Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:48

Яна сайтларга тўсиқ қўйилиши ҳақида


Феруза Энг ишончли, тезкор ва қулай оммавий ахборот воситасига айланган Интернетдаги баъзи сайтларга Ўзбекистонда турли тўсиқлар қўйилаётгани, ўқувчилар ўзлари хоҳлаган ахборотни ўқий олмаётгани кўпчиликка маълум.

Куни-кеча электрон оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон қилинган навбатдаги мақолада айрим машҳур сайтларнинг очилмаслиги ёки ундаги мақолаларга тўсиқ қўйилишига провайдерлар ҳам аралашаётгани айтилади.

Мақолада бошқа нодемократик давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам Интернетдаги ошкораликка, эркинликка барҳам бериш мақсадида провайдерлар ҳукумат кўрсатмаси ёки ўз ҳушёрликларини намойиш этиш учун тақиқланган ёки “қора рўйхат”га киритилган сайтларга тўсиқ қўйишга киришгани таъкидланади.

“Ҳатто, дейилади мақолада, прокси серверлар ҳам Ўзбекистондаги провайдерларнинг ўта садоқати сабабли натижа бермайди”.

“Шарқ телеком” Интернет провайдери вакили Соҳиб Содиқов мақоладаги эътирозлар мутлақо асоссиз эканини айтди.

Унинг сўзларига қараганда, провайдер бировнинг кўрсатмаси асосида сайтларга тўсиқ қўймайди. Лекин у ўз мижозларини назорат қилиш имкониятига эга. Зеро, ҳар бир давлатда Интернет назорат қилинади.

С.Содиқовнинг билдиришича, Ўзбекистондаги барча провайдерлар, телекоммуникация тармоқлари 2004 йилда “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясига бирлашган.

“Ўзбектелеком” матбуот котиби Александр Сучковнинг айтишича, барча мамлакатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам хавфсизлик мақсадларида Интернет тармоғини назорат қиладиган ташкилотлар бор. Бироқ “Ўзбектелеком” қандайдир сайтларни ёпиш ёки маълумотларни текшириш учун ўзича қарор қабул қилмайди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган провайдерларнинг аксарияти баъзи сайтлар очилишида муаммо борлигини эътироф этди. Бироқ бу муаммоларнинг вужудга келиши ва уларни ечишга масъул эмаслигини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Шоислом Акбаровнинг фикрича, Ўзбекистондаги провайдерларни Миллий хавфсизлик хизматининг бир тармоғи деса ҳам бўлади. Улар ўзларининг хоҳишига кўра ҳам баъзи сайтларни ёпиб қўймоқда.

Ўзбекистон МХХ Интернет сайтларига ёки ундаги баъзи мақолаларга тўсиқ қўйилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG