Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Андижонликлар ахборот етишмаслигидан қийналяпти


Турғунбек

Андижон шаҳри ва туманларида яшовчи фуқаролар Андижон воқеалари юзасидан ахборот олиш имконияти жуда чекланганини билдирмоқда.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган элликка яқин фуқаронинг сўзларига қараганда, андижонликлар бу ҳақдаги ишонарли ахборотни ўз кўзи билан кўрган одамлар ёки миш-мишлар орқали олмоқда.

“Нафақат Андижон аҳли, балки бутун Ўзбекистон халқи бўлиб ўтган воқеалар ҳақидаги ахборотлардан мосуво бўляпти. Ҳатто кабель телевидениелардан ҳам маълумот олишнинг имкони йўқ. Ўзбекистон телевидениеси эса умуман ахборот бермайди ёки ҳукуматга маъқул муносабатларни эфирга узатади”, - дейди андижонликлар.

Андижон туманилик фуқаронинг сўзларига қараганда, баъзилар хорижий радиолар орқали ахборот олишга уринмоқда. Аммо бу радиолар бўғилиб, улар чиқадиган частоталар орқали концертлар берилмоқда.

Андижонликлар шаҳарга журналистларнинг киритилмаётганига ҳам муносабат билдирди.

“Президент хорижда ҳам тартибсизлик, беқарорлик бўлган бирорта жойга журналистлар киритилмаслиги ҳақида гапирди. Аммо Ироқда уруш бўляпти, журналистлар эса бемалол ишлаяпти-ку. Шунинг учун Андижонга ҳам журналистлар киришига тўсқинлик қилинмаслиги керак”, - деди суҳбатдошлар бири.
XS
SM
MD
LG