Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:42

Гувоҳлар ҳақиқатни сўзлайди


“Озодлик” радиоси Андижон воқеасининг бевосита гувоҳлари, шу ерда қурбон бўлганларнинг, мазкур фожеадан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари тазйиқига учраётган кишиларнинг яқинлари ҳикоя қилади:

Гувоҳ аёл: Ҳисобсиз ўликларни кўрдим. Аёллар, болалар. Энг ачинарлиси, ҳомиладор аёлни қорни очилиб ётган ҳолида ўз кўзим билан кўрдим. У қонига бўялиб кетган эди. Шундан кейин ўзимга кела олмай, уйга қайтдим.

Ўликлар тахминан беш юздан ортиқ эди. У ҳолатда аниқ санаб бўлмайди-ку. Бир-бирининг устига қалашиб ётганларни қандай санаб бўлади. Сой томонгача ўликлар беҳисоб бўлган. Майдон билан Сой оралиғи неча километрлигини мен билмайман.

Гувоҳ эркак: Эрталаб соат 4.30-5 да Сой томонга, 15-мактабнинг олдига келдик. Ҳамма ёқни аскарлар ўраб турибди. Тинчлик. Фақат кўча тўла ўлик. Ўликлар ғишт каби терилиб, бир чеккага тахлаб қўйилган. Яқинларини излаб келаётганлар кўпая бошлади. Шундан кейин БТРда аскарлар ўтди. Осмонга қараб ўқ узди. Биз чеккага қочдик. Яна қайтиб келдик. БТРнинг орқасида учта ҳарбий “Зил” машинаси бор эди. Бу машиналарга ўликлар ортилди. Машиналар ўликка тўлди. Улар қаёққадир кетди. Шундан кейин аскарлар ҳам кетди. Кўчаларда 10-15 та эркак, ёш йигитларнинг ўлиги қолди.

Аёл: Маҳаллий телевидениеда кеча, 19 май куни “Давр” ахборот дастурида аскарларнинг бошлиғи давлатнинг буйруғини аъло даражада бажарганини айтди. Нимани аъло даражада бажарди? Халқни қириб бўлди. Яна тайёрмиз, деди қолганларни қириб юборишга. Шуни кўриб юрагимни ушлаб қолдим.

“Темирчилик”даги Бозор кўчасида яшовчи Дилафрўз Йўлдошева:
Оиламиздан саккиз киши йўқ. Дадам, куёвим, эримнинг укаси, аям, ўзимнинг укам йўқ. Битта укам ўлди. Амаким ҳам ўлди. Уларни акрамийлар эмас, аскарлар отган. Акрамийлар одам ўлдирадиган инсонлар эмас эди. Улар бизга иш берган. Вақтида ойлик берган. Ҳеч улар каби бизга ёрдам бермаган. Менинг ака-укаларим, яқинларим улар билан бирга ишлаган. Ҳеч қайсиси судланмаган.

Укам ҳокимлик биноси эшиги олдида ўлган. Мерганлар унинг бошидан отган. Бошининг ярми йўқ. Амакимнинг қорнидан отган. Аскарлар отганини ҳамма кўрган.

Дадам Раҳматулла Алибоевнинг яшаш жойига 19 май куни соат 17 дан кейин қуролланган 12 аскар бостириб кирди. Ҳамма ёқни титишди. Биздан дадамни топиб беришни талаб қилди. Болаларим қўрқиб йиғлади.

Андижоннинг эски шаҳарида яшовчи Гулбаҳор Бобобекова: 45 ёшли онам ва 18 ёшли укам бедарак. Ҳамма ёқни қидирдик. Дадам ўлган. Икки синглим билан қолдик.

Сайдулло Алибоев: Дарварзин қишлоғида тураман. Фуқаро кийимидаги тўрт киши келиб, бир қоғозга қўл қўясан, қайтариб олиб келамиз, деб хотинимизни олиб чиқиб кетибди. Шундан бери у йўқ. Ўқ теккан акамга қарагани учун олиб кетишган бўлса керак.
XS
SM
MD
LG