Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:27

Риштонни зах босди


Фарғона вилоятининг Риштон, Олтиариқ, Бағдод туманларида ердан зах кўтарилиши оқибатида дов-дарахтлар қуриб кетмоқда. Уйлар, турли иншоотларга катта зарар етяпти.

Риштонликларнинг сўзларига қараганда, бирор киши вафот этганда сағана қилиниб, жасад ернинг устига қўйилаётир. Чунки ерни сал ковлаганда ҳам сув чиқиб кетмоқда.

Риштон тумани маркази аҳолиси ичимлик сув бўлмагани сабабли уни сотиб олиб ичишга мажбур бўляпти.

“Бир неча километр жойга бориб, сув сотиб олиб келамиз. Бундан ташқари, зах кўтарилиши оқибатида уйларимиз ҳам вайронага айланиб боряпти. Кишилар турли касалликларга чалинмоқда”, - дейди риштонликлар.

Шўро даврида ернинг захланиши олдини олиш учун дренажлар қурилган эди. Бугунги кунда бу дренажлар яроқсиз бўлиб қолган.

Риштонда ерни зах босиб кетиши қўшни Қирғизистон билан ҳам боғлиқ.

Риштонлик Қаюм Мамадалиевнинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг Риштонга туташ “Бурганди” хўжалигидаги даштлар ўзлаштирилиб, кўп сув талаб этадиган экинлар, жумладан, шоли экилмоқда. Бу экинлардан чиққан сувлар эса Риштон ҳудудида зах кўтарилишига сабаб бўлаётир.

Риштон тумани ҳокимлиги вакилларининг айтишича, бу муаммони маҳаллий миқёсда ҳал қилиб бўлмайди. Унинг ечими икки давлат раҳбариятининг хоҳиш-иродасига боғлиқ.

Риштонлик Мусахон Зокиров тумандаги зах кўтарилиши муаммоси юзасидан аҳоли номидан Президентга бир неча марта мактуб йўллагани, шахсан Президент девонида бўлгани, лекин ҳеч ким бунга эътибор бермаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG