Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:13

Жиззахда яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси калтакланди


Шайбон 28 апрель куни кечки соат 23:00 атрофида "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах шаҳри бўлими вакили Хуршид Мухторовга уч номаълум шахс ҳужум қилиб, жиддий тан жароҳати етказди.

У оғир аҳволда шаҳар шифохонасининг нейрожарроҳлик бўлимига ётқизилган.

Жамиятнинг Жиззах шаҳри бўлими раиси Жамшид Мухторовнинг маълум бўлишича, Х.Мухторов ишдан қайтаётганида шаҳар марказидаги қоронғуроқ жойда қаттиқ калтаклангандан кейин ҳушини йўқотган. Бир неча соат давомида ўша жойда қолиб кетган.

“Ҳужум қилганлар ундан инсон ҳуқуқларида ишлайсанми, деб сўраган. У тасдиқлагандан кейин аёвсиз калтаклашган. Аслида улар укамни мен билан адаштирган кўринади”, - деди Ж.Мухторов.

Ж.Мухторовнинг таъкидлашича, дастлаб Х.Мухторовни шифохонага қабул қилишни исташмаган. Бу эса унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси экани, эртага ҳокимият вакиллари учун бошоғриқни юзага келтириши мумкинлиги билан изоҳланган. Фақат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига қўнғироғидан кейингина Х.Мухторовни шифохона қабул қилган.

Ж.Мухторов Х.Мухторовига ҳужум милиция ходимлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Жиззах шаҳри ички ишлар бошқармаси вакилининг билдиришича, Х.Мухторовнинг калтакланиши юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, бу иш билан терговчилар Умид Тўраев ва Отамурод Холматов шуғулланмоқда. Улар Х.Мухторовнинг олдида бўлиб, жиноятчиларнинг фотороботларни тузган.

Жиззах туманида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг калтакланиши тез-тез кузатилмоқда.

Март ойида Зарбдор туманилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шойманов, апрель ойида эса жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров жиддий калтакланган эди.
XS
SM
MD
LG