Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:20

Снарядлар қурбонини кутиб ётибди


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги Оқолтин қишлоғида яшовчи икки йигитча эҳтиётсизлик оқибатида ҳарбийлардан қолиб кетган снаряд портлашидан жиддий жароҳатланди.

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 60-70 йилларида Нишон туманининг чўл ҳудудларида совет ҳарбийлари ўқув машқлари ўтказадиган полигонлар бўлган. Кейинчалик бу ерга аҳоли кўчиб келиб, ерларни ўзлаштирган. Аммо ҳарбийлар қолдириб кетган портловчи моддалар, жанговар ўқлар ҳамон кишилар ҳаётига хавф солмоқда.

Оқолтинлик Дилмурод Поёнов ва Элбек Норбоев ҳам мол боқиш учун яйловга чиққанида аскарларнинг эски хандақидан снаряд топиб олди. Улар снарядни қисмларга ажратиш учун тош билан ураётганида портлаш содир бўлди.

Маҳаллий шифокор Нурмамат Назаровнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, портлаш натижасида ҳар икки йигитча снаряд парчаларидан жиддий жароҳат олган. Уларнинг бири – Элбек Норбоев бир умрга ногирон бўлиб қолган.

Н.Назаров илгари ҳам шундай ҳодисалар бўлиб турганини маълум қилди.

Снаряд портлаши оқибатида Элбекнинг чап қўли тирсакдан пастроғидан узилиб тушган. Ўнг кафтида эса фақат битта панжа қолган. Шунингдек, снаряд парчалари унинг ўнг кўзини кўр қилиб, оёқ суякларини парчалаб ташлаган.

Отаси Панжи Тоғаевнинг айтишича, Элбек одамови бўлиб қолган. Ҳеч ким билан гаплашишни ёки олдига биров киришини истамайди.

Нишонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жўра Нишоновнинг таъкидлашича, туманда бундай кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез юз бераётган бўлса-да, эски полигонларни зарарсизлантириш, эҳтиёт чораларини кўришга ҳаракат қилинаётгани йўқ.

“Портловчи моддалар сочилиб ётган майдонларда техника воситалари ҳаракати ҳам тақиқлангани йўқ. Болалар эса одатдагидек мол боқиб юрибди”, - деди Ж.Нишонов.
XS
SM
MD
LG