Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

БМТ сайтлар муаммоларидан яхши хабардор, лекин…


Феруза Марказий Осиёга оид маълумотларни тарқатиш билан шуғулланадиган бир неча етакчи сайтларнинг “Интернетдаги цензурага қарши кураш” кампанияси давом этмоқда.

Ушбу кампания сайтларга ёки улардаги айрим материалларга тўсиқлар қўйилиши муаммоларини ўрганиш, фойдаланувчилар ҳуқуқларини бузаётган провайдерларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган.

Яқинда кампания иштирокчиларидан бири – “Фергана.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кислов БМТ Тараққиёт дастурининг Марказий Осиё бўйича доимий вакили Фикрат Оқчурага мурожаат йўллаб, уни минтақада сайтларга тўсиқ қўйиш муаммосини кенг миқёсда муҳокама қилишга чақирди.

Ушбу мурожаатда Ўзбекистондаги “Ўзскайнет” провайдери фаолиятидан эътироз билдирилган.

Д.Кислов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мурожаатда айнан “Ўзскайнет”нинг ажратиб кўрсатилгани сабабларини тушунтириб берди.

“Бошқа провайдерлар ҳам ахборот сайтларига тўсиқ қўйишда иштирок этяпти. Бизнинг эса айнан “Ўзскайнет”га эътироз билдиришимизнинг боиси бор. Аввало, у бутун Ўзбекистоннинг илмий-маърифий тармоғи ҳисобланади. Қолаверса, ғарблик донорларнинг маблағлари асосида ташкил этилган. Бу тармоқни яратишдан мақсад ахборот оламига Интернет орқали йўл очиш, уни ривожлантириш эди. Кўриб турганингиздек, бу сайт асл мақсадга тескари иш, яъни ахборотларни чеклаш билан шуғулланмоқда”, - деди Д.Кислов.

“Озодлик” мухбири БМТ Тараққиёт дастури вакилларидан ҳам мурожаат хусусида муносабат сўради. Аммо дастур вакилларидан бири Фикрат Оқчура жуда бандлиги, қолаверса, минтақадаги ахборот сайтлари муаммоси билан шуғулланиш унинг вазифасига кирмаслигини билдирди.

“Ўзскайнет” провайдери бош директори Вадим Наводний эса мурожаатда мазкур провайдер шаънига айтилган эътирозлар асоссизлигини таъкидлади. У мазкур провайдер сайтларга тўсиқ қўйиш билан шуғулланмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Д.Кисловнинг фикрича, “Ўзскайнет” сайтларни беркитишни ўзича амалга оширмайди. У Ўзбекистон ҳукумати, қолаверса, барча провайдерларни назорат қиладиган “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси кўрсатмаси асосида ишлайди. БМТ вакиллари эса мамлакатдаги бу каби муаммолардан жуда яхши хабардор. Лекин улар тилда бошқа, амалда эса тескари иш қилади.
XS
SM
MD
LG