Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:12

Ҳисоботда Ўзбекистондаги вазият енгиллаштириб кўрсатилган


Тўлқин АҚШ Давлат департаментининг дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши борасидаги йиллик ҳисоботида “Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқлари чекланган авторитар давлат” экани айтилади.

Ҳисоботда ёзилишича: “Конституцияда Президент раҳбарлигидаги давлат бошқарувининг ижрочи, қонунчилик ва суд хокимиятларига ажратилиши белгилаб берилган. Аммо амалда сиёсий ҳаёт устидан Президент Ислом Каримов ва унга хизмат қилувчи марказлашган ижрочи ҳокимиятнинг тўла ҳукмронлиги, ҳокимиятнинг бошқа бўғинлари устидан тўла назорати ўрнатилган”.

Унда ўтган йили Ўзбекистонда милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари томонидан жуда кўп бора инсон ҳуқуқлари бузилиши содир этилгани қайд этилади.

Ҳисоботда ўтган йилнинг 26 декабрида Ўзбекистон парламентига бўлган сайлов демократик сайлов мезонларидан анча паст даражада ўтгани айтилади. Шунингдек, Конституцияда суд ҳокимияти мустақил экани белгиланган бўлса-да, аммо ижрочи ҳокимият судларга кучли таъсир ўтказиши, уларга суд жараёнларини рисоладагидек ўтказишга имкон бермаслиги эътироф этилади.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ходими Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон демократияга ўтиш даврини бошдан кечираётган давлатдир. Шунинг учун мамлакатдаги ислоҳотларга мана шу нуқтаи назардан ёндашиш керак. Ўзбекистондаги демократия жараёни ўтиш даври мезонларига мос келади.

“Кимдир бу ҳаракатларни куч билан тезлаштиришни истайди. Кимдир бошқачароқ йўл тутади. Лекин Ўзбекистон демократияни кимгадир ёқиш учун, мақтов эшитиш учун жорий этаётгани йўқ. Балки бу ердаги ислоҳотлар 14 йил илгари белгиланган демократик, дунёвий, фаровон давлат қуришга йўналтирилган”, - деди Ш.Қудратхўжаев.

Ҳисоботда мамлакат иқтисодиёти, асосан, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга асослангани, аммо соҳа давлатнинг кучли таъсири остида қолиб келаётгани айтилади.

“Йил давомида ялпи ички маҳсулот тахминан 3 фоиз ўсди, инфляция эса 15-20 фоизни ташкил этди. Ишсизлик ҳақида ишончли статистик маълумотлар йўқ, аммо ишсизлар ва тўла иш билан таъминланмаганлар сони баланд ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда. Асосий муаммо бўлган корруция иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳамон қониқарсиз аҳволда экани, ҳукумат қийноқлар ва милиция масъулиятини ошириш борасида жиддий қадамлар қўйган бўлса-да, демократик ислоҳотлар ўтказилмагани нодавлат ташкилотларнинг фаолиятида жиддий тўсиқ бўлиб қолаётгани қайд этилади.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан энг жиддий қонунбузарликлар судгача содир этилгани билдирилади. Ҳукумат диний экстремистик гуруҳларга алоқадор деб топган, шунингдек, сиёсий мухолифат аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари орасидан сиёсий ёки диний сабабларга кўра қамалганлар сони 5000-5500 тани ташкил этиши кўрсатилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг фикрича, бу ҳисоботдаги Ўзбекистондаги вазият енгиллаштириб кўрсатилган. Масалан, сиёсий ёки диний айблар билан қамалганлар сони 7 мингдан 10 минггача бўлиши мумкин.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов ҳам ҳисоботда мухолифат партияларнинг рўйхатга олинмаётгани масаласига юзаки ёндашилганини билдирди. Унинг айтишича, бу ҳужжатда ҳукумат олиб бораётган қатағоннинг илдизи ҳақида сўз юритилмаган.
XS
SM
MD
LG