Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:03

Давлат қароқчилигининг иккинчи босқичида тадбиркорлар таланади


Феруза Акрамийлик диний оқимига алоқадорликда айбланиб, терговга тортилган тадбиркорлар тергов жараёнигача аслида бундай диний оқим борлигидан мутлақо бехабар бўлганини таъкидламоқда.

Шунингдек, бу тадбиркорлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан акрамийликка иқрор бўлишга мажбур этилаётганини ҳам айтмоқда.

“Турон продакшн” хусусий фирмаси раҳбари ўринбосари Маъмуржон Қурбонов ҳам акрамийликда айбланиб, терговга тортилганлардан биридир.

Унинг айтишича, бу ишларнинг барчаси ҳукуматнинг жаҳон ҳамжамиятини мамлакатда терроризм ва диний экстремизм хавфи борлигига ишонтириш мақсадида амалга оширилмоқда.

“Акрамийликда айланаётган тадбиркорлар фақат диндорлиги ва маълум мол-мулкка эга бўлгани учунгина ҳибсга олинмоқда”, - деди М.Қурбонов.

Акрамийликда айбланган тадбиркор Мадамин Бобомирзаевнинг таъкидлашича, унинг бор-йўқ айби “Турон продакшн” фирмасидан маҳсулот олиб турганидир.

“Мендан тергов баённомасига имзо қўйишимни талаб қилишди. Лекин унда нима ёзилганини ўқишга рухсат беришмади. Зўрлаб қўл қўйдиришди. Мен ишни ўрганиб чиқишга чақиришгандагина баённомада акрамийлик ҳақида гап борганини билдим”, - деди М.Бобомирзаев.

Андижондаги “Аппеляция” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг билдиришича, акрамийликда айбланаётган тадбиркорлар турли нодавлат ташкилотларга моддий кўмак бериш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадларида ўзаро жамғарма ташкил этган. Бу жамғармани уюшган жиноятчиликка боғлаш эса осон кечган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Т.Ёқубовнинг эътирофича, Ўзбекистон давлат қароқчилиги даврини бошдан кечирмоқда. Бу даврда давлат дастлаб оддий халқни, кейинги босқичда пулдорларни, сўнгги босқичда эса ўзини-ўзи талайди.

“Бу даврнинг асосий белгиларидан бири шуки, давлат талончиликни суд орқали амалга оширади”, - деди Т.Ёқубов.

Т.Ёқубов ҳозир Ўзбекистонда давлат қароқчилигининг иккинчи босқичи, яъни тадбиркорларни талаш босқичи давом этаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG