Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:45

Водийда мухолифатни назорат қилиш кучайди


Қирғизистондаги воқеалар бошланиши билан Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятларида фаолият кўрсатаётган норасмий партиялар аъзоларига тазйиқлар кучайгани ҳақида хабарлар пайдо бўляпти.

“Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Наманган вилояти Уйчи тумани бўлими котиби Олимжон Юнусовнинг сўзларига кўра, қўшни давлатдаги воқеалар муносабати билан мазкур партия аъзоларига тазйиқлар аввалгидан анча кучайган. Партиянинг Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишини қўллаб-қувватлаб имзо чеккан кишиларга маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва котиблари таҳдид қилмоқда. Улар орасида турли ваҳималар тарқатиляпти.

“Бирлик”нинг Андижон вилояти Марҳамат тумани бўлими котиби Мусажон Бобожонов ҳам бу ҳолатлар мавжудлигини тасдиқлади.

“Айниқса, Қирғизистонга чегарадош туманларда мухолифатдаги партиялар фаолларини назорат қилиш кучайтирилди. Уларнинг уйлари олдида шубҳали кишилар пайдо бўляпти. Баъзи фаоллар ҳокимият идораларига чақирилиб, қўрқитиш ҳолатлари юз беряпти”, - деди М.Бобожонов.

“Бирлик”нинг наманганлик фаоли Аъзамжон Эргашев ўзини аввал шаҳар ҳокимлигига, кейин адлия идорасига чақиришганини билдирди.

Унинг айтишича, адлиячилар “Бирлик” сафига тазйиқ туфайли алданиб кириб қолгани ҳақида тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилган.

Наманган вилояти адлия бошқармаси вакили “Бирлик” аъзоларига тазйиқ ўтказилаётганини рад этди.

Бу вакилнинг таъкидлашича, баъзи фуқаролар “Бирлик”нинг низоми ва дастури билан танишмасдан партияга аъзо бўлгани ҳақида ихтиёрий равишда тушунтириш хатлари ёзиб берган.
XS
SM
MD
LG