Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:15

Чегарадан ўтиш “нархи” ўсди


Саида Маълумотларга кўра, Қозоғистон ва Хитой Қирғизистон билан чегараларида ўрнатилган кучли назоратни бекор қилган. Ўзбекистон эса Қирғизистон билан борди-келдини енгиллаштиришга шошилмаётир.

Бу давлатлар Қирғизистондаги беқарорликлар туфайли чегаралардан ўтишда кучли назоратни жорий этган эди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (чегара қўшинлари шу идорага бўйсунади) матбуот котиби Олимжон Тўрақуловнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, чегара ҳудудларида назорат кучайтирилган бўлса-да, ўтиб-қайтишда мураккабликлар йўқ.

Унинг қўшимча қилишича, чегарада назоратни кучайтиришдан мақсад қўшни давлатдаги беқарорликлардан криминал кучлар фойдаланиб қолиши эҳтимоли олдини олишдир.

Маълум бўлишича, чегарадан ўтиш тартиби кучайтирилгани икки давлат фуқароларининг ўтиб-қайтишида муаммолар туғдираётган бўлса-да, кишилар чегарадан ўтишда постларни четлаб, айланма йўллардан фойдаланмоқда.

“Илгари чегарадан бемалол ўтиб-қайтардик. Аммо Қирғизистондаги тўполонлардан кейин ўтказишмаяпти”, - дейди чегарадош ҳудудда яшовчи ўзбекистонлик фуқаролардан бири.

Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Қирғизистоннинг Ўш вилояти билан чегарадош.

“Эзгулик” жамияти Андижон вилояти бўлими раиси Музаффармирзо Исҳоқовнинг таъкидлашича, айни пайтда бу ҳудудда аввалгидан анча кўп блок постлар ўрнатилган. Ҳатто вилоят туманлардан бир-бирига ўтиш йўлларида ҳам постлар сони кўпайган.

М.Исҳоқовнинг фикрича, чегарада назоратнинг кучайтирилишига сабаб аслида Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги “инқилоб”нинг ўз ҳудудига тарқалишидан чўчиётганидир.

“Озодлик” мухбири ўзбек-қирғиз чегарасидаги айни пайтдаги ҳолатга шахсан гувоҳ бўлди. Айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтаётган кишилар сони жуда кўп.

Чегарадаги постдан ўтаётганлар эса чегарачиларга 500 сўм тўлаб, бемалол қўшни давлатга йўл олмоқда.

Йўловчиларнинг айтишича, илгари 200 сўм берилса, аскарлар чегарадан ўтказиб юборарди. Аммо Қирғизистондаги воқеалар сабаб ўтиш “нархи” кўтарилган.
XS
SM
MD
LG