Линклар

Шошилинч хабар
31 май 2020, Тошкент вақти: 02:51

Халқаро хабарлар

Айни пайтда, Россия расмийлари пайшанба куни Братиславада Россия ва Америка президентлари икки мамлакат учун умумий таҳдидларни муҳокама қилишларини маълум қилди.

Кремлнинг Ташқи алоқалар бўйича маслаҳатчиси Сергей Приходконинг айтишича, икки президент саммити давомида Россия АҚШ билан яқин алоқалар ўрнатиш ғояларини илгари суради.
Шунингдек Приходко, учрашув давомида Россия ва АҚШ ўртасида қуруқликдан ҳавога отиладиган ракеталарни назорат қилиш битими имзоланишини баён қилди.
Шу ҳафта бошида АҚШ Президенти Жорж Буш Россиядаги демократия вазияти борасида хавотир билдирди. У Россия Президентига бу хавотирлари ҳақида айтишини маълум қилди.
Лекин кеча Путин Россия ўзи танлаган демократик йўлдан бориши ҳамда демократия сари олиб борадиган йўл Россия ҳаёти, анъаналари ва тарихига мослаштирилиши лозимлигини баён қилди.

Кун янгиликлари

HRW Туркманистон хукуматини гейликда айбланиб қамалган актёрни озодликка чиқаришга чақирди

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Туркманистонда таниқли актёр ҳамда унинг ҳамкасблари гомосексуализмда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинганини қоралади ва мамлакат расмийларини уларга қўйилган айбловларни зудлик билан бекор қилишга чақирди.

Ташкилотга кўра, шоумен 7 май куни айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Апрель ойида мустақил маҳаллий нашр таниқли актрр ўнга яқин ҳамкасби билан қўлга олинганини хабар қилган эди.

Озодликнинг Ашхободдаги манбаси ўша пайтда актёр қўлга олинганини тасдиқлади, аммо расмийлар бу ҳолатни изоҳлашдан бош тортди.

Туркманистонда гомосексуализм учун 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ўтган йили ашхободлик ёш кардиолог Қасимберди Гараев гейлигини ошкор қилиб, Туркманистонда гомосексуал инсонлар дучор бўладиган муаммолар ҳақида Озодликка сўзлаб бергани учун тазйиққа учраган эди.

2017 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бир жинсли жуфтликларнинг ўз иштиёқи билан алоқа қилишини жазолаш асоссиз эканлигини айтиб, Туркманистон ҳукуматини гомосексуализмни жиноятлар қаторидан чиқаришга чорлаган эди.

Россияда журналист қамалиши ортидан намойишга чиққан ўнлаб одам ҳибсга олинди

Москва полицияси таниқли журналист Илья Азар ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишига чиққан 32 нафар намойишчи, жумладан, давлат думаси аъзоси, мэрия ишчилари ҳамда журналистларни қўлга олди.

«ОВД-Инфо» нашрининг маълум қилишича, Санкт-Петербургда ҳам фаоллар қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг аксари тез орада қўйиб юборилган.

26 май куни 35 ёшдаги Азар Россиянинг намойишга чиқиш бўйича қонунларини бузишда айбланиб, 15 кунга қамалди. У Россия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги қонунбузарликларни фош қилган фаол қўлга олинганини қоралаб норозилик намойишига чиққан бўлган.

Азар ва унинг тарафдорлари коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловларга биноан бир кишилик намойишга чиққан бўлган.

Фаоллар биргина одам чиққан намойишларни оммавий намойиш ўлароқ талқин қилиб бўлмаслигини айтишмоқда. Шу сабабдан улар Азар озодликка чиқишини талаб қилиб намойишга чиқишда давом этмоқчилар.

Бу орада Москва шаҳри полицияси карантин чекловлари боис Москвада «ҳар қандай оммавий тадбир” бекор қилинганини билдирди.

АҚШ генерали: Россия Ливияга ҳарбий учоқ юборгани шубҳасиз

АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги (AFRICOM) Россиянинг Ливияга ҳарбий учоқ юбормагани ҳақидаги иддаосини рад этди.

29 май куни қўмондонлик директори ўринбосари генерал Грегори Хедфилд 14 та МиГ-29 қирувчиси ва Су-24 ҳужум учоғи Россиядан учиб кетиб, Ливиянинг Жуфра ҳаво базасига етиб борганини, АҚШ бу жараённи яқиндан кузатганини таъкидлади.

АҚШ Москвани генерал Халифа Ҳафтар қуролли гуруҳи томонида жанг қилаётган ёлланма аскарларни дастаклаш учун мамлакатга ҳарбий учоқ юборишда айбламоқда.

Россия хатти-ҳаракатлари Ливияда Ҳафтарнинг тан олинмаган Ливия миллий армияси ҳамда БМТ тан олган Миллий муроса ҳукумати ўртасидаги зиддиятни кучайтириб, қурбонлар сони кўпайишига олиб келиши мумкин.

Ливияда айни пайтда давом этаётган фуқаролар урушида Ҳафтар қўшинларини бир неча давлат, жумладан, Россия, Франция, Миср, Иордания ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари қўллаб келади. Триполидаги Миллий муроса ҳукуматини эса Туркия, Сурия, Қатар ва Италия қўлламоқда. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати назорат қилиб турибди.

Хедфилд Россия ўз ҳаракатлари ортидан нефтга бой Ливияда муҳим ҳаво базасига ҳарбий учоқларини етказиб олганини таъкидлади. Генерал Россия Европага жуда яқин жойлашган ҳаво базасидан фойдаланаётгани АҚШни ташвишлантиришини қўшимча қилди.

Россия АҚШ иддаоларини рад этиб келади. Федерация Кенгаши қўмитаси раиси Виктор Бондарев АҚШ иддаоларини «аҳмоқлик» дея таърифлади.

- Ливияда ҳарбий учоқлар бўлса, улар совет учоқлари, Россия учоқлари эмас, - деди Бондарев.

Майкл Флиннниг рус дипломати билан суҳбати транскрипти очиқланди

Флинн Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан ўз музокаралари мазмуни ҳақида АҚШ вице-президенти Майк Пенсга нотўғри маълумот берганидан кейин 2017 йил бошида ишдан бўшатилганди.

АҚШда республикачи сенаторлар Россиянинг 2016 йилги Америка сайловларига аралашуви бўйича тергов давомида тўпланган телефон суҳбатлари транскриптларини эълон қилди.

Уларнинг бирига кўра, президент Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн Россия элчисини собиқ президент Барак Обама Москвага қарши жорий қилган жазо чораларига «сипо ва сокин» жавоб қайтаришга чорлаган.

Транскриптдаги суҳбат 2016 йилнинг 29 декабрида – Обама 35 нафар Россия разведкаси жосусини бадарға қилиш қарорини қабул қилган кун содир бўлган.

Демократлар Флинн суҳбати тафсилотлари у Федерал разведка бюросига (ФРБ) берган интервьюси давомида ёлғон сўзлаганини таcдиқлашини айтиб, уни амалдаги президентга қарши иш юритишда айблашмоқда.

Аммо президент Трампнинг тарафдорлари ФРБда Флинни тергов қилишга сабаб бўлмаганини, транскриптда ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтишмоқда.

Флинн Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан ўз музокаралари мазмуни ҳақида АҚШ вице-президенти Майк Пенсга нотўғри маълумот берганидан кейин 2017 йил бошида ишдан бўшатилганди.

Киев яқинида юз чоғли одам иштирокида отишма содир бўлди

Бровари шаҳрида полиция ходимлари томонидан қўлга олинган отишма иштирокчилари, 2020 йил 29 майи.

Киев вилоятининг Бровари шаҳрида 29 май куни юзга яқин одам иштирокида отишма содир бўлди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков маълум қилди. Расмийлар отишмани “йўловчи ташиш билан шуғулланувчи тадбирлар” билан боғламоқдалар.

Аваков буни “йўловчи ташиш юзасидан квоталарни белгилашдаги коррупциянинг акс-садоси, йўловчи ташиш йўналишлари учун курашга тўдаларни жалб қилиш”, деб атади.

Отишма ортидан 10 га яқин киши ушланган, қолган иштирокчилар қидирилмоқда.

“Қуролли одамлардан 10 нафари қўлга олинди”, дея маълум қилди Киев вилояти полицияси матбуот котиби Виталия Грохольская. Унга кўра, улар “Украинанинг бошқа минтақаларидан келган одамлар”дир.

“Факти” нашри маълумотларига кўра, ўнлаб одам эрталабки 7 ларда Олимпийский кўчасида жойлашган йўналишли таксилардан бирининг тураргоҳига ҳужум уюштирган.

Қирғизистон расмийлари ички авиақатновларни 8 июндан тиклашга қарор қилишди

Бишкек яқинидаги "Манас" аэропорти, 2020 йил 3 майи.

Қирғизистонда жорий йил 8 июнидан ички мунтазам авиақатновлар тикланади. Бишкек-Ўш йўналиши бўйлаб қатнов кунига бир марта амалга оширилади. Бу ҳақда 29 май куни бўлиб ўтган брифингда бош вазир ўринбосари Қубатбек Бўрўнов маълум қилди.

У рейслар санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий равишда амал қилган ҳолда ўтказилишидан огоҳлантирди. Айни пайтда эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин.

Қирғизистонда мунтазам авиақатновлар коронавирус тарқалиши қабатида март ойи ўрталаридан тўхтатилган. 22 мартдан мамлакатда фавқулодда вазият тартиби жорий қилинган, 25 мартдан эса йирик шаҳарларда ва айрим туманларда янада қатъийроқ бўлган фавқулодда ҳолат тартиби ўрнатилган.

1 майдан ҳукумат турли соҳада фаолият юритадиган корхоналарга босқичма-босқич равишда иш бошлашга рухсат бермоқда.

Тожикистонлик журналист уч ҳафта ичида иккинчи марта калтаклаб кетилди

Абдуллоҳ Ғурбатий.

“Азия-Плюс” ахборот агентлиги журналисти Абдуллоҳ Ғурбатий 29 май куни яна ҳужумга учради. Уч нафар номаълум шахс журналистни Хатлон вилоятининг Хуросон туманида калтаклашган. Ғурбатий у ерда шиддатли селдан жабрланганлар ҳақида материал ҳозирлаётган эди.

Журналистга кўра, ҳужумчилардан бири ўзини қишлоқ раиси, деб таништирган. “У қўполлик билан мени фитна қўзғаётганликда айблади. Мен ўзимни таништириб, яқинда содир бўлган табиий офатдан жабрланганлар ҳақида материал тайёрлаётганимни айтдим. Туйқусдан улардан бири юзимга мушт туширди. Зарба кутилмаган эди, мен йиқилиб тушдим. Номаълум киши мени калтаклашда давом этди”, деган Абдуллоҳ Ғурбатий Озодликнинг тожик хизматига.

Журналистнинг айтишича, ҳодисадан сўнг учовлон Opel Саravan машинага ўтириб, жўнаб кетишган.

Кўнгилсиз воқеа содир бўлган Айни қишлоғи кенгаши раиси Озодликка берган суҳбатида бу ҳақда эшитиши билан милиция бўлимига чопганини айтган. “У ерда менга воқеа тафсилотлари ҳақида кейинроқ гапириб беришларини айтишди. Ҳозир уларнинг қўнғироғи кутяпман”, деган раис.

Хуросон тумани раҳбари Раҳматулло Сафарзода журналистнинг калтаклашини ҳақида унга маълум эмаслигини билдирди, аммо бу хабар уни қаттиқ ранжитганини эътироф этган.

Абдуллоҳ Ғурбатий милицияга ариза ёзиб, унда маҳаллий аҳоли вакиллари калтакланишининг гувоҳи бўлганларини билдирган.

Хуросон туманида 14 май куни содир бўлган сел тошқини туфайли икки киши нобуд бўлган, уйлар ва йўллар сув остида қолган. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат важидан икки қишлоқдаги 10 дан зиёд уйга шикаст етган, бироқ маҳаллий турғунлар зарар кўлами янада кенгроқ эканини иддао қилмоқдалар. 17 май куни жабрланганлардан ўнлаб одам Бохтар-Душанбе йўлини тўсиб қўйган ҳамда расмийлардан уларнинг муаммоларига эътибор қаратиш ва шикастланган уйларни тиклашда кўмак беришни талаб қилганлар.

Журналист Абдуллоҳ Ғурбатийга Душанбеда 11 май оқшомида ҳам ҳужум қилинганди. Журналистнинг айтишича, икки номаълум шахс ўз уйи йўлагида унга ҳужум қилиб, калтаклай бошлаган. Жабрланувчининг айтишича, улар ниқобда бўлганлар. Ғурбатий ёрдамга чақира бошлаганидан кейин ҳужумчилар кўздан ғойиб бўлганлар. Журналистнинг тиббий кўмак учун касалхонага мурожаат қилишига тўғри келган.

Ғурбатийнинг ҳамкасблари ҳужум унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрдалар.Чунки сўнгги пайтларда Абдуллоҳга номаълум шахслар томонидан тез-тез таҳдидлар бўлиб турган. Журналист коронавирус ёйилиши ортидан Тожикистондаги тиббий муассасаларда юзага келаётган муаммоларни фаол ёритиб келган.

БМТ COVID-19 иқтисодий оқибатлари ва муҳтамал очарчилик ҳақида огоҳлантирди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус пандемияси ривожланаётган мамлакатларда оммавий очарчиликка олиб келиши мумкинлигини билдирди.

28 май куни юқори даражадаги учрашувда сўзлаган БМТ раҳбарига кўра, COVID-19 пандемияси очарчилик ва ишсизлик қабатида “бутун дунё бўйлаб тасаввур қилиб бўлмайдиган тушкунлик ва кулфат”га сабаб бўлиши мумкин.

Гутерриш қарз юкини енгиллатиш дохил глобал миқёсда зудлик билан мувофиқлаштирилган чоралар кўришга чақирди. Бош котиб жаҳондаги ишлаб чиқариш даражасидаги қисқариш 8,5 триллион долларни ташкил қилиши мумкинлигини айтди. Бу таназзул, унга кўра, АҚШдаги “Буюк депрессия” давридан бери энг кескини бўлади.

Коронавирус ёйилиши даставвал ўтган йил охирида Хитойда қайд этилган. АҚШдаги Жонс Хопкинс Университети маълумотига кўра, айни пайтда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 5,9 миллион нафарга етиб қолган, қурбонлар сони эса 350 мингдан ошиб кетган.

Олмаотада 30 майдан масжидлар очилади

Олмаотадаги масжидлардан бири.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 30 майдан ибодатхоналар ўз фаолиятини қайта бошлайди. КТК телеканали хабарига кўра, бунга оид қарор шаҳар бош санитар врачи Жандарбек Бекшин томонидан чиқарилган.

Айни пайтда жамоа бўлиб диний маросимлар ўтказиш учун тақиқ сақланиб қолади. Бу ерда гап жума намозлари, черковлардаги шанба ва якшанба кунги ибодатлар ҳақида бормоқда. Мазкур чеклов коронавирус инфекциясини тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.

Ибодат чоғида руҳонийлар ниқоб ва тиббий қўлқоплар тақиб юришлари ҳамда ижтимоий масофага риоя қилишлари шарт. Ташрифчилар масжид ёки черков ичида 15-20 дақиқадан кўп бўлмасликлари керак, уларнинг ҳам ниқоб тақиши мажбурий экани айтилмоқда. Бу жойларга ўткир юқумли касаллик белгилари бўлган (ҳарорати юқори бўлган, йўталаётган, томоғи оғриётган, нафас олишда қийналаётган) кишилар қўйилмайди.

Қозоғистонда коронавирус инфекцияси энг кўп тарқалган жойлардан бири бўлмиш Олмаота шаҳрида май ойи ўрталаридан карантин чекловлари аста-секинлик билан юмшатила бошланган. Айни пайтда шаҳарда коронавирусга чалинган беморлар сони 2462 нафарга етган. Куни кеча Олмаота ҳокими Бақитжан Сағинтаев, агар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ вазият ёмонлашиб кетгудек бўлса, шаҳар қатъий карантин тартибига қайтиши мумкинлигини билдирди.

Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солишга оид фармон имзолади

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат матни Оқ уй сайти орқали эълон қилинди.

Мазкур фармон асосида 1996 йилда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларининг виждонан ишлаши тўғрисида”ги қонуннинг 230-моддаси ўзгартирилиши мумкин. Мазкур модда ижтимоий тармоқларни фойдаланувчи томонидан ёйинланган контент учун жиноий таъқиб қилинишидан ҳимоя қилади. Бу қонунда ижтимоий тармоқлар ношир ўлароқ эмас, балки “майдон” сифатида қайд этилган бўлиб, бу уларни тармоқдаги постлар учун жавобгарликдан озод қилади.

Фармон ижтимоий тармоқлар маъмуриятининг ёйинланган контентни модерация қилиш имкониятини ҳам чеклаб қўйиши мумкин.

Трампга кўра, фармондан мақсад ифода эркинлиги ва демократияни ҳимоя қилишдир, чунки катта онлайн-платформалар у ёки бу ҳодисани талқин қилиш, маълумотни цензура қилиш ёки ўчириб ташлаш бўйича “назорат қилиб бўлмайдиган ҳокимият”га эга бўлиб қолганлар.

Ҳужжатда Twitter микроблоги “айрим твитларга атайлаб огоҳлантирув илова қилаётгани, бу эса унинг сиёсий нохолислигини очиқ акс эттираётгани” алоҳида қайд этилади.

Аввалроқ Twitter Дональд Трампнинг твитларида муҳтамал ноаниқликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида обуначиларни огоҳлантира бошлаганидан кейин АҚШ президенти ижтимоий тармоқ хизматларини танқид қилиб чиққан. Бу ерда гап Трампнинг сайлов бюллетенлари почта орқали йўлланганида овоз бериш натижалари “сохталаштирилиши” мумкинлигига оид твитлари ҳақида кетмоқда. Twitter бош директори Жек Дорси Трампнинг твитлари почта орқали овоз бериш тартиби тўғрисида нотўғри таассурот уйғотиши мумкин бўлгани учун уларга “чалғитувчи” маълумот белгиси қўйилганини билдирган.

Twitter вакиллари Трампнинг ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги фармонини “реакцион ва сиёсийлашган” деб баҳолаганлар. Facebook вакиллари эса , агар ижтимоий тармоқлар ўз фойдаланувчилари гапираётган ҳар бир гап учун жавобгар бўладиган бўлсалар, улар “бирор кишини хафа қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани цензура қилиш”га мажбур бўлишларини билдирганлар. Фармонни Google ҳам қоралаб чиққан.

Экспертларнинг аксарияти президент фармони судда тортишилади, деган фикрда.

Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида қабрларни экскаватор билан қазишмоқда

Озодлик радиоси тожик хизмати муҳбири Кўлобдаги қабристонлардан бирида.

Тожикистоннинг Кўлоб шаҳридаги икки қабристонда сўнгги кунларда қабрларни экскаватор билан қазишмоқда. Маҳаллий гўрковлар коронавирус пандемияси ортидан ўлганлар сони кўпайганини айтмоқдалар. Аммо маҳаллий ҳукумат бу иддаоларни рад этди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.

Озодлик мухбири шаҳардаги икки қабристонда 75та янги қабр пайдо бўлганини кўрди. “Морхона” қабристонига май ойининг бошидан бери 37 одам дафн этилган. 2-сонли қабристонда ҳам 40 одам кўмилган.

Гўрковларнинг айтишларича, май ойи бошларида 20 жасадни “Тез ёрдам” машинасида олиб келишган ва шошилинч равишда дафн этишган. Бошқаларнинг дафн маросимида эса фақат бир неча одам иштирок этган.

Кўлоб ҳокимияти айни пайтда минтақада қанча одам коронавирусга чалингани тўғрисидаги маълумотларни очиқламаяпти. Аввалроқ Кўлобда 70 одам пневмониядан ўлгани айтилган. Маҳаллий фаолларга кўра, дафн этилганларнинг асосий қисми коронавирусдан вафот этганлардир. Аммо уларнинг тиббий карталарида бошқа касалликлар кўрсатилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги 28 май оқшомида коронавирус юқтириб олганлар сони расман 3563 нафарга етгани ҳақида маълум қилган.

Айни пайтда COVID-19 инфекциясидан соғайганлар сони 1674 нафарни ташкил этмоқда. Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаганини билдирган. Эпидемия бошидан бери эса инфекция важидан расман 47 киши нобуд бўлган.

Тожикистонда кўпчилик расмий статистикага унча ишонқирамай, ҳақиқий рақамлар очиқланаётганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Тожикистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолатни расмийлар 30 апрель куни қайд этганлар, ваҳоланки бунгача пневмонияга чалинган ва бу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони кунига ошиб бораётгани тўғрисида маълумотлар тушиб турган.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги заводда тўрт ишчи ҳалок бўлди

Ақтўбе хром бирикмалари заводидаги иш жараёни.

Ақтўбе хром бирикмалари заводининг тўрт нафар ишчиси иш жойида ҳалок бўлди, икки нафари касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати Меҳнат инспекцияси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб 28 май куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, 28 май куни заводнинг 4-цехида хром чиқиндилари сақланадиган бакни тозалаётган ишчи жароҳат олган. Уни олиб чиқиш учун беш ишчи бак ичига тушган. Уларнинг барчаси термик куйиш жарохатини олган. Тўрт ишчи ўлган, икки ишчи касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Касалхонага ётқизилган ишчиларнинг бири 32, иккинчиси 36 ёшда. Уларнинг юзи, бўйни ва қўллари куйган. Врачлар беморларнинг аҳволи ўта оғир эканини айтмоқда.

Ўшдаги туғруқхонада янги туғилган 5 чақалоқда коронавирус аниқланди

29 майда Қирғизистонда коронавирусга чалинган яна 68 одам аниқланди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ва Норин вилоятида коронавирус вазияти мураккаблигича қолмоқда. Бу ҳақда 29 майда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаев маълум қилди.

“Бишкекда бир қатор тиббиёт муассасаларида: онкология ва юқумли касалликлар шифохонасида, қатор оилавий тиббиёт марказларида вирус тарқалиб, касалланганлар сони кўпайди. Норинда ҳам вилоят касалхонасида коронавирус аниқланди. Бу вилоятда ички ишлар бошқармаси ходимлари орасида ҳам коронавирус юқтирганлар кўпайиб, вазият бир оз мураккаблашди”, - деди вазир ўринбосари.

Унга кўра, Ўш шаҳар туғруқхонасида ҳам 28 май куни 34 кишида коронавирус аниқланди. Улардан беш нафари янги туғилган чақалоқ, 14 нафари туғруқдаги оналар, қолгани тиббиёт ходимларидир.

29 майда Қирғизистонда коронавирусга чалинган яна 68 одам аниқланди. Бу билан коронавирус юққанлар сони 1662 одамга етди. 1088 бемор соғайди, 16 одам вафот этди.

АҚШда коронавирус туфайли ишсиз қолганлар сони 40 миллионга етди

Калифорнияда ишсиз қолганлар квартира ҳақи бекор қилинишини талаб этиб намойиш ўтказган эди. 2020 йил, 1 апрель.

АҚШда коронавирус эпидемияси бошланганидан то шу кунга қадар 40 миллион киши ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилди.

Сўнгги 7 кунда нафақа сўровчилар сони 2 миллион 100 минг кишига кўпайган. Бу ўтган ҳафталардаги кўрсаткичга қараганда анча оз. Аввал ҳафтасига 6 миллиондан кўпроқ одам ишсизлик нафақаси олиш учун ариза топширган.

Расмий хабарларда билдирилишича, апрель ойида ишсизлик даражаси 14 фоизни ташкил қилган. Май ойида бу кўрсаткич 20 фоизга етиши кутилмоқда.

Қўшма Штатлар март ойининг ўрталарида карантин жорий этган эди. Апрель ойидан бошлаб карантин чеклов чоралари босқичма-босқич бекор қилина бошланди. Президент Трамп маъмурияти карантин бекор қилиниши ортидан иш ўринлари тезда яна тикланишига умид қилмоқда.

Қўшма Штатларда COVID-19 инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 100 047 нафарга етди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1,7 миллион нафар.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 3500 дан ошди

Тожикистонда 28 май оқшомида коронавирус юқтириб олганлар сони 3563 нафарга етди. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълум қилади.

Айни пайтда COVID-19 инфекциясидан соғайганлар сони 1674 нафарни ташкил этмоқда. Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаганини билдирган. Эпидемия бошидан бери эса инфекция важидан 47 киши нобуд бўлган.

Тожикистонда кўпчилик расмий статистикага унча ишонқирамай, ҳақиқий рақамлар очиқланаётганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. kvtj.info сайти маълумотларига кўра, мамлакатда COVID-19 ва пневмония қурбонлари сони 300 дан ошиб кетган. Бу сайтдаги марҳумлар рўйхати оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва қурбонларнинг яқинлари маълумоти асосида тузилган. Расмийлар коронавирус ва пневмониядан кўп одам ўлгани хусусидаги маълумотлар ёлғон эканини айтиб келишади.

Тожикистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолатни расмийлар 30 апрель куни қайд этганлар, ваҳоланки бунгача пневмонияга чалинган ва бу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони кунига ошиб бораётгани тўғрисида маълумотлар тушиб турган.

Ҳибсхонадаги Атамбаев сафдошларини парламент сайловларига ҳозирлик кўришга чақирди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

Шу кунда тергов ҳибсхонасида сақланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаев депутат Анвар Ортиқовни Қирғизистон социал-демократлар партияси раиси лавозимига сайлангани билан табриклади. Собиқ давлат раҳбари томонидан ёзилган хатни унинг ўғли Сейитбек Атамбаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали ёйинлади.

Атамбаев ўз хатида тарафдорларини партиянинг янги раиси дастаклашга, “ғийбат ва майда-чуйда гапларни эсдан чиқариб, Ортиқов атрофида бирлашиш”га чақирган.

“Партия раҳбариятини принципиал ва саботли одамлар билан мустаҳкамлаш лозим. Серғайрат, журъатли кадрлар ҳам керак. Сафларимизни парчаламоқчи бўлганлардан халос бўлиш лозим. Парламент сайловига ҳозирлик кўриш вақти келди”, деб ёзган собиқ президент.

ҚСДП сиёсий кенгашининг сўнгги мажлисида партия раиси вазифасини бажарувчи Асель Қўдуранова ўз ваколатларини Анвар Ортиқовга топширган. Раис ўринбосарлари Рискельди Мўмбеков ва Қундуз Жўлдубаевалар ҳам ваколатларини топширганлар, бироқ партия сафини тарк этмаганлар. Партияни депутат Ирина Карамушкина дохил Қирғизистонда танилган яна бир неча сиёсатчи тарк этган.

ҚСДП собиқ лидери Алмазбек Атамбаев ҳозирда Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди. Собиқ президент 2019 йил августида Қўйтош қишлоғида содир бўлган воқеалар ортидан ҳибсга олинган. Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбаевга мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаси (шу жумладан ўта оғир жиноятлар) бўйича айблов эълон қилинган.

АҚШ конгресси уйғурларга нисбатан қатағон сиёсатини юритган Хитойга қарши санкцияларга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

АҚШ конгресси жойлашган Вашингтондаги Капитолий биноси.

АҚШ конгресси Намояндалар палатаси 27 май куни кўпчилик овоз билан Шинжоннинг туб аҳолиси бўлган уйғурларни сиқувга олаётган Хитойга нисбатан санкциялар жорий қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади.

Аввалроқ Сенатда дастакланган мазкур қонун лойиҳаси пировардида асосан Шинжон минтақасида истиқомат қилаётган уйғурлар ва бошқа мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига алоқадор бўлган хитойлик юқори лавозимли амалдорларга қарши санкциялар жорий этилишига имконият яратади.

“Пекиннинг уйғурларга нисбатан ваҳшиёна хатти-ҳаракатлари бутун дунёнинг муштарак виждонини ҳақоратлаш бўлиб ҳисобланади”, дея мулоҳаза билдирди Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси қонун лойиҳасини дастаклаш бўйича палатада ўтказилган йиғилишда.

Ҳужжат қабул қилиниши 413 нафар депутат томонидан ёқланди, бир депутат қарши чиқди. Қонун лойиҳаси эндиликда Оқ уйга йўлланади, президент эса уни қабул қилиши ёки унга вето қўйиши мумкин.

Аввалроқ президент Трамп мазкур қонун лойиҳасини имзолашга оид масалани “мутлақ қатъиян билан” кўриб чиқишини билдирган. Трамп маъмурияти Пекиннинг Ҳонконгдаги миллий хавфсизликка оид қонунни жорий қилиш режалари важидан Хитойга нисбатан кўрилажак қатор чораларни кўриб чиқмоқда.

БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекинни миллион чоғли уйғур ва туркий тилда сўзлашувчи бошқа туб халқлар вакилларини “экстремизмга қарши кураш” баҳонасида Шинжондаги концентрацион лагерларга йўллаганликда айблаб келади. Бу айбловларни рад этган Пекин миллий озчилик вакиллари касбга тайёрлаш марказларида эканини иддао қилади. Аввалроқ Пекин Шинжондаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ ҳар қандай чора учун АҚШга нисбатан жавоб чораларини кўришни ваъда қилган. Пекин иддаосича, бу масала Хитойнинг ички иши бўлиб ҳисобланади.

Қозоғистонда прокуратура тергов ҳибсхонасида жон берган фаолга оид ишни ёпди

Дулат Агадил.

Нур-Султон шаҳар прокуратураси жорий йил февралида пойтахтдаги тергов ҳибсхонасида жон таслим қилган фаол Дулат Агадил иши бўйича текширув 25 май куни “жиноятга оид ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқлиги учун” тўхтатилганини эълон қилди. Пайшанба куни ёйинланган хабарномада Агадил ўлими сабаблари ва ҳолати юзасидан текширув ўтказган экспертлар унинг баданида шикастланиш аломатларини топмаганлари айтилади.

Таъкидланишича, экспертлар Агадил ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини қайд этганлар.

Дулат Агадилнинг рафиқаси Гулнар Қасимханова прокуратуранинг ишни тўхтатишга оид қароридан тамоман норози ва бу қарор устидан шикоят қилмоқчи.

Ҳукуматга қарши норозилик акцияларида иштирок билан танилган фаолни 24 февраль тунида фуқаро кийимидаги одамлар уйидан олиб кетиб, тергов ҳибсхонасига етказганлар. Эртасига эрталаб унинг жон бергани эълон қилинган. ИИВ “юрак етишмовчилиги”дан ўлганини билдирган. Бу версия фаолнинг кўплаб сафдошлари томонидан шубҳа остига олинган. Улар расмийларни Агадилнинг ўлимида айблаб, “айбдорларни жазолаш” талаби билан норозилик акцияларига чиққанлар. Бу чиқишлар ортидан уларнинг айримлари тутиб кетилган ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилган.

Дулат Агадил “юрак етишмовчилиги”дан ўлганини Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам таъкидлаган. Қозоғистон президентининг бу баёноти Агадилнинг ўлимида айбдор бўлганларни жазолаш талаби кун тартибида бўлган 1 март митинги арафасида пайдо бўлган. Бу акция иштирокчиларидан ҳам анчагинаси тутиб кетилган.

Февраль охирида Интернетда марҳум фаолнинг жасади суратга олинган видеоёзув пайдо бўлган. Кадр ортидаги овоз жасадда қора доғлар борлигини қайд этиб, уларнинг муҳтамал қийноқлардан кейин пайдо бўлган ғурралар эканини тахмин қилган. 28 февраль куни пойтахт прокуратураси Агадил жасади акс этган видео тармоққа марҳумнинг яқинлари рухсатисиз жойлаштирилгани, қора доғлар эса “мурда доғлари” эканини билдирган.

Агадилнинг ўлими бўйича жиноят иши ҳодиса содир бўлганидан уч ой ўтгач ёпилди. Бу вақт оралиғида фаолнинг оиласи одил тергов ўтказиш илтимоси билан расмийларга бир неча бор мурожаат қилган. Хавфсизлик идоралари тергов жараёнини махфий тутганлар ва ҳеч қанақа маълумот тақдим этган эмаслар. Марҳум оиласининг адвокати аввалроқ мазкур иш бўйича тергов энг бошидан “расмийлар чизиб берган чизиқ бўйлаб” олиб борилганини қайд этган.

Бугунги хабарномада прокуратура Агадилнинг қўлга олиниши ва ҳибсхонага жойлаштирилиши полиция ходимлари томонидан “суд қарорини ижро қилиш мажбурийлигига оид қонун талаблари доирасида” амалга оширилганини билдирган.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари Дулат Агадилнинг ўлимини сиёсий қатл, деб атаб, бу борада очиқ ва адолатли тергов ўтказилиши талаб қилмоқдалар. Агадилнинг ўлими юзасидан очиқ ва адолатли тергов ўтказилишига Қозоғистон расмийларини АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британиянинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳамда ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари ҳам чақирган.

АҚШда коронавирус қурбонлари сони 100 мингдан ошди

Америкалик тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинган беморнинг "тез ёрдам" машинасига чиқаришмоқда, Массачусетс штати, 2020 йил апрели.

Жорий йилнинг 27 май ҳолатига кўра, Қўшма Штатларда COVID-19 инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 100 047 нафарга етди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1,7 миллион нафарга етган.

АҚШ коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда ҳар 100 минг беморга 30 га яқин ўлим ҳодисаси тўғри келади. Қурбонлар сони бўйича Қўшма Штатлар Бельгия, Испания, Буюк Британия, Франция, Италия ва Швеция каби мамлакатлардан ортда. Айни пайтда COVID-19 АҚШда америкаликлар Вьетнам ва Корея урушларида қурбон берган кишилар сонидан кўп инсон умрига зомин бўлгани айтилмоқда.

Коронавируснинг тарқалиши АҚШ ва бошқа мамлакатларда одатий ҳаёт тарзи ўзгартириб юборди. Расмийлар хасталик ёйилишининг олдини олиш учун турли чекловлар киритишга мажбур бўлдилар. Кўрилган молиявий чора-тадбирларга қарамай, пандемия иқтисодиётнинг сезиларли даражада таназзулга юз тутишига сабаб бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 5,5 миллиондан ошган, хасталик важидан 353 минг киши қурбон бўлган.

Петро Порошенко яна украиналик миллиардерлар рўйхатига қайтди

Ўтган йили Украина президенти лавозимидан Петро Порошенко Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатига қайтди. Собиқ давлат раҳбари украиналик миллиардерлар рейтингида айни пайтда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг умумий бойлиги 1 миллиард 400 миллион долларга баҳоланган.

Forbes Порошенко президент бўлиб сайланганидан кейин бутун бизнесини сотиш ҳақидаги ваъдасини бор-йўғи 20 фоизга бажаргани ва фақат Киевдаги бир заводинигина сотганига эътибор қаратади. Собиқ президент ўзига қарашли агрохолдинг ва Roshen қандолат фабрикасини ўғлининг номига ўтказиб берган.

55 ёшни қоралаган Порошенко 2014 йил июнидан 2019 майигача Украина президенти лавозимида ишлаган.

Украиналик миллиардерлар рейтингида биринчи ўринни тадбиркор ва Донецкнинг “Шахтёр” футбол клуби президенти Ринат Ахметов (2 млрд 800 млн доллар), иккинчи ўринни эса бизнесмен ва филантроп Виктор Пинчук (1 млрд 400 млн доллар) эгаллаган.

Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 9,5 мингдан ошди

Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 43 фоизи Олмаота ва Нур-Султонда.

Сўнгги 24 соат ичида Қозоғистонда коронавирус юққан 272 киши аниқланди. Бу билан беморлар сони 9576 нафарга етди. Расман билдирилишича, беморлардан 4768 нафари соғайган, 37 бемор ўлган.

Янги касалланиш ҳолатлари Қозоғистоннинг барча ҳудудларида аниқланган. Аммо коронавирусга чалинганлар сони бўйича ҳамон Олмаота ва Нур -Султон етакчилик қилмоқда. Олмаотада 2 378, Нур-Султонда 1 820 бемор бор. Бу Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 43 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Нур-Султонда 27 май куни ўтгану чрашувлардан бирида Қозоғистон “коронавирус касаллигининг авж палласидан ўтиб бўлди, бироқ эпидемияга қарши кураш ҳали якунланмади”, деб айтди.

Қирғизистонда 1 июндан барча давлат ташкилотлари иш бошлайди

Қирғизистон ҳукумати биноси.

Қирғизистон ҳукуматининг 28 майда билдиришича, 1 июндан бошлаб барча вазирликлар, давлат ташкилот ва муассасалари, ҳукуматнинг вилоятлардаги махсус вакиллари ва уларнинг ходимлари ишга чиқиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Айни пайтда иш жойигача жамоат тарнспортида бориш имконияти бўлмаган ходимлар иш фаолиятини уйда қолган ҳолда давом эттириши мумкин.

25 майдан Қирғизистонда жамоат транспорти ҳаракатланишига рухсат берилган эди. Бундан ташқари бир қатор корхоналар ва бозорлар, супермаркетлар фаолиятига ҳам рухсат берилган.

Қирғизистонда 22 мартда фавқулодда вазият, 25 мартдан эса фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган эди. 11 майдан бошлаб фавқулодда ҳолат режими якунланди. Бир қатор шаҳарларда, жумладан, Бишкек ва Ўшда комендантлик соати бекор қилинди. Айни пайтда 22 мартда жорий этилган “фавқулодда вазият тартиби” амалда қолдирилди.

Фавқулодда вазият ҳолатида Қирғизистонда озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан ташқари барча фаолият турлари тўхтатилган эди.

Қирғизистонда 28 май ҳолатига кўра коронавирусга чалинган 1594 бемор аниқланди, уларнинг 1066 нафари тузалди, 16 нафари вафот этди.

Ислом уйғониш партияси раҳбарларидан бири қамоқхонавда вафот этди

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда қамоққа олинган эди.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси сиёсий кенгаши аъзоси бўлган Абдусаттор Бобоев қамоқхонада вафот этди. Расмий маълумотда айтилишича, Хўжанд қамоқхонасида сақланган Бобоев “юрак ҳуружи” оқибатида жон берган. Марҳумнинг жасади яқинларига топширилган. Жасадда зўравонлик ва қийноқ аломатлари бўлмаган.

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда “экстремистиликка чақириш”, “экстремистик гуруҳ ташкил этиш” айбловлари билан қамоққа олинган эди. 2016 йилда у суд ҳукми билан 11 йилга кесилган. Унга нисбатан суд жараёни ёпиқ ўтган.

Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолияти 2015 йилда тақиқланган ва у “экстремистик ташкилот” деб топилган. Партиянинг қатор аъзолари қамоқларга олинган, айрим аъзолар эса хориждан бошпана излашга мажбур бўлган.

АҚШда SpaceX ширкати ракетасининг тарихий парвози бошқа кунга қолдирилди

“Крю Дрэгон” космик кемасини коинотга олиб чиқиши керак бўлган “Фалькон 9”ракета ташувчиси старт майдончасида.

SpaceX ширкатининг 27 май куни кечқурун учирилиши мўлжалланган “Фалькон 9”ракета ташувчи парвози об-ҳаво шароити тўғри келмагани боис 30 майга қолдирилди.

АҚШ 2011 йилдан бери коинотга астронавтлар томонидан бошқариладиган ракетани учирмаган эди. Чоршанба куни учирилиши керак бўлган ракетани ҳусусий космонавтика тарихида биринчи марта учувчи бошқариши керак эди.

Мазкур ракета ташувчи коинотга иккита астронавт бошқарадиган “Крю Дрэгон” космик кемасини олиб чиқиши керак эди. Флоридадаги Канаверал бурнидан амалга оширилиши режалаштирилган парвоз учирилишга 15 дақиқа қолганида бекор қилинди.

SpaceX NASA учун учувчи бошқарадиган ракета ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ягона ширкат эмас. Boeing ҳам муқобил "Старлайнер" лойиҳаси устида ишламоқда.

NASA режасига кўра, "Крю Дрэгон" ва "Старлайнер" АҚШ космонавтикаси учун XX асрнинг 60-йилларида СССР томонидан ишлаб чиқилган "Союз" кемасинининг ўрнини босиши лозим.

Ҳонконг АҚШнинг "алоҳида эътиборидан" маҳрум бўлиши мумкин

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Ҳонконг бундан буён АҚШнинг алоҳида ёндошувига умид қилмаса ҳам бўлаверади, чунки у Хитойдан етарлича даражадаги мухториятни сақлай олмаяпти. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео 27 май куни маълум қилди.

Унинг билдиришича, Пекин айни пайтда Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. “Бу ҳужжат Ҳонконг мухторияти ва эркинлигини қўпориб ташловчи сўнгги омилдир”, деди Помпео.

Ўтган йили АҚШ Конгресси Давлат депатраментини бир йилда камида бир марта Ҳонконг Хитойдан мустақиллигини сақлаётганини тасдиқлаши шартлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Мазкур қонунга асосан, Ҳонконг мустақиллигини Давлат департаменти тасдиқласа, Вашингтон Ҳонконга алоҳида савдо имтиёзларини сақлаб қолади. Қонунга асосан инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган Ҳонконг расмийларига нисбатан санкциялар қўлланилади.

Хитой ҳукумати “Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётгани ортидан Ҳонконгда яна норозилик намойишлари бошланиб кетди. Якшанба куни ўтган намойишда 200дан ортиқ норози қўлга олинган.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган. Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG