Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:10

Иш қайта кўришга юборилди


Тўлқин 25 февраль куни Ўзбекистон Олий хўжалик суди Шайхонтоҳур тумани адвокатлар коллегиясида сайёр суд йиғини ўтказди. Унда Тошкент шаҳри хўжалик судининг “Ғунча” кинотеатри биносида жойлашган адвокатлар маслаҳатхонасини кўчириш тўғрисидаги қарори аппеляция тартибида кўриб чиқилди.

Шу ўринда судда кўрилган можаро хусусида икки оғиз сўз. “Ғунча” болалар кинотеатри 1977 йили фойдаланишга топширилган бўлиб, 1990 йилда унинг иккинчи қаватидаги уч томони очиқ айвони Шайхонтоҳур тумани адвокатлар коллегиясига ҳуқуқий маслаҳатхона очиш учун тақдим этилган.

Бино хусусийлаштирилгандан кейин унинг янги хўжайини – “Ғунча” кинотеатри масъулияти чекланган жамияти бу ерни таъмирлаш ва тўла хўжайин бўлиш мақсадида адвокатлар маслаҳатхонасини кўчиришга ҳаракат қила бошлади. Дастлабки суд инстанцияси МСЖ фойдасига ажрим чиқарди.

25 февраль кунги сайёр суд йиғинида бу қарор қайта кўриб чиқилди.

Туман адвокатлар коллегияси раҳбари Бахшулло Наврўзовнинг таъкидлашича, адвокатлар айвонни ўз ҳисобидан қайтадан қурган. Ишлаш учун тегишли шароитлар яратилган. Шунинг учун бу кўчмас мулк адвокатларга тегишли.

Мазкур судда жавобгар сифатида иштирок этган МСЖ адвокати Ёқубжон Тўлагановнинг сўзларига қараганда, мавжуд қонунчиликка биноан адвокатлар ўз мулкини рўйхатдан ўтказиши керак эди. Лекин бу иш қилинмаган. Бирорта ҳужжат тайёрланмаган. Шунинг учун адвокатларнинг маслаҳатхонани ўз мулки, деб даъво қилиши нотўғридир.

Ё.Тўлагановнинг билдиришича, МСЖ раҳбарияти россиялик сармоядорларнинг беғараз кўмагида бинони замонавий услубда таъмирлаб, янги болалар кинотеатри барпо этишни режалаштирмоқда.

Б.Наврўзовнинг маълум қилишича, МСЖ муассиси Улуғбек Тошмуҳаммедов кўрсатмаси билан ҳуқуқий маслаҳатхона ўтган йилнинг 15 октябридан буён иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сувдан узиб қўйилган. Адвокатлар шундай оғир шароитда ишлаб келмоқда. Гап-сўзларга кўра, У.Тошмуҳаммедов собиқ адлия вазири Абдусамад Полвонзоданинг яқин қариндошидир.

25 февраль куни бўлиб ўтган сайёр суд дастлабки суд қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга юборди.
XS
SM
MD
LG