Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:23

Ўзбекистонда ипотека банки тузилмоқда


Тўлқин Ўзбекистон Президентининг 17 февралдаги “Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ипотека банкини ташкил этиш тўғрисида ҳам сўз боради.

Ушбу қарорда “Ўзуйжойжамғармабанк” ва “Замин” банкини бирлаштириб, “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш кўзда тутилган.

“Замин” давлат акциядорлик ипотека банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Туйғун Абдуллаевнинг сўзларига кўра, лотинча “ипотека” сўзи “кўчмас мулк” маъносини билдирди. Ҳозирги банк тизимида ипотека деганда қурилажак уйни гаровга қўйиб, кредит олиш тушунилади.

“Айни пайтда ипотека кредити Россия ва Қозоғистонда самара бермаётир. Кишилар 2-3 йилга ипотека кредити олиб, қарзни вақтида қайтара олмасдан сарсон бўлмоқда. Ўзбекистонда эса бундай кредит 15 йил муддатга, кам фоиз билан берилиши белгилаб қўйилди. Айни пайтда биз кредитни бериш механизми устида ишлаяпмиз”, - деди Т.Абдуллаев.

Т.Абдуллаев айни пайтда “Ипотекабанк”ни ташкил этиш устида иш олиб борилаётганини билдирди.

Қозоғистонлик кузатувчилар мамлакатда ипотека тизими жорий этилгач, уй-жой қурилиши ривожланиб кетгани, аммо бозорда уйлар баҳоси кескин ошганини айтмоқда.

Баъзи мулоҳазаларга кўра, ипотека тизими яширин иқтисодиёт ривожланган мамлакатда ноқонуний топилган пулни қонунийлаштирувчиларга қўл келади.

Бироқ қозоғистонлик иқтисодчи Ўроз Жандусов бу мулоҳазаларни инкор этди.

Унинг фикрича, ипотека кредити уй-жойни гаровга қўйиш эвазига берилгани боис, ноқонуний йўл билан топилган пулни қонунийлаштиришга қулай эмас. Хусусан, Қозоғистонда бундай ҳолат кузатилмаган.

“Замин” банки вакили Т.Абдуллаев ҳам Ўзбекистонда ноқонуний топилган пулни қонунийлаштиришда ипотека тизимидан фойдаланиш имконияти йўқлиги таъкидлади.

Унинг билдиришича, ипотека кредитини ҳар ким олиши мумкин. Бироқ қишлоқда ва шаҳарда уй-жой қуриш харажатлари ҳар хил бўлгани сабабли айни пайтда кредит бериш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

“Ҳозир ипотека тизимини жорий этишдаги ривожланган давлатлар тажрибалари ҳам ўрганилмоқда. Европанинг етти, Осиёнинг олти мамлакатига ўнта гуруҳ жўнатилган”, - деди Т.Абдуллаев.

Унинг айтишича, айни пайтда беш йўналишда ипотека кредити бериш устида иш олиб бориляпти. Ҳар бир йўналиш бўйича бериладиган кредит ҳажми ҳар хил бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG