Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:00

Қишлоқдаги дорихонага ҳожатхона қанчалик зарур?


Зикрилло Ишонч Қашқадарё вилоятининг Китоб туманилик тадбиркор Тоҳир Узоқов дори-дармон бизнесини юритишга маъмурий буйруқбозлик ва мавжуд қонун-қоидалардаги чигалликлар тўсиқ бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

Т.Узоқов туманнинг “Бектемир” жамоа хўжалиги ҳудудида бундан ўн йил муқаддам дорихона ташкил этиб, иш бошлаган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги қарори асосида дорихоналар майдони 30 квадрат метр, тўрттадан кам бўлмаган хонали бўлиши белгилаб қўйилди.

“Вазирлик буйруғи билан дорихоналарда савдо зали, дори сақлаш, совутгичлар ва бошлиқ хонаси бўлиши кўрсатилган. Мен дорихонани шу қарор меъёрларига мослаш, янги бино қуриш учун барча ҳужжатларни тайёрладим. Тегишли комиссиядан уч марта ўтдим. Лекин ҳали ҳам жой берилгани йўқ”, - деди Т.Узоқов.

Китоб тумани санитария ва эпидемиология станцияси ходими Санақул Равшановнинг сўзларига қараганда, юқорида тилга олинган тўртта хонадан ташқари дорихонанинг ҳожатхонаси ҳам бўлиши керак. Дорихоналар ҳақидаги меъёрий ҳужжатда қишлоқ ва шаҳар жойлари учун бир хил стандарт белгиланган.

Т.Узоқовнинг таъкидлашича, ер олиш учун туман ҳокими номига ариза ёзган. Ҳоким эса бу масала билан шуғулланишни ўринбосари Фахриддин Бобоевга юклаган.

“Бироқ Ф.Бобоев ер йўқ, ер кимошдида сотилади каби баҳоналар билан беш ойдан буён менинг аризамни қондирмай келяпти”, - деди тадбиркор.

Унинг айтишича, ҳозир дорихонаси ишлаб турибди. Лекин уни вазирлик қарори меъёрларига мослашга тўсқинлик қилиб келинмоқда. Бу эса қишлоқ аҳлига шунча йиллардан буён хизмат кўрсатиб келаётган дорихонанинг ёпилиши хавфини туғдиряпти.
XS
SM
MD
LG