Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:20

Ўзбек матбуоти яна оғзига мум тишлади


Зикрилло Ишонч Андижон воқеаларининг ўзбек оммавий ахборот воситаларидаги инъикосини мамлакат жамоатчилиги интиқлик билан кутди. Ўзбекистон ОАВ бу воқеалар тўғрисида бир неча сатрдан иборат расмий ахборот билан чекланди, холос.

Кўпчилик фуқаролар Андижондаги воқеаларнинг Ўзбекистон ОАВ да ёритилиши тўғрисида худди шундай фикрлар билдирмоқда.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг сўзларига қараганда, у Ўзбекистон ОАВда Андижон воқеаларнинг акс-садосини кўрмаган.

“Бутун дунё матбуоти диққат марказида бўлган бу воқеаларни ўзбек матбуоти ҳали ҳам тўла ҳис қилгани йўқ. Шу кунларда бу фожеаларнинг изини ўзбек матбуотидан топа олмаймиз”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Унинг фикрича, радио ва телевидение мазкур фожеанинг асл илдизларини, исёнга олиб келган сабабларни, туб моҳиятини ўз вақтида таҳлилий равишда ёритиб бериши керак эди.

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, ҳар доимгидек Ўзбекистон ОАВ оғзига мум тишлагандек жим турган.

“Бундай фаолиятсизлик ортида 15 йил давомида олиб борилаётган қатағон сиёсати, ҳозирги мавжуд тузум ётибди. Бу тузум ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун тиш-тирноғи билан қилаётган ҳаракатлар матбуотимизни шу куйга солди”, - деди А.Аннаев.

Унинг айтишича, ўзбек матбуотининг бундай хатти-ҳаракати қўрқоқлик ва маддоҳликдан даракдир. Аслида Ўзбекистон ОАВси тинч аҳолини ҳарбий машиналарда бостиришга, уларга қарата ўт очишга фатво берганлар ким эканини элга маълум қилиши керак эди.

Ўзбекистон ОАВда Президент Ислом Каримовнинг 13 май куни Андижонга боргани қисқача айтилди, холос. Аммо бу ердаги можарони ҳал қилиш йўлида қандай аниқ чоралар кўрилгани ҳақида лом-мим дейилмади.

Расмий маълумотларда ҳалок бўлганлар сони 9 та, ярадорлар эса 34 киши экани айтилган бир пайтда воқеанинг асл гувоҳлари фожеа кўлами анча кенг эканини баён қилди.

Россия телеканалларининг Андижон воқеалари ҳақидаги янгиликлари эфирга узатилаётган пайтда улар узиб қўйилиб, ўрнига манзарали ёки кўнгилочар кўрсатувлар жойлаштирилди.
XS
SM
MD
LG