Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:20

“Яшашга ҳақли ОАВ” қандай бўлиши керак?


Феруза “Одил сўз” халқаро ташкилоти Ўзбекистонда сўз эркинлиги бузилиши борасида ўтказаётган мониторингининг январь ойи натижаларини эълон қилди.

Мониторинг давомида январь ойида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида журналистларнинг ҳуқуқлари бузилиши, журналистларга нисбатан бўлаётган қонунбузарликлар бўйича 66 ҳолат қайд этилган.

Мониторингда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида ОАВ ҳақида билдирган мулоҳазаларига ҳам эътибор қаратган. Президент бу маърузада халқ ОАВдан мамлакат ичида ва хорижда содир бўлаётган воқеалар ҳақида тезкор ва холис ахборотлар олишни, ҳокимият органлари ва бошқарув тузилмалари фаолияти ҳақида танқидий фикрларни, ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган нуқсонлар, ҳаётдаги долзарб муаммолар ҳақида ошкора, профессионал, таҳлилий материалларни кутаётганини айтиб ўтган эди.

“Озодлик” мухбири Президентнинг бу мулоҳазалари ўзбекистонлик журналистлар ва кузатувчилар қандай кутиб олганини ўрганишга ҳаракат қилди.

Буюк Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоеванинг фикрича, Президентнинг ОАВ ҳақидаги ҳар доим такрорланадиган бу тилаклари ижобат бўлиши учун, аввало, унинг ўзи буларнинг амалга оширилишини чин дилдан истамоғи керак. Бу гаплар сийқаси чиққан, қуруқ ваъдалардан иборат бўлгани учун мамлакатдаги энг содда журналист ҳам уни самимий деб қабул қилмайди.

Шу ўринда Г.Бухорбоева яқинда ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот Президент айтган ҳаётий, долзарб муаммолар тўғрисида бир гуруҳ фермерлар иштирокида давра суҳбати ташкил этмоқчи бўлгани, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқибга олинганини эслаб ўтди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган маҳаллий журналистлардан баъзилари эса Президентнинг гаплари самимий бўлиши мумкинлигини, бироқ мамлакатдаги ОАВни бошқариш механизми бундай ишларни амалга оширишга тўсқинлик қилишини айтди.

Мустақил журналист Сергей Ежков эса Президентнинг гаплари маҳаллий ОАВ учун эмас, балки хорижлик сиёсатчи ва журналистлар учун айтилганини таъкидлади.

“Одил сўз” мониторингида Президентнинг ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этиш ҳақидаги ташаббуси ҳам эслатиб ўтилади.

Унда ёзилишича, Президент бу жамғарма ҳузурида оталиқ кенгаши тузилиши, унда Ўзбекистондаги давлат, нодавлат, хорижий ва хусусий ташкилотлар, шунингдек, яшашга ҳақли барча турдаги ОАВ вакиллари бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг эътирофича, Президент “яшашга ҳақли” деганда мавжуд тузумга хизмат қиладиган матбуотни назарда тутган бўлиши мумкин. Чунки мамлакатда тузумга мухолифатда бўлган матбуот пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.
XS
SM
MD
LG