Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:27

“Биринчи бўлиб аскарлар ўқ узди”. 1-қисм


Андижон воқеаларига бевосита гувоҳ бўлган, 13 май куни ўзи ҳам вилоят ҳокимлиги олдидаги майдонга чиққан 40 ёшлардаги аёл ўз кўз билан кўрган даҳшатлар ҳақида ҳикоя қилади:

“13 май жума куни эрталаб майдонга чиқдик. Одамлар йиғилиб, митинг бошланган экан. Ҳамма микрофонда ўз дардини айта бошлади. Пенсия пуллари ва ойлик камлигидан, ишсизликдан, болаларни боқиш қийинлигидан, ҳатто мактаб дарслиги учун ижара пулини тўлай олмаётганидан шикоят қилишди.

Ҳамма ўз дардини айтаётгани ёқиб, бу ерда халқ кўпайиб кетди. Биз ҳам кечгача ўтирдик. Шу орада соат ҳам кечки олтига яқинлашиб қолди. Тепамиздан вертолёт икки марта айланди. Биз эса ҳаммамиз дардимизни айтайвердик. Ёш болалар ҳам чиқиб гапирди. Улар боши ёрилиб, шифохонага борганини, лекин шифокорлар пул бермасанг тикмаймиз, деб гапирганидан биз тўлқинланиб, осмонда вертолёт учганида ҳам тарқаб кетмадик.

Бирданига шовқин бошланиб, ҳокимлик томондан БТР машинада аскарлар қатор ўтириб олиб, ўқ отиб кетди. Чеккада турганлар ўқ тегиб йиқилди. Ўлганларни кўрдим, ярадорларни кўрдим.

Биринчи бўлиб БТРлар ва аскарлар ўқ отди. Улар орқага қайтаётганда яна шу аҳвол такрорланди. Ҳаммамиз ўқ овозидан қўрқиб, ерга ётдик. Ўқлар одамларнинг кўзларига, қўлларига тегди. Аёл киши ўлди. Кейин қарасак, бизни ўраб бўлган экан.

Биз ўқ овозларини эшитиб, ўртада қолиб кетмаслик учун юришни бошладик. Энди нима бўлса ҳам халққа отмайди, деб катта йўлдан Сой томонга юриб кетдик. Алоқа уйидан ўтишда ўқ отиш яна бошланди. Аскарлар ўққа тутди. Ҳамма аёллар ерга ўтирди.

Биз билан ўша “акрамий” деганлар ҳам бор эди. Лекин улар ўқ отмади. Биз ўқ отмаймиз, биз жанг қилгани эмас, ҳуқуқимизни талаб қилгани чиққанмиз, деди. Одам ўлдирмоқчи эмасмиз, илтимос, оломон, дўконларга ўт қўйманглар, машиналарни ёқманглар, талончилик қилманглар, улар бошқа нарсани ўйлаб қолмасин, деди.

Мен жой етмай, ўтира олмай қолдим. Эгилиб қарасам, БТР машина нарироқда турарди. Аскарлар ётиб олиб, ўқ отарди. Бир аёл энгашмасам, ўқ тегишини айтиб, енгимдан тортди. Энгашганимни биламан, устимдан визиллаб ўқ ўтиб кетди. Қарасам, орқамда турган боланинг бошига ўқ тегибди. Унинг мияси ҳар томонга сочилиб кетди. Мияси устимизга тушиб, ҳамма ёғимиз қонга бўялди.

Йигитлар ўнг томонга, деворга қочинглар, дегандан кейин ўликларни олганлар олди, олмаганларни қолдириб, ярадорларни етаклаб, девор томонга қочдик. Ўнг томонда кўча бор экан, ўша томонга кириб яшириниб олдик.

Ҳамма шу кўча билан чиқиб кетишга ҳаракат қилди. Шу йўлдан юрсак, эрталабгача Тешиктошга етиб оламиз, деб аёллар, болалар, ҳаммамиз йўлга тушдик. Устимиз ҳўл, лой, қон эди. Йўлдан одамлардан кийимлар сўрадик. Бири костюмини, бири жемперини берди. Йўлда беш минутдан дам олдик. Юра олмай қолган аёллар, болалар ва чолларни кишилар етаклаб, кўтариб олди.

Тонг отгунча етиб олмасак, орқамиздан келиб, ўқ отади, деб кетавердик. Тешиктош қишлоғига етиб, Қирғизистонга ўтиб олсак, аскарларнинг ўқларидан омон қоламиз, деб ўйладик.

Ғўза оралаб, лойга ботиб қолмаслик учун озгина юриб, катта йўлга чиқдик. Кутилмаганда аскарлар яна ўққа тутди. Улар пистирмада кутиб турган экан. Ўқ текканлар ўлди, аёллар додлаб, ўзини ерга ташлади. Орқадагилар ортига қочди. Бир олти яшар қиз оёғидан ўқ еди. Бир аёл орқасидан ўқ еди. Бир ёш йигит кўзимнинг олдида ўлди. Бир чол оёғидан ўқ еди. Кўпчилик ўқ еди. Биз пана жойга яшириндик.

Кейин аёллар, кишилар аскарларга қуролимиз йўқ, ўтманглар, деб бақирди. Йигитлар узун ёғоч олиб, оқ кўйлакдан байроқ ясаб кўтарди. Кейин улар кўчада ўликлар, ярадорлар олдида туриб қолди.

Кейин кишилар аёлларга ҳеч нарса дея олмаслигини, йўл топиб, маҳаллалардан ўтиб, уйларига етиб олишни маслаҳат берди. Улар биз кета олмаймиз, ҳақиқат учун чиққандик, энди нима бўлсак бўлдик, деди. Ўша ерда Тентаксой деган дарё бор экан. Биз дарё бўйлаб юриб, зўрға уйга келиб олдик.

Майдондан тахминан 900 тача бўлиб чиққан эдик. Йўлда қанча одам ўлганини билмайман”.
XS
SM
MD
LG