Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:32

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда Ўзбекистон Президентининг Вазирлар Маҳкамаси янги таркиби билан ўтказилган йиғилишдаги нутқига муносабатлар, ҳукуматнинг сўнгги вақтларда қабул қилган қарорлари ижросига бағишланган мақолалар кўп учради.


“Ҳуррият” газетасининг 23 февраль кунги сонида газетанинг аввалги сонида эълон қилинган “Мақтовнинг меъёри бўлса” сарлавҳали мақолага акс-садо сифатида “Урганч ҳақиқати” газетаси муҳаррири Аҳмаджон Раҳимовнинг “Ҳақ гапни ёзибсиз, Абдураҳим ака!” мақоласи босилди. Ушбу мақолада, жумладан, қуйидаги сўзлар бор:

“Жойларда тайёрланадиган видео лавҳаларда ортиқча бўёқлар, зўрма-зўраки бўрттиришлар бўлаётганлиги бор гап. Шу ўринда бир мисол келтирай. Пахта йиғим-терим даврида туманимиздаги бир ширкат хўжалигига вилоят телевидениесидан мухбир ва тасвирчи келади. Мақсад ижарачи пудратчиларга терган пахтаси учун ҳар беш кундан пул берилаётганлиги ҳақида лавҳа тайёрлаш, интервью олиш. Илғор пудратчи-теримчи олдига боришади. Буни қаранг-ки, пудратчи аёл беш кунлик ҳақини ҳали олмаган экан. Аммо мухбир ҳам, унга ҳамроҳ бўлган раис ҳам аёлни “ҳар беш кунда пул олиб турибмиз, деб айтинг”, дея аввал илтимос қилишади, сўнг мажбурламоқчи бўлишади. Теримчи аёл эса рад жавобини беради. “Қандай қилиб одамларни алдайман”, дейди у. Табиийки, бу каби ҳолатлар тележурналистларга бўлган ишонч ва ҳурматни пасайтиради эмас, йўқотади”.


“21 аср” газетасининг 24 февраль сонида журналист Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Холислик ва ҳаққонийлик оммавий ахборот воситалари учун асосий мезонга айланиши лозим” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида бу масалага алоҳида эътибор қаратганини асос қилиб, бугунги кунда ОАВ вакиллари холислик ва ҳаққонийликка нисбий тушунчалар сифатида қараётганини таъкидлайди. У ўз мулоҳазаларини марказий газеталардан бирининг вилоятдаги мухбири билан бўлган суҳбат мисолида мустаҳкамлашга уринади:

“Ҳамкасбимиз гап орасида вилоятдаги мактабларнинг биридан таҳририятга шикоят тушганини, факс, электрон почта сингари замонавий имкониятлар мавжуд бўлгани ҳолда шахсан ўзи пойтахтга келиб, шикоят нусхасини олиб кетишга шаҳд қилганини айтиб қолди. Бундай фидойиликнинг сабаби билан қизиқдим. Вилоят мухбири барчага маълум, оддий ҳақиқатни “тушунтирган” бўлди:

-Бош муҳаррир ёки ўринбосардан йўналиш олишим керак.

Табиийки, бу “йўналиш” қандай бўлиши билан қизиқдим. Жавоб эса янада жўн бўлди.

-Муҳаррир ёки ўринбосар қандай мақола ёзишим кераклиги ҳақида кўрсатма беради. Яъни ўша мактабни танқид қил деса, танқид қиламан, мақта десалар, мақтаб келаман.

Мен баттар ҳайрон бўлиб сўрадим:

-Далиллар-чи, далиллар?

-Йўналиш олганимдан кейин шунга қараб далил ҳам топаман-да”.



“Ўзбекистон овози” газетасининг 24 февраль сонида Ҳайдарали Иброҳимовнинг “Тилимизни ҳурмат қилайлик” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Телерекламаларда ўнлаб марта такрорланаётган нотўғри тузилган жумлалар ҳақида тўхталар экан, муаллиф, жумладан, бундай ёзади:

“Энди мен телефон орқали харажатларимни “Ўздунробита” карточкаси билан тоғнинг қиррасида туриб тўлай оламан”. Нарсаларнинг ўткир ёки энсиз томони, зихи “қирра” дейилади. Тош қиррали бўлиши мумкин. Лекин тоғнинг қирраси борлигини мана шу рекламадан билиб олдик. Шу кунларда яна бир ажабтовур рекламани кўряпмиз. Таниқли халқ артисти экран орқали “Аъло ўйинчи” лотереясининг яна бир бахтли инсонини қайта-қайта таништирмоқда. Эътибор беринг: “лотереянинг бахтли инсони” эмиш. Телевидениенинг рекламалар билан шуғулланадиган департаментидаги биродарлар матнларга талабчанроқ бўлишлари зарурга ўхшайди”.
XS
SM
MD
LG