Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Навбатдаги “портлатувчилар” қамалди


Феруза Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида 2004 йил баҳорда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги, шунингдек, қисман Тошкентдаги икки элчихона ва Бош прокуратура олдидаги портлашларда алоқадорликда айбланган олти фуқаро устидан ҳукм ўқилди.

Суд ҳукми билан Мурод Латипов 16 йилга, Майсарахон Ҳусанова ва Суннат Таласов 10 йилга, Умиджон Остонов 15 йилга, Азамат Тошматов ва Феруза Жўраева 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Маълум бўлишича, суд ёпиқ тарзда ўтказилган бўлиб, унга мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, судланувчиларнинг яқинлари ва журналистлар киритилмаган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, дастлаб судланувчиларга Жиноят кодексининг 20 моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Суд жараёнида бу моддаларнинг 12 таси асоссиз топилган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, судланувчилардан иккитасининг кўзи ожиз бўлиб, уларга қўйилган айблар мантиққа тўғри келмайди. Масалан, уларга машина ўғирлаш, ноқонуний равишда чет элга чиқиб келиш айблари қўйилган. Судланувчиларнинг аксариятига шахсий адвокат ёллашга имкон берилмаган. Уларни давлат ёллаган адвокатлар ҳимоя қилган. Айбланувчиларнинг айбларга қийноқлар остида иқрор бўлгани тўғрисидаги мурожаатлари судда инобатга олинмаган.

Судланувчилардан бири Ф.Жўраеванинг адвокати Татьяна Давидова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда суд жараёни ноқонуний ўтганини билдирди.

“Судда Ф.Жўраеванинг айбини исботловчи бирорта далил йўқ эди. Унга фақат жиноят иши материаллари асосида ҳукм чиқарилди. Мен бу ҳукмдан норозиман ва иш қайта кўриб чиқилишини, албатта, талаб қиламан”, - деди адвокат.

Эслатиб ўтамиз, 25 ёшли Ф.Жўраева 2004 йил 8 октябрь куни ўз уйидан участка милиционерлари томонидан олиб кетилган ва шу бўйи уйига қайтиб келмаган эди. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи вакиллари ва оила аъзоларининг узоқ қидирувидан кейин Ф.Жўраеванинг ИИВ тергов органлари ҳибсхонасида сақланаётгани аниқланганди.
XS
SM
MD
LG