Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:59

Деҳқонлар Пастдарғом ҳокимидан дод демоқда


Озодбек 23 февраль куни Ўзбекистон Президенти девони ва Бош прокуратура биноси Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан келган бир гуруҳ деҳқонлар томонидан пикет қилинди.

Маълум бўлишича, норозилик чиқишида 25 киши иштирок этиши кутилган эди. Бироқ фақат беш кишигина пикет жойига етиб келган. Қолганлар ички ишлар ходимлари томонидан мажбурий равишда Самарқандга қайтариб юборилган.

Пикетчиларнинг сўзларига қараганда, улар фермер хўжалиги тузиш учун ер олган, аммо ҳоким ерни тортиб олиб, пора эвазига бошқаларга бериб юборган. Деҳқонлар ҳокимнинг бу қарори юзасидан судга мурожаат қилган. Суд масалани улар фойдасига ҳал қилсада, суд қарори ижро этилмай келмоқда.

Пикетда кузатувчи сифатида иштирок этган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятованинг таъкидлашича, жамият Пастдарғом ҳокимининг ер ажратишдаги ноқонуний ҳаракатларидан хабар топгач, бу масала юзасидан Президент девони ва Бош прокуратурага мурожаат қилган. Лекин улардан жавоб бўлмаган.

Пикет иштирокчиси Тоир Умаровнинг айтишича, Пастдарғом туманидаги маҳаллий амалдорлар фермер хўжаликларини тузишга интилаётган кўплаб деҳқонларга тўсқинлик қилмоқда. Ҳақини талаб қилиб, юқори идораларга шикоят этганлар эса тақиб ва тазйиққа олинаётир. Қолаверса, деҳқонларга 1-2 йиллаб маош берилмаяпти.

Бош прокуратура ходимларидан бири пикетчиларнинг талаблари билан танишгач, улардан икки нафарини қабулхонага таклиф этди. Қабулхонада бўлган Т.Умаров билдиришича, прокуратура ходими барча талаблар бўйича ариза билан мурожаат қилиш лозимлигини айтган. Бироқ пикетчилар бу талабга кўнмаган.

Деҳқонлар шу куни пикетни Президент девони олдида давом эттирди.
XS
SM
MD
LG