Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:38

“Инқилоб”нинг бошланишимикин... (ёки Ўзбекистондаги энг ёш сенаторнинг қилиқлари)


Феруза Хабарларга қараганда, 30 март куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Бунёдкор қишлоғида беш юздан ортиқ киши иштирок этган оммавий норозилик чиқиши бўлиб ўтган.

Норозилик акцияси иштирокчилари шу ерлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шоймановнинг топиб берилишини, уни калтаклаган инсонлар жазоланишини талаб қилган.

Норозилик чиқишларига гувоҳ бўлган мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, 29 март куни аввал инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Э.Шойманов туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев раҳнамолигидаги бир гуруҳ кимсалар томонидан аёвсиз калтакланган. Туман ҳокими Арнасойдаги шифохонага ётқизилган Э.Шоймановнинг олдига бориб, тумандан кўчириб юбориш ва уйига ўт қўйиш билан дағдаға қилган. Э.Шойманов эса Арнасойдан Тошкентга қочиб кетишга улгурган.

У.Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, 30 март куни кечқурун соат 22 ларда халқ норозилик акциясини бошлаган. Улар икки машинани ёқиб юборган. Қишлоқдаги милиция таянч пункти бошлиғининг машинасини жиддий шикастлаган.

“31 март куни эрталабдан воқеа жойига вилоят ҳокими Убайдулла Яманқулов етиб келиб, Бунёдкордаги мактаб ҳовлисида ош бериб, халқ билан мулоқот қилмоқчи бўлган. Бу ерга халқни мажбурлаб олиб чиқишган. У.Яманқулов туманда бўлаётган воқеалардан бехабарлиги, шунинг ҳар қандай масалани ҳал қилишга тайёрлигини айтган. У ўз яқинларига Э.Шоймановни топиб келишни буюрган. Туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев (Ўзбекистоннинг энг ёш сенатори, 1972 йилда туғилган) эса ёшлиги туфайли қизишиб кетганини баҳона қилган ва халқдан кечирим сўраган”, - деди У.Ҳайдаров.

У.Ҳайдаровнинг маълум қилишича, айни пайтда туманда назорат жуда кучайтирилган. Э.Шоймановни калтаклаган кишиларнинг уйларига қўриқчи қўйилган. Норозилик чиқишларида фаол иштирок этган кишиларнинг уйлари ҳам кузатувга олинган.

Айни пайтда Тошкентдаги ТошМИ шифохонасида даволанаётган Э.Шоймановнинг ғойиб бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди.

“Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятованинг айтишича, Э.Шойманов даволанаётган шифохонада прокуратура ва ички ишлар ходимлари бўлган. Унинг қаерга олиб кетилгани номаълум.

Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари Дўстлик туманидаги воқеа тафсилотлари юзасидан маълумот беришни истамади.
XS
SM
MD
LG