Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:55

Ислом ва демократия бир-бирига зид эмас


Қўқон шаҳрида диндорлар ва демократик кучлар вакиллари "Ислом ва Демократия" мавзуида давра суҳбати ўтказди. Унда халқаро ҳамжамиятнинг Ислом дини ва демократияга муносабати масалалари муҳокама қилинди.

Демократик кучлар вакили Муҳаммаджон Халилов машҳур маърифатпарвар Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” китобида мусулмонлар ҳақида жуда муҳим гаплар айтилганини таъкидлади.

“Соғуний Қуръонда мусулмонлар бир-бири билан иттифоқ бўлиши, замонавий илм-ҳунарни узлуксиз ўрганиб бориши, Аллоҳнинг йўлида ўлимдан қўрқмаслик лозимлиги баён қилинганини ёзади. Ҳозирги жамиятда бу уч устундан бирортаси йўқ”, - деди М.Халилов.

Қўқондаги масжидлардан бирининг имом хатиби Фазлиддин Салимовнинг айтишича, ҳозир одамлар қонундан ҳам, худодан ҳам қўрқмаётир. Қонунга, аввало, раҳбарларнинг ўзлари риоя этмаяпти. Баъзи диний гуруҳлар демократик жамиятни куфр жамият сифатида баҳоламоқда. Бу мутлақо нотўғридир. Чунки исломда демократик ғоялар устивордир. Хусусан, давлат раҳбарининг нотўғри ҳаракати оддий фуқаро томонидан танқид қилиниши мумкинлигига исломда мисоллар бисёр.

Давра суҳбати қатнашчиларидан бири Ғарб мамлакатларида фоҳишахоналар ошкора ишлаётганини баъзи раҳбарлар ўзбекистонликларга “демократия шундай бўлса, бундай демократия керак эмас” каби шаклларда талқин қилаётганини қоралади. У бундай шахсларга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Исломда инсон ҳуқуқлари” китобини ўқишни маслаҳат берди.

“Бу китобда шайх ҳазратлари “Шўро” сурасини тафсир қилган. Яъни бу сурада демократик амалиётлар баён қилингани чиройли мисолларда кўрсатиб ўтилган. Шундай экан, демократияни қиморбозлик, фоҳишабозлик мисолида кўрсатишаётгани нотўғридир”, - деди тадбир қатнашчиси.

Давра қатнашчилари хулосасига кўра, ислом ва демократия бир-бирига зид эмас.
XS
SM
MD
LG