Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Ўзбекистон ҳукумати газетаси ЕИни “тўпга тутди”


Феруза Ўзбекистон ҳукумати нашри бўлмиш “Правда востока” газетасининг 2 июндаги сонида Европа Иттифоқининг Андижон воқеалари бўйича хатти-ҳаракатлари танқид қилинган мақола чоп этилди.

“Европанинг террорчиларга ачиниш кўз ёшлари” сарлавҳали мақола муаллифи Садриддин Салоҳов ЕИ ҳақида умумий танқидий фикрлар билдираркан, ташкилотнинг Ўзбекистонда халқаро текширув ўтказиш талабига тўхталиб, жумладан, бундай ёзади:

“Бу жуда қиммат турмайди, яъни телевидениеда чиқиш қилиш ва бир неча ўн кишига хизмат сафари харажатларини тўлаш. Бироқ бундан қанчадан-қанча кўзни қамаштирувчи жиҳатлар - фойдалар бўлади. Албатта, кейинроқ бу мавзудан ЕИ устамонлик билан фойдаланишга ҳаракат қиладики, унда, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасига кредитлар ажратишда ЕИга қўл келадиган шарт-шароитлар яратилади”.

Мақоладаги фикрлар юзасидан “Озодлик” мухбири айрим кузатувчилар билан мулоқотда бўлди.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон дунёда хавфсизликнинг асосий омили -инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга имзо чеккан. Шундай экан, ЕИнинг Андижон воқеалари бўйича халқаро комиссия тузиш талаби табиийдир. Агар Ўзбекистон бу комиссияни рад этса, халқаро қонун ҳужжатларини ҳурмат қилмаслигини кўрсатади.

“Агар муаллиф Ўзбекистонда ҳам Европадаги давлатлар сингари инсон ҳуқуқлари таъминланаётгани, ўз талаби билан кўчага чиққан кишилар ҳайдалмаётганига мисол келтирганда, мен унинг мақоласини сал эътиборга олган бўлардим”, - деди И.Худойберганов.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев фикрича, ЕИнинг бу талаби ортига қандайдир ғаразли мақсадлар борлигини таъкидлаш тўғри эмас. Агар шундай бўлганида ЕИнинг Ўзбекистонни комиссия киритишга мажбур қиладиган бошқа чоралари ҳам бор.

Тилга олинган мақолада Андижон воқеаларини таҳлил қилишга Ўзбекистоннинг қурби етиши таъкидланади:

“Ислом Каримов таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўз кучи билан мустақил тергов ўтказишга қодир. Бунинг учун махсус комиссия ташкил қилинди ва унга Олий Мажлисдаги барча партиялар ва фракциялар вакиллари ҳамда таниқли сиёсий арбоблар таклиф қилинди”.

И.Худойберганов Олий Мажлис комиссиянинг Андижон воқеаларини холис ўрганишига шубҳа билдирди.

“Чунки, - унинг айтишича, - бу комиссия қонуний йўл билан халқ томонидан сайланган кишилардан иборат эмас. Шундай экан, улар Андижон воқеаларига Президент қарашларидан фарқли ёндашишини кутиш мумкин эмас”.

“Зеркало 21” газетасида ҳам “Андижон воқеалари акс-садолари” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Мақолада Россия Президенти матбуот хизмати маслаҳатчиси Михаил Леоновнинг қуйидаги фикрлари келтирилади:

“Ўзбекистон ҳукумати ҳамма ишни тўғри қилди ва муҳими, ўз вақтида қилди. Ўзбекистон Президенти Каримовга кўп ташаккур айтмоқ лозимки, у мамлакатдаги вазиятни тўла барқарорлаштира олди”.

И.Худойберганов Леоновнинг фикрлари Ўзбекистон раҳбариникидан фарқ қилишини, Ислом Каримов Андижон воқеаларини “миллат фожеаси” деб атагани тўғрисида гапирар экан: “Агар миллат фожеасида давлатнинг ҳеч қандай айби бўлмаса, у ҳолда мен рус жаноби оғзидан чиққан бундай сўзларни асло тушуна олмайман”, - деди.
XS
SM
MD
LG