Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:21

Намойишчиларга ўқ отиш қонунга зид


Тўлқин Андижонда ҳукумат қўшинлари томонидан исёнчилар ва намойишга чиққан тинч аҳолига нисбатан қурол қўлланилиши мамлакат қонунлари ва халқаро меъёрларга қай даражада мувофиқ келади?

Ўзбекистон Конституциясининг 33-моддасида фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини мамлакат қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига экани белгилаб қўйилган.

Ҳокимият органлари эса бундай тадбирларни фақат хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқшуносларнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг бошқа қонун ҳужжатларига асосан оммавий намойишлар учун ҳукуматнинг тегишли идораларидан рухсат олиниши керак.

Нима бўлганда ҳам Андижондаги воқеалар тинч оммавий норозилик намойишидан бошланди ва намойишнинг кўп сонли иштирокчилари ўз ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан тинч аҳоли вакиллари эди.

Ҳуқуқшунос Рустам Тўлаганов бундай вазиятда қурол қўлланишини қонунга зид, деб ҳисоблашини билдирди.

“Қандайдир бошқа вазиятда ҳам отиш учун, аввало, буйруқ бўлиши керак. Ким буйруқ бергани аниқ бўлиши лозим. Аммо ҳозир тергов ҳаракатлари бошланса, Андижонда ўқ узишга ким буйруқ берганини аниқлаб бўлмайди”, деди Р.Тўлаганов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, инсоннинг энг катта ҳуқуқи яшаш ҳуқуқидир. Андижонда юзлаб кишиларнинг қирғин қилиниши ҳукумат бундай ҳуқуқни тан олмаслигини кўрсатган.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, ҳарбийлар халқ намойишини бостиришга жалб этилганининг ўзи Конституцияга хилофдир.

Ўзбекистон 1992 йилдан буён БМТ аъзоси ҳисобланади ва БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид ҳужжатларида кўрсатилган мажбуриятларни таъминлашни ўз зиммасига олган.

БМТнинг 1966 йилда қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”нинг 22-моддасида инсонларнинг тинч йиғинлар ўтказиш ҳуқуқини белгилаб берилган.

Аммо ҳалигача Ўзбекистонда бу ҳуқуқни тартибга солувчи оммавий намойишлар, митинглар ўтказиш тўғрисидаги қонун қабул қилинмаган.

Т.Ёқубовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Президенти мустақилликка эришилгандан 15 йил ўтиб, демократия борасида тажриба ўрганиш учун АҚШ ва Германияга ишчи гуруҳлари жўнатилишини айтган.

“Бу одам 15 йилгача нима иш қилди? Бу мутлақо беъманиликдир. Зеро, демократия бировдан ўрганиб келинмайди. Демократия мавжуд қонунларга сўзсиз амал қилиш натижасида пайдо бўлади. Лекин ҳукумат ҳар бир қадамда ўзи чиқарган қонунларни паймол қилаётган бир пайтда демократия тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, деди Т.Ёқубов.
XS
SM
MD
LG