоллик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Журналист Маъмуржон Шариповнинг эътирофича, Ўзбекистонда матбуот ҳукуматнинг маддоҳи, холос. Ўзбек матбуотида сиёсий ҳаётга таъсир этишга уриниш ўлим билан баробар. Аслида эса матбуот маълум маънода ҳукуматга мухолифатда бўлиши лозим.
XS
SM
MD
LG