Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:05

Халқаро Амнистия ташкилоти 2004 йилга оид ҳисоботини эълон қилди


А.Арал Халқаро Амнистия ташкилотининг билдиришича¸ бир қатор мамлакатлар ҳукуматлари халқаро инсон ҳуқуқлари андозаларига риоя қилмайди. Ташкилотнинг 25 май куни эълон қилган йиллик ҳисоботида айтилишича¸ халқаро аксил террор ҳаракатлари зўравонликларни тўхтатиш ўрнига кўпроқ инсон ҳуқуқлари принциплари бузилишига олиб келган. Ҳисоботда АҚШ ҳукумати Ироқнинг Абу Ғрайб қамоқхонаси¸ Гуантанамо ва Афғонистоннинг Багром базасидаги маҳбусларни таҳқирлангани ҳақидаги маълумотлар юзасидан тегишли тергов ва текширув ўтказмаслик орқали қонун устуворлиги асосларига путур етказгани таъкидланади. Халқаро Амнистия ҳисоботида шунингдек¸ Марказий Осиë республикалари¸ жумладан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти оғир эканлиги таъкидланади.

Халқаро Амнистия ташкилоти 2004 йил давомида олиб борган текширув ва кузатишлари асосида ҳозирлаган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли¸ деган хулосага келган.

Ҳужжатда айтилишича¸ Ўзбекистонда ўтган йили рўй берган ҳужумлар ва портлашлардан кейин юзлаб эркак ва аëл мусулмонлар ва уларнинг яқинлари қўлга олиниб¸ адолатсиз суд орқали террорчиликда айбланган ва узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Ўлим жазоси ҳамда маҳбусларни қйиноққа солиш ҳолатлари 2004 йилда ҳам давом эдган. Мамлакат Президенти Ислом Каримовга кўра¸ ўтган йил ичида тахминан 60 киши олий жазога ҳукм қилинган. Аммо Халқаро амнистия ҳисоботида Ўзбекистонда ўлим жазосига ҳукм қилинганлар ва қатл этилганларнинг ҳақиқий сони сирлигича қолмоқда¸ деб ëзилади.

Ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича вакили Майси Вайхердинг Озодлик радиосига айтишича¸ Ўзбекистонда 2005 йилда ҳам инсон ҳуқуқлари аҳволи оғирлигича қолмоқда¸ айниқса Андижон воқеаларидан кейин вазият янада кескинлашган.

Халқаро Амнистия ташкилоти вакили бу йилги ҳисоботнинг Ўзбекистон қисми ҳақида маълумот бераркан¸ барча ахборот ва маълумотлар ҳукумат назорати остида бўлган мамлакатда ҳибсга олинаëтган¸ қийноққа солинган ва ҳалок бўлганларнинг сонини аниқлаш цжуда қийин эканлигини айтади.

“Биз қамоққа олинганлар аҳволи ҳақида жиддий ташвишдамиз. Улар қийноқларга солинаëтган бўлиши мумкин. Йиллар давомида олиб борилган текширув ва кузатувларга кўра¸ қўлга олинган одамлар бўйнига сохта айблар қўйиш учун улар турли қийноқларга солинади”¸ - дейди Вайхердинг.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳисоботида ëзилишича¸ ўтган йил март¸ апрел ва июл ойларида Тошкент ва Бухорода содир этилган портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган юзлаб кишилар суд чиқарган адолатсиз ҳукм натижасида ўзоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган.

“Юзлаб одам террорчиликда айбланиб суд қилинди. Судларнинг аксарияти адолатсиз бўлди. Биз ана шу маҳбусларнинг қамоқхонадаги аҳволидан хавотирдамиз”¸ - деб фикр билдирди ташкилот вакили.

Унинг айтишича¸ қамоқхоналарда Ҳизбут-Таҳрир ва бошқа исломчи гуруҳларга аъзоликда айбланган маҳбуслар қамоқ жазосини ўтаëтган бошқа маҳбусларга қараганда¸ аëвсиз қийноқларга солинади.

Халқао Амнистия кўпдан бери Ўзбекистон ҳукуматини ўлим жазосини бекор қилишга даъват этиб келмоқда.

“Биз 2004 йил охири ва 2005 йил бошларида Ўзбекистонда ўлим жазосига қарши кампания олиб бордик. Бу мамлакатда суднинг адолатли ҳукм чиқариши қийин ва кимдир ноҳақ олий жазога ҳукм қилиниши мумкин”¸ - деб таъкидлади Халқаро Амнистия ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Майси Вайхердинг.

Ташкилот ҳисоботида Марказий Осиëнинг бошқа республикаларидаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳам кескин танқид қилинади.

Қирғизистон ва Қозоғистондан бошпана сўраган уйғур қочқинлари қўлга олиниб¸ Хитойга қайтариб юборилиши¸ Бишек ҳукумати ўлим жазосига мораторий эълон қилишига қарамай¸ маҳбусларни Хитой ва Ўзбекистонга депортация этиш ҳоллари қораланади.

Ҳисоботда шунингдек¸ Туркманистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши¸ диндорлар ҳамда жамоат фаоллари қаттиқ босим остида эканлиги қайт этилади.

Ҳисоботда Тожикистонда милиция фуқароларни қийноққа солиши ҳоллари келтирилади.

Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Майси Вайхердинг Андижонда рўй берган қонли ҳодисалар юзасидан чуқур ташвиш билдираркан¸ воқеаларга алоқадор бўлмаган кишилар қўлга олинаëтгани ва қйиноққа солинаëтганини айтади:

“Биз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволидан жиддий хавотирдамиз. Андижонда ҳукумат кучлари фуқароларни ўққа тутганидан ҳайратга тушдик. Биз рўй берган воқеа юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирамиз. Текширув мустақил¸ холис ва ҳаққоний бўлиши ва натижалари жамоатчиликка ошкор этилиши керак”¸- - дейди Амнистия ташкилоти вакили.

У шунингдек¸ Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда яна қамоққа олишлар кенг тус олгани¸ шу ҳодисаларга алоқадорликда гумон қилинганлар билан бир қаторда улар ҳақида маълумот берган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва сиëсий мухолифат фаоллари ҳам қўлга олинаëтганидан жиддий ташвишланиш билдирди.
XS
SM
MD
LG