Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

Бош прокурор коррупцияга қарши уруш очди..ми?


Тўлқин Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистонда 8043 нафар мансабдор шахс порахўрлик, ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик ва коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилди.

Улардан 118 нафари республика миқёсидаги, 1070 нафари вилоят ва 6855 нафари туман миқёсидаги давлат бошқаруви органлари вакилларидир.

Ушбу рақамлар Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодировнинг “Халқ сўзи” газетасининг 22 апрель сонида эълон қилинган мақоласида келтирилади.

Бу мақолани яқинда навбатдаги 5 йил муддатга Бош прокурор лавозимига қайта тайинланган Рашид Қодировнинг ўтган йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи дейиш мумкин.

Мақолада айтилишича, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг деярли ярми мулкни талон-тарож қилгани, ҳар бештадан биттаси мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани, ҳар еттитадан бири порахўрлиги учун судга тортилган.

Мақолада Р.Қодиров Президентнинг Вазирлар Маҳкамасининг 7 апрелдаги йиғилишида мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга қаратилган гаплари асосида порахўрликка қарши кураш янада кучайтирилишини таъкидлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил биринчи чораги якунларига бағишлаб 21 апрелда ўтказилган мажлисида ҳам мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш долзарб масала сифатида муҳокама қилинди.

Хўш, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш масаласи шу кунларда нега долзарблашди?

Бош Прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова бунга сабаб Президентнинг мансабдор шахслар томонидан жиноятлар содир этилиши, коррупцияга қарши курашни кучайтириш тўғрисида прокуратура органларига берган топшириғи эканини таъкидлади.

Р.Қодировнинг мақоласида коррупция билан боғлиқ жиноятлардан айрим мисоллар ҳам келтирилади.

Масалан, 2003 йилда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси тизимида қатор конунбузарликлар содир этилган, мансабдор шахслар томонидан сунъий равишда нефт танқислиги келтириб чиқарилган. Тизимда содир этилган шу ва бошқа жиноятлар учун 379 шахс айбланиб, судга тортилган. Улар орасида “Ўзбурнефтгаз” акциядорлик компанияси бош директори Магазов, соҳадаги бошқа кўпгина мансабдор шахслар бор.

Биргина Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, унинг таркибидаги корхоналар ҳамда нефт базаларининг мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича 164 шахс айбдор топилиб, судга берилган.

Мақолада ёзилишича, сўнгги пайтларда “Ўзқишлоқхўжаликкимё” компанияси раиси Ф.Юсупов, унинг биринчи ўринбосари Ш.Муҳаммадиев ва бошқа 19 нафар масъул мансабдор шахс, Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи ва соҳадаги айрим мансабдор шахслар, вилоятлардаги бир неча касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, туман ҳокимлари турли айблар билан судга тортилган, вазифасидан озод қилинган ва ҳоказо.

Шунингдек, мақолада Наманган вилоятининг собик ҳокими Тўлқин Жабборов ҳам коррупцияда айблангани, аммо қилган ишларидан пушаймон бўлиб, келтирилган зарарни тўлиқ қоплагани сабабли жавобгарликдан озод этилгани айтилади.

Бош прокуратураси вакиласи С.Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “ғараз ниятларда мансабга кўтарилган, жиноятлар содир этган шахсларни дунёқараши тор, ҳуқуқий билимга эга эмас, Ватан хоинлари деб ҳисоблаши”ни билдирди.

Журналист Шароф Убайдуллаев эса мансабдорлар ўз ҳуқуқини жуда яхши билишини, фақат жазосиз қолишига ишонгани сабаблигина жиноятлар содир этишини таъкидлади.

Унинг айтишича, онда-сонда қурбонликлар керак бўлади ва айрим мансабдорлар жазога тортилади.

“Коррупция пастдан бошлаб тозаланмайди. Чунки коррупция юқоридан пастга қараб урчиб боради. Порани юқоридагилар пастдагиларга бермайди, ахир”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Ш.Убайдуллаевнинг фикрича, коррупциянинг олдини олиш учун фақат тузумни ўзгартириш керак.
XS
SM
MD
LG