Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2021, Тошкент вақти: 21:47

Халқаро хабарлар

Чоршанба куни Испаниянинг Кордоба шаҳрида антисемитизм масаласига бағишланган анжуман иш бошлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо 55 давлат вакиллари иштирокида ўтаëтган бу йиғилиш икки кун давом этади. Кордобада ўрта асрларда яҳудийлар¸ мусулмонлар ва насронийлар бир-бирлари билан тотувликда яшаб келган.
ЕХҲТ ҳомийлигидаги антисметизм масаласига оид йиғилиш 2003 йилда Венада¸ 2004 йил Белинда бўлиб ўтган эди. Аммо Кордоба анжуманида ксенофобия¸ яъани ўзга миллатлардан қўрқиш ва тоқатсизликнинг барча кўринишлари муҳокама этилиши кутилмоқда.

Кун янгиликлари

Ғарб давлатлари Грузиядаги «беқарорлаштирувчи» ҳодисалардан хавотир изҳор қилди

АҚШ Сенатининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси, сенатор Боб Менендез .

АҚШ Сенатининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси, сенатор Боб Менендез Германия, Литва, Эстония, Латвия, Польша ва Чехия расмийлари билан бир қаторда Грузияда содир бўлаётган «беқарорлаштирувчи ва антидемократик ҳодисалар»дан хавотир билдирди.

Менендез ва юқорида тилга олинган мамлакатлар вакиллари имзолаган баёнотда «Грузиядаги энг йирик мухолифат партияси бўлмиш Бирлашган миллий ҳаракат раиси Ника Мелияни ҳибсга олиш учун партия офисига бостириб кирилгани Грузиядаги демократия ва эркинлик заифлигини фош қилди», дейилади.

23 февраль куни Грузия полицияси Бирлашган миллий ҳаракат офисига бостириб кириб, унинг етакчиси Мелияни қамоққа олган эди.

Натижада минглаб одам пойтахт Тбилисида норозилик намойишига чиқди. Грузия ва НАТО байроқларини кўтариб олган намойишчилар мамлакат парламенти биноси олдида тўпланиб, навбатдан ташқари парламент сайловларини ўтказилишини ва сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилдилар.

Мелия 2019 йилдаги аксилҳукумат намойишлар пайти оммавий зўравонликларни уюштиришда айбланмоқда. Унинг ўзи бу айблов ортида сиёсий сабаблар турганини айтиб келади.

Байден: АҚШ Сурияда берган зарбалар Эрон учун огоҳлантирувдир

АҚШ президенти Жой Байден

26 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден Сурия шарқида Эрон дастаклаб келган қуролли кучларга берилган ҳаво зарбалари Теҳрон учун огоҳлантириш эканини айтди.

25 февраль куни АҚШ Мудофаа департаменти ой бошида Ироқда АҚШ ва коалиция қўшинлари жойлаштирилган базага қилинган ракета ҳужумларига жавобан жангариларга ҳаводан зарба берилганини маълум қилган эди.

Пентагоннинг маълум қилишича, икки F-14 ҳарбий учоғидан ракета ҳужумини амалга оширгани айтилаётган жангари гуруҳлар объектларига еттита бомба ташланган.

Зарбалар Сурия – Ироқ чегарасида Эрон дастаклаб келаётган қуролли кучлар, шу жумладан, «Каитиб Ҳизбуллоҳ» ва «Каитиб Саййид Ал-Шуҳада» гуруҳлари ишлатадиган «кўплаб объект»ни нишонга олган.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, зарбалар натижасида Миллий мобилизация бўлимининг 17 аъзоси нобуд бўлган.

Россия мухолифати Борис Немцовни хотирлашга ҳозирланмоқда

Борис Немцов 2015 йил, 27 февраль тунда Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

27 февраль куни Россия мухолифати фаоллари Москва марказида ўлдирилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцовни хотирлашни режалаштирмоқда.

Немцов бунда роппа-роса олти йил олдин – 2015 йил 27 февраль тунда Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

Немцовни хотирлаш маросими Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний қамоқда қолаётган ва унинг иттифоқчиларига қарши қатағон кучайган бир пайтга тўғри келди.

Навальний жамоаси унинг тарафдорларини бир дақиқа сукут сақлашга ва Немцов отиб ўлдирилган Большой Москворецкий кўпригида гул қўйишга чақирди.

Россия ҳукумати ўнлаб шаҳарда 10 мингдан зиёд одамни ҳибсга олиб, уларнинг кўпини маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортгани учун Навальний иттифоқчилари норозилик намойишлари баҳорга қадар тўхтатиб турилишини эълон қилдилар.

Ўтган ҳафта Москва суди Навальнийни 2,5 йилга қамаш тўғрисидаги аввалги суд қарорини қонуний деб топди.

Мухолифат 27 февраль куни Немцов хотирасига митинг эмас, балки «хотирлаш тадбири» ўтказиш режалаштирилганини билдирди.

Москва шаҳри мэрияси коронавирус пандемияси туфайли мухолифат тарафдорларининг эсдалик маршини ўтказиш аризасини рад этди.

27 февраль куни Борис Немцов номидаги эркинлик жамғармаси Навальнийни «Жасорат учун Борис Немцов мукофоти» билан тақдирлади.

Жамғарма ушбу муносабат билан эълон қилган баёнотда «Навальний нафақат шахсий жасорат намойиш этди, балки коррупцияни фош этиш ва Россиянинг ҳанузгача мавжуд бўлган сиёсий жараёнларида фуқароларнинг фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшди», дейилади.

Жамғарма директори Россия расмийларини Навальнийни «зудлик билан» озодликка чиқаришга чорлади.

Немцов тарафдорлари унинг ўлими ортидан Москворецкий кўпригида гуллар, фотосуратлар ва шамлардан иборат ёдгорликни яратган. Аммо полиция, шаҳар ишчилари ва бошқалар уни мунтазам равишда бузиб келади.

Немцов Борис Ельцин президентлиги йилларида бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин унинг ашаддий танқидчисига айланган эди.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров билан алоқаси бор беш чечен 2015 йил Немцов ўлимида айбланиб, жавобгарликка тортилди.

Қодиров бу ишда қўли борлигини рад этcа ҳам, айбланувчиларнинг бири Заур Дадаевни «чинакам ватанпарвар», деб таърифлаган.

Туркманистонда ит байрами таъсис этилди

Туркманистонда бундан буён алабай ити байрами нишонланади. Янги байрамни таъсис этиш тўғрисидаги фармонни мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов имзолагани ҳақида 25 февралда маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Алабай ити байрами ҳар йили апрелнинг сўнгги якшанбасида, ахалтекин оти куни билан бирга нишонланади.

Ўтган йилнинг ноябрида Бердимуҳаммедов Ашхабодда алабайнинг олтин ёдгорлигини тантанали равишда очиб берганди. Олтин ёдгорлик пойдеворига Led-экран ўрнатилган. Ёдгорликнинг очилиш маросимида алабай итлари акс этган видеороликлар экранда намойиш этилган.

Туркманистон президенти Алабайга олтин ҳайкал ўрнатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:17 0:00

АҚШ кучлари Суриядаги нишонларга ҳаводан зарба берди

АҚШнинг B-52 бомбардимончилари Яқин Шарқдаги ҳарбий машғулотлар чоғида - 27 январь, 2021

АҚШ кучлари пайшанба куни Эрон дастаклаётган ҳарбийлашган гуруҳларнинг Суриядаги объектларига ҳаводан зарба берди.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг билдиришича, ҳужум натижасида Суриянинг Ироқ билан чегарасида жойлашган бир неча бино йўқ қилинган. Пентагондаги аноним манбаларнинг хабар беришича, эронпараст гуруҳлар бу бинолардан контрабанда қуролларни сақлаш учун фойдаланган. CNN маълумотига кўра, бир неча жангари ўлдирилган.

Бу ҳужум Ироқнинг шимолидаги Ирбилдаги ракета зарбаларига жавобан амалга оширилди. Ирбилдаги ҳужумда бир неча АҚШ ҳарбийси яраланган, Пентагон учун ишлаётган бир нафар Филлипин фуқароси вафот этган эди. АҚШ Ирбилдаги ҳужум ортида Эрон турганини айтган.

Пентагон вакили ўз баёнотида таъкидлашича, Суриядаги объектларга зарба «аниқ мужда бермоқда: президент Байден АҚШ ҳарбийлари ҳамда халқаро коалиция аъзоларини ҳимоя қилади». АҚШ президенти Жо Байден иттифоқчилар билан маслаҳатлашувдан сўнг Суриядаги объектларга зарбани шахсан маъқуллаган.

Европа Иттифоқи беларуслик мулозимларга қарши санкция муддатини узайтирди

Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида Александр Лукашенко ҳам бор

Европа Иттифоқи 1994 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган авторитар раҳбар Александр Лукашенко дохил беларуслик ўнлаб мансабдорга қарши санкциялар муддатини бир йилга узайтирди.

Европа кенгаши сайти орқали 25 февраль куни ёйинланган хабарномада санкциялар “Беларусда тинч намойишчилар, мухолифатчилар ва журналистларга нисбатан зўравонлик қабатида уюштирилган қатағон учун масъул бўлган мансабдорлар ҳамда сайлов натижалари сохталаштирилгани учун масъул бўлган шахслар”га қарши қаратилгани айтилган.

Санкциялар 2020 йил августида ўтказилган президент сайлови натижаларига қарши бўлиб ўтган намойишлар расмий Минск томонидан шафқатсиз бостирилганидан сўнг жорий этилганди. Мухолифатчилар ва халқаро кузатувчилар мазкур сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келишади. Лукашенко ғолиб деб эълон қилинган президент сайлови натижалари Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва бошқа кўплаб мамлакат томонидан тан олинган эмас.

Ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида кучга кирган санкциялар беларуслик 88 нафар жисмоний шахс ва еттита юридик шахсга қарши қаратилган. Тақиқ ЕИга сафар қилиш ва активларни музлатиш каби чораларни ўз ичига олади. ЕИ субъектларига санкция рўйхатига киритилган шахслар билан молиявий операциялар ўтказиш тақиқланган.

Санкциялар узайтирилгани беларуслик амалдорларга қарши чоралар йўқ деганда 2022 йил 28 февралигача амалда бўлишини англатади.

Истанбулда чавақланган ўзбекистонлик муҳожир касалхонада жон берди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида шу йилнинг 23 февраль куни баданига ўткир тиғли жисм билан оғир тан жароҳати етказилган ўзбекистонлик О.Б. вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маҳаллий прокуратура вакилларига сўзларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Хабарномада ўзбекистон муҳожир олинган тан жароҳатлари туфайли Истанбулдаги Башакшеҳир давлат шифохонасида оламдан ўтгани айтилган.

Ўзбек дипломатлари мазкур ҳолат ўзлари томонидан қатъий назоратга олиниб, Туркиянинг ваколатли органлар томонидан бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирганлар.

Қайд этилишича, Бош консулхона марҳум муҳожир жасадини дафн қилиш учун Ўзбекистонга олиб кетишда лозим бўладиган барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирган ва марҳумнинг оила аъзоларига керакли ҳуқуқий ёрдамни кўрсатган.

Озодлик аввалроқ Истанбулнинг Малтепе мавзеида 2020 йил 9 декабрида рўй берган можарода ўзбекистонлик 31 ёшли Бурҳонжон Олчинов маҳаллий тиланчи томонидан пичоқлаб ўлдирилгани, 12 декабрь куни эса шаҳарнинг Чаталжа мавзеида юз берган ўзаро жанжал оқибатида ўзбекистонлик 34 ёшли Х.Х. вафот этгани ҳақида хабар қилганди.

Россия коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинасини нархини икки баробарга арзонлатди

Россиянинг "Спутник V" вакцинаси Қозоғистонда ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Спутник V" вакцинасининг нархини икки баробарга арзонлатди ва вакцинанинг икки компоненти баҳосини 866 рубль 81 копейка қилиб белгилади.

“Нарх пасайтирилиши вакцинани ишлаб чиқаришнинг технологияси оптимизациялаштирилгани, Россия аҳолисини оммавий равишда эмлаш мақсадида уни ишлаб чиқариш ҳажми кўпайгани ортидан юз берди”,-деб иқтиос келтирди Ишлаб чиқариш ва савдо вазири Денис Мантуров сўзларидан ҳукумат ахборот хизмати.

Аввал "Спутник V" вакцинасининг нархи 1942 рубль эди. Янги нарх - 866 рубль 81 копейка 5 мартдан бошлаб барча ишлаб чиқарувчилар учун мажбурий бўлади.

Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонда сертификатлаштирилган ҳолда оммавий қўллаш жараёнига Республика махсус комиссияси 17 февралда рухсат этган эди.

“Бугунги кунда ушбу вакцинадан 1 миллион доза харид қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.

Арманистон Қуролли кучлари бош вазир Пашиняннинг истеъфо беришини талаб қилди

Арманистон бош вазири Пашинян ўз тарафдорлари билан бирга. Ереван, 25 февраль, 2021 йил.

Арманистон Қуролли кучлари бош вазир Никол Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилди.

Қуролли кучлар Бош штабининг 25 февралда тарқатган баёнотида айтилишича: “Арманистон Республикасининг бош вазири ва ҳукумати арман халқи учун оғир дамда адекват қарор қабул қила олмаган”.

Бундан ташқари Қуролли кучлар Бош штаб раҳбарининг биринчи ўринбсоари ишдан бўшатилганига норозилик билдирган. Бир кун аввал Пашинян генерал-лейтенант Тиран Хачатрянни лавозимидан озод қилганди.

Пашинян Бош Штаб баёнотини “ҳарбий давлат тўнтатириши” сифатида баҳолади.

“Мен Бош штаб баёнотини ҳарбий давлат тўнтариши сифатида баҳолайман. Ўз тарафдорларимни Республика майдонига йиғилишга чақираман”,-деб ёзди Пашинян Фейсбук саҳифасида.

Орадан кўп ўтмай, Пашинян Республика майдонига йиғила бошлаган ўз тарафдорлари сафига қўшилди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар бўлиб ўтди. Бунга Пашинян Россия востачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани сабаб бўлган.

Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

Путин полицияга бўйсунмаганлик учун жарима миқдорини оширишга оид қонунни имзолади

Навальний ҳимояси учун акцияга чиққан намойишчи қиз полициячилар томонидан тутиб кетилмоқда, Москва, 2021 йил 31 январи

Россия президенти Владимир Путин оммавий тадбирлар уюштириш тартибини бузганлик, полиция ходимларига бўйсунмаганлик ҳамда хориж агенти ҳисобланмиш ноҳукумат ташкилотлари ва жисмоний шахслар ишига оид маълумотни ёйинлашда маркировка берилмагани учун жарима миқдорини ошириш тўғрисидаги қонунларни имзолади.

Митинглар ташкил этиш чоғидаги молиявий қонунбузарликлар учун эндиликда фуқаролар 10 минг рублдан 20 минг рублгача, мансабдор шахслар 20 минг рублдан 40 минг рублгача, юридик шахслар эса 70 минг рублдан 200 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин (шу кундаги курс бўйича 1 АҚШ доллари 74 рублга тенг). Полиция ходимларига бўйсунмаганлар, янги қонунга мувофиқ, 4 минг рублгача жарима тўлашлари ёки 120 соатгача ҳибс этилишлари мумкин. Маъмурий ҳибснинг максимал муддати аввалгидек (15 сутка) қолган.

Хориж агенти ҳисобланмиш ноҳукумат ташкилотлари ва жисмоний шахслар ҳақидаги маълумотларни уларнинг мақомини зикр этмай ёйинлаган оммавий ахборот воситаларига 50 минг рублгача жарима солинади. Хорижий агент ҳисобланмиш ноҳукумат ташкилоти ўз мақомини қайд этмай материал ишлаб чиқарган тақдирда мансабдор шахслар 100 минг рублдан 300 минг рублгача, юридик шахслар эса 300 минг рублдан 500 минг рублгача жаримага тортилади.

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетига халқаро мақоми берилди

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек универистети биноси.

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университети номи ўзгартирилди. 24 февралда расман билдирилишича, эндиликда университет Ботирали Сидиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университети деб аталади.

Таълим ва фан вазирлигининг билдирилишича, бу борадаги қарор 15 январда маҳаллий аҳолининг кўп сонли мурожаатлари ортидан қабул қилинган.

Давлат ва жамоат арбоби, фалсафа фанлари доктори Ботирали Сидиқов Қирғизистон мустақиликка эришганидан сўнг энг биринчи “афсонавий” парламент депутати бўлган. У Ўзбекистон Файласуфлар жамиятининг фахрий аъзоси, Қозоғистон Фанлар Академияси ва Қирғизистон Фанлар Академиясининг фахрий профессори бўлган.

Қирғизистон Инженерлик академияси ҳақиқий аъзоси Ботирали Сидиқов 3 монография ва 35та илмий тадқиқот муаллифи.

Университет 2010 йилдаги Ўш воқеаларига қадар Қирғиз-Ўзбек университети деб номланган. Ўш воқеаларидан сўнг унинг номи Давлат ижтимоий университети деб ўзгартирилган. Орадан бир неча йил ўтгач, таълим даргоҳи номи яна Қирғиз-Ўзбек университети деб ўзгартирилган эди.

Amnesty International Навальнийни “виждон тутқуни” деб аташдан бош тортди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳозирда қамоқда бўлган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни “виждон тутқуни” деб топишга оид қарорини бекор қилди.

Alнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича менежери Александр Артемьевнинг “Медиазона” нашрига айтишича, мазкур қарор ташкилотнинг юридик ва сиёсий департаменти Навальнийнинг 2000-йиллар ўрталарида қилган чиқишлари ўрганиб чиқиб, уларда “нафрат риторикаси”ни топганидан кейин қабул қилинган. Бу ерда Навальнийнинг айнан қайси чиқишлари ҳақида гап бораётганига Артемьев аниқлик киритган эмас.

Айни пайтда у ҳуқуқ фаолларида Навальний айтган гаплар бўйича текшириш ўтказиш ҳақида ёппасига мулоҳазалар мухолифатчини хорижда обрўсизлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган кампания бўлиши мумкин, деган таассурот уйғотган. Артемьев бундай мулоҳазалар қаердан келиб тушаётганини айтмаган, бироқ “Навальнийни зудлик билан озод қилиш талаби ўз кучида қолиши”, чунки мухолифатчи мутлақо сиёсий мотивлар асосида таъқиб қилинаётганини урғулаган.

Amnesty International ташкилоти Алексей Навальний бир ой муқаддам Москва аэропортида қўлга олингани ортидан мухолифатчини “виждон тутқуни” деб топганди. Ўша пайтда Al “Навальнийнинг қўлга олиниши Россия расмийларининг мухолифатчи овозини ўчиришга галдаги уриниши” ўлароқ баҳолаганди.

Кейинроқ инсон ҳуқуқлари ташкилотига бу қарор юзасидан ёппасига шикоят хатлари кела бошлаган. Amnesty International’даги аноним манба “Медиазона” нашрига бу хатлар ортида Кремль томонидан молиялаштирилувчи Russia Today медиахолдинги турган бўлиши мумкин, деган тахминни айтган.

Microsoft раҳбари АҚШ тарихидаги энг хавфли киберҳужумда Россия разведкасини айблади

Microsoft корпорацияси раҳбари Брэд Смит SolarWinds ширкатига уюштирилган ҳакерлик ҳужумига Россиянинг алоқаси борлигига оид далиллар мавжудлигини билдирди. Мазкур ҳужум АҚШ тарихидаги энг хавфли киберҳужум экани айтилади.

АҚШ Сенатининг разведка бўйича қўмитасида чиқиш қилган Смитнинг қайд этишича, мутахассислар киберҳужумнинг Россия разведкаси томонидан амалга оширилганига оид асосли далиллар топган, ҳужум бошқалар томонидан амалга оширганига оид эса ҳеч қанақа далил тополмаган.

Смитга кўра, Техасда жойлашган SolarWinds ширкати тизимига киришга имкон берувчи код шу қадар мураккабки, унинг устида камида минг нафар юқори малакали дастурчи ишлаган.

“Бу кўлаб давлат тузилмалари иштирокига ишора қилмоқда”, деган Microsoft раҳбари.

Сенатдаги тингловда иштирок этган FireEye ширкати раҳбари Кевин Мандиа ҳужум чоғида ҳакерлар Россия томонидан қўлланиб келинган воситаларга ўхшаш воситалардан фойдаланганини маълум қилган. Мандиага кўра, улар Хитой, Шимолий Корея ёки Эрон томонидан қўлланиладиган воситаларга ўхшамайди.

Декабрь ойи ўрталарида АҚШдаги қатор давлат идоралари ва хусусий ширкатларга ҳакерлик ҳужуми уюштирилгани хабар қилинганди. Ҳужумга учраганлар орасида Microsoft ширкати ва унинг мижозлари ҳам бўлган. Ҳакерлар серверларга SolarWinds ширкати дастур таъминотига вирус юқтириш орқали ёриб киришга муваффақ бўлишган. Ўшанда Қўшма Штатларда Мудофаа, Савдо, Энергетика, Ички хавфсизлик ва Молия вазирлиги дохил камида тўққизта федерал агентлик ҳамда 100 дан зиёд хусусий ширкат ҳужум нишонига айланганди. Вирусли дастурдан истеъфода этган фойдаланувчиларнинг умумий сони 18 мингга етиши мумкин.

АҚШ нашрлари аввалроқ ҳужум Россия хавфсизлик хизматлари назорати остида бўлган ҳакерлар томонидан уюштирилганини иддао қилиб чиққан.

Бироқ ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Дональд Трамп ҳужум учун Россияни айблашдан бош тортган, Оқ уй эса Москванинг айбдорлигига оид расмий баёнот ёйинлаш фикридан сўнгги дақиқада воз кечганди.

Куни кеча Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ яқин бир неча ичида SolarWinds ширкатига уюштирилган ҳакерлик ҳужумга жавоб беражагини билдирган. Салливанга кўра, жавоб “кўринадиган ва кўринмайдиган” бир неча воситани ўз ичига олади.

АҚШда коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 500 мингдан ошди

АҚШ президенти Жо Байден

Душанба куни АҚШда COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони ярим миллиондан ошди.

Мамлакат ҳудудида илк коронавирусга чалиниш ҳолати бундан бир йил олдин Калифорния штатида қайд этилган эди.

Президент Жо Байден жума куни қуёш ботгунига қадар жамоат бинолари ва майдонларда АҚШ байроғини марҳумлар хотирасига пастлатиб қўйишни буюрди.

«Ушбу қайғули дамда бизни тарк этганларни ва уларнинг яқинларини ёдга оламиз», дейилади Байден баёнотда.

«Биз миллат сифатида уларни ёдда тутишимиз керак, шунда ярамиз бита бошлаши, бирлашишимиз ва бир миллат ўлароқ ушбу пандемияни енгишимиз мумкин».

Вашингтондаги Миллий собор қўнғироқлари 500 минг ҳалок бўлган америкалик хотирасига 500 марта чалинди.

Қўнғироқ чалиб бўлинганидан кейин, Байден Оқ уй олдида нутқ сўзлаб,

«Америкадаги ушбу оммавий ўлим кўламини тан оламиз, ҳар бир инсонни ва унинг ҳаётини ёдимизда сақлаймиз», - деди.

«Ҳар куни кечқурун онасидан хабар олиш учун қўнғироқ қилган ўғилни. Отани, унинг дунёсини ёритган қизини. Доим ёнида бўлган энг яхши дўстини. … Беморларини яшашга ундаган ҳамширани».

Байден нутқ сўзлаб бўлганидан кейин, вице-президент Камала Харрис ва унинг турмуш ўроғи қора кийим ва қора ниқоб кийган ҳолда пайдо бўлдилар. Улар «Amazing Grace» (Ажойиб марҳамат) насроний мадҳияси янграр экан, сукут сақлаб турдилар.

Мамлакатда бугунга қадар 28 миллиондан ортиқ COVID-19 вирусига чалиниш ҳолати қайд этилди. Аммо касалхонага ётқизилиш ҳолатлари Рождество байрамидан бери энг паст даражага тушди.

Жаҳон бўйлаб коронавирус билан алоқадор кўрилаётган ўлимларнинг тахминан 19 фоизи АҚШда қайд этилди.

АҚШ аҳолиси глобал миқёсда вирусни юқтирганларнинг атиги 4 фоизини ташкил этиши ҳисобга олинса, вирус туфайли нобуд бўлган америкаликлар сони ўта юқоридир.

Канада парламенти Хитойни уйғурларни геноцид қилаётганликда айблади

Хитойдаги мусулмонлар сақланаётган "қайта тарбиялаш лагер"ларидан бири.

Канада парламентининг қуйи палатаси Хитой уйғурларга қарши геноцид содир этмоқда, деб топди.

22 февраль куни Хитойдаги уйғурлар «геноцидга дучор бўлгани ва дучор бўлаётгани» ҳақидаги резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Канада парламенти, шунингдек, уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабат ўзгармаса, 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинларини Пекиндан бошқа жойга кўчиришни талаб қилувчи резолюцияни ҳам қабул қилди.

Ўтган ҳафтада Канада бош вазири Жастин Трюдо Шинжонда содир этилаётган қонунбузарликлар ҳақида кўплаб хабар келаётганини айтган эди. Шинжонда Хитой ҳукумати камида 1 миллион уйғурни ва бошқа мусулмон халқларни қамоқ-лагерларда ушлаб тургани айтилади.

Январь ойида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳам Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» содир этган, деб топган эди.

Янги президент Жо Байден маъмурияти бу баёнотни қўллаган ва Хитой уйғурларни геноцид қилаётганини тан олишини билдирган.

Хитой бу лагерлар диний экстремизмни йўқ қилиш ва одамларни ҳунарга ўргатиш мақсадида тузилганини иддао қилиб келади.

NASA марсюрарининг қизил сайёрага қўнаётгани акс этган видео эълон қилинди (ВИДЕО)

Марс сайёрасининг кўриниши.

АҚШ аэрокосмик агентлиги (NASA) Марсга ўзининг Perseverance ровери қўнаётгани акс этган тиниқ видеони эълон қилди.

Аппаратни Марсга қўндириш учун масъул бўлган гуруҳ раҳбари Ал Чен ровер томонидан юборилган тасвирларни «биз орзу қилган нарса» деб атади.

Perseverance ровери Марс сатҳига 18 февраль куни қўнган эди. Унга ўрнатилган 6 камера қўниш жараёнини бошдан оёқ ёзиб олган. Қўниш давомида камераларнинг биттаси ва микрофон ишламай қолган.

NASA эълон қилган видеода тўқ сариқ ва оқ рангли парашютнинг очилгани ва Марснинг юзаси тобора яқинлашиб бораётгани, сайёра сатҳига яқин қолганда ракета двигателлари ишга тушиши ортидан қизил чанг кўтарилганини кўриш мумкин.

Марсюрар сайёрада қадимда ҳаёт бўлганига оид аломатларни топишга уринади ҳамда тупроқ намуналарини йиғади. Тўпланган намуналар кейинчалик Ерга етказилади.

Қатарда Толибон билан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокаралари давом этади

Афғонистон шаҳарларидан биридаги манзара.

Қатарда бир ойдан ошиқ чўзилган танаффус ортидан Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасида тинчлик музокаралари қайта жонлантириладиган бўлди.

22 февраль куни кечқурун Толибон матбуот котиби Муҳаммад Наим Twitterда музокаралар давом этишини маълум қилди. Музокаралар ўтган ойда тўсатдан тўхтаб қолган эди.

Афғонистон ҳукумати, АҚШ ва НАТО учун Толибон билан тинчлик сулҳи имзоланишидан олдин мамлакатда зўравонлик камайишига эришиш устувор вазифадир. Толибон зўравонликни озайтириш мумкин эканини айтган, аммо экстремистик гуруҳ зудлик билан сулҳ имзолашга қаршилик кўрсатмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 23 февраль куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, ўтган йили зўравонликлар туфайли ўлган ва яраланган афғонистонликлар сони 2019 йилга нисбатан 15 фоизга камайган, аммо 2020 йилнинг сўнгги ойларида зўравонлик яна кўпайган.

ЕИ Навальний қамалишига алоқадор Россия амалдорларига қарши санкция жорий қилади

Мухолифатчи Алексей Навальний.

22 февраль куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россияда мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа йўлланиши ва унинг сафдошларига қарши қатағон уюштирилиши муносабати билан «муайян шахсларга» қарши санкция жорий қилишга келишиб олди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги иттифоқнинг бу қароридан «ҳафсаласи пир бўлганини» билдирди ва блокнинг Ташқи ишлар кенгашини «уйдирмалар» асосида Россия фуқароларига қарши «ноқонуний чекловларни жорий қилишда» айблади.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жосеп Боррель янги санкциялар билан нишонга олинадиган россияликлар рўйхатини тузишини айтди.

Бир неча ахборот агентлиги аноним дипломатик манбаларга таянган ҳолда ЕИ тўрт нафар юқори лавозимли амалдор, шу жумладан, Россия Федерал Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинни жазолашга келишиб олгани ҳақида хабар берди.

Ўтган йил октябрида ЕИ Навальнийнинг «Новичок» моддаси билан заҳарланиши важидан россиялик олти нафар мулозимни «қора рўйхат»га киритган эди.

Тихановская беларусликларни 25 март куни кўчага чиқишга чақирди

Светлана Тихановская

Беларус президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская мухолифат тарафдорларини 25 март – мустақиллик кунида ўзлари яшаётган шаҳарлар кўчаларига норозилик билдириб чиқишга чақирди. Тихановская мазкур баёнотни ўз Телеграм-канали орқали ёйинлади.

Мухолифатчи юртдошларини 25 март кунига ҳозирданоқ тайёрланишга чақирган.

Аввалроқ Тихановская Швейцариянинг Le Temps газетасига берган суҳбатида мухолифат кучлари “кўча кураши”ни бой берганини эътироф этиб, Лукашенко режими устидан ғалаба қозониш учун режаланганидан кўра кўпроқ вақт керак бўлишини урғулаганди. Айни пайтда у мамлакатда оммавий норозилик чиқишлари баҳорда давом этиши мумкинлигига умид билдирган.

Тихановскаянинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Франак Вячорка ҳам Россиянинг The Insider нашри билан суҳбатда кўча намойишлари “кунлар илиши билан” қайта бошланиши ҳақидаги тахмини билан ўртоқлашган. “25 март баҳорги норозилик чиқишлари учун муҳим санага айланиши мумкин”, деган у.

Беларусда оммавий норозилик намойишлари ўтган йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин бошланиб кетган.

Мазкур сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилган намойишчилар олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган.

Беларусдаги хавфсизлик кучлари намойишларни бостириш чоғида камида беш киши нобуд бўлгани, минглаб намойишчини қўлга олгани, юзлаб одам жабрлангани, тергов ҳибсхоналарида қийноққа солингани ва таҳқирлангани айтилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача 30 мингдан зиёд беларуслик қатағонга учраган, мамлакат расмийлари ўз мухолифларига қарши 900 дан зиёд жиноят иши очганлар.

Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ Беларусдаги президент сайловини “легитим” дея тан олмаган. Европа парламенти мамлакатда тинч намойишларнинг аёвсиз бостирилишини қоралаган резолюцияни қабул қилган, беларуслик қатор амалдорларга қарши санкциялар жорий этилган.

Қирғизистонда Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси рўйхатга олинди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги дори-дармон воситалари ва тиббий жиҳозлар департаменти коронавирусга қарши “Спутник V” препаратини рўйхатга олди.

Департамент матбуот хизмати маълумотига кўра, препаратнинг рўйхатга олиниши Қирғизистонда яқин орада аҳолини эмлашни бошлашга имкон яратади.

Аввалроқ Россия бевосита инвестициялар жамғармаси “Спутник V” вакцинаси самарадорлиги 95 фоиздан ошганини билдирган. Мазкур вакцина Россиядаги Гамалеи номидаги илмий марказ томонидан ишлаб чиқилган.

Қирғизистон ҳукумати ўтган йил ноябрида коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш бўйича Россия билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган. Шундан сўнг қирғизистонлик мутахассислар “Спутник V” вакцинаси клиник синовлари натижалари билан танишиш учун Москвада бўлиб қайтганлар.

Кейинроқ ҳукумат мулозимлари март ойи бошида Қирғизистонга Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасининг илк партияси олиб келиниши ҳақида билдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 86 минг нафардан ошган, пандемия бошидан бери бу мамлакатда COVID-19 важидан 1 минг 460 киши қурбон бўлган.

АҚШда COVID-19 қурбонлари хотирасига беш кун мотам тутилади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден беш кун мобайнида мамлакатдаги федерал ва ҳарбий объектларда байроқларни бироз тушириб қўйишни буюрган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

Қайд этилишича, 22 февраль куни Байден коронавирус важидан қурбон бўлган 500 минг америкаликни бир дақиқа сукут сақлаш билан ёдга олган, сўнгра юртдошларини ихтилофларни четга суриб, пандемияга қарши биргаликда курашишга чақирган.

АҚШ президенти пандемия чоғида Биринчи, Иккинчи жаҳон урушлари ва Вьетнам урушларида ҳалок бўлган жами америкаликдан кўра кўпроқ одам вафот этганини таассуф билан таъкидлаган.

Байден ҳамюртларини ниқоб тақиб юришга, ижтимоий масофага риоя қилиш ва эмланишга даъват этган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Қўшма Штатлар COVID-19 қурбонлари сони бўйича ҳам (500 мингдан зиёд), хасталик юқтириб олганлар сони бўйича ҳам ( 28 миллиондан кўпроқ) ҳалигача жаҳонда 1-ўринда бўлиб турибди.

Ислом уйғониш партияси: Бизнинг ҳарбий қанотимиз йўқ

Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбарияти Афғонистон махсус хизматларининг Афғонистонда партиянинг қуролланган аъзолари борлиги ҳақидаги баёнотини рад этди.

Аввалроқ Кобул расмийлари мамлакатда 6 мингдан 10 минггача хорижлик жангчилар борлигини, улар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам борлигини таъкидлаган эди.

18 февраль куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бош бошқармаси раиси Аҳмад Зиё Сараж терроризмга қарши кураш бўйича Кобулда бўлиб ўтган анжуман якунида мамлакатда Ўзбекистон исломий ҳаракати, «Ансоруллоҳ» ҳаракати, Шарқий Туркистон исломий ҳаракати ва Тожикистон Ислом уйғониш партияси жангарилари борлигини таъкидлади.

Сараж ушбу қуролли гуруҳларнинг мақсади Марказий Осиё ва Хитойда уруш келтириб чиқариш эканини қўшимча қилди.

Тожикистонда ман этилган Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий 19 февраль куни Озодлик радиосининг тожик хизматига берган интервьюсида:

-ТИУПнинг ҳарбий қаноти йўқ, шу жумладан, Афғонистонда ҳам. Ушбу баёнот Афғонистон махсус хизматлари томонидан тожикистонлик ҳамкасблари учун махсус қилинди, - деди.

Тожикистон олий суди 2015 йилда Ислом уйғониш партиясини террор ташкилоти сифатида тан олган. Ўшандан бери партиянинг кўплаб етакчилари ва аъзолари қамоққа олинди, уларнинг айримлари мамлакатни тарк этди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Тожикистонда қирғизлар гаровга олингани ҳақидаги хабарларни рад қилди

Расмийларга кўра, Тожикистондан 9маҳсулотларни ноқонуний олиб чиқишга уринган қирғизистонликлар ҳибсга олинган.

22 февраль куни Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) Тожикистон хавфсизлик кучлари Қирғизистон фуқароларини гаровга олгани тўғрисида маълумотлар асоссиз эканини билдирди.

ДМХҚга кўра, 16 февраль куни Тожикистондан 900 кг металл, 2 бош қорамол ва 3 бош майда молни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган 5 нафар Қирғизистон фуқароси ҳибсга олинган.

«Ушбу фуқароларга нисбатан Тожикистон томони тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Айни пайтда уларни Қирғизистонга қайтариш масаласида музокаралар олиб борилмоқда», - дейилади ДМХҚ баёнотида.

22 февраль куни Боткен шаҳрида Тожикистонда ҳибсга олинган Қирғизистон фуқароларининг қариндошлари митингга чиққан эди. Улар маҳаллий ҳокимиятдан қариндошларини озод қилишда ёрдам беришни талаб қилганлар.

Қирғизистон ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили Омурбек Суваналиев намойишчилар билан учрашиб, у ҳам Тожикистонда қирғизистонликлар гаровга олингани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Беларусь ва Россия президентлари Ғарб уларга нисбатан янги санкцияларни жорий этиши арафасида учрашди

Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенко Сочида 2021 йилнинг 22 февралида учрашди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Сочида 22 февраль куни учрашмоқда. Иккиси ҳам мамлакат ичкарисидаги намойишлардан оз-моз қутилган бўлса-да, Ғарбнинг тобора кучаётган босимига учрамоқда.

Президентлар Қора денгиз бўйидаги оромгоҳда иқтисодиёт, энергетика, хавфсизлик ва интеграция масалалари бўйича музокаралар олиб боради, деб хабар берган Владимир Путиннинг матбуот хизмати.

Бу учрашув Европа Иттифоқи Россия ва Беларусга қарши навбатдаги санкцияларни жорий этиши кутилаётган бир пайтда ўтмоқда.

ЕИ Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенкони август ойидаги президентлик сайловларда овозларни сохталаштирганликда, бундан норози мухолифат ва намойишчиларга тазйиқ ўтказаётганликда айблайди.

Охирги марта Путин ва Лукашенко 2020 йилнинг сентябрь ойида Сочида учрашганди. Ўшанда Россия оғир аҳволдаги иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун Беларусга 1,5 миллиард доллар қарз берган эди.

Хитой АҚШдан савдо чекловларни бекор қилишни талаб қилмоқда

АҚШ президенти Жо Байден.

Хитой АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини савдо борасидаги чекловларни бекор қилишга чақирди. Хитой, шунингдек, Тайвань, Ҳонконг, Шинжонь ва Тибет масалаларига АҚШнинг “асоссиз аралашувига” чек қўйишни ҳам талаб қилди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван Иннинг бу изоҳлари 22 февраль куни Пекинда бўлиб ўтган АҚШ-Хитой алоқаларига бағишланган форумда янграган.

Хитой ҳозирда АҚШ янги маъмуриятидан собиқ президент Трамп томонидан жорий қилинган чоралардан воз кечишни сўрамоқда.

Трамп Хитой молларининг импортига тарифларни 2017 йилда ошириб, Хитой технологик компаниялари ва академик алмашинувларга нисбатан чекловларни ўрнатган эди. У, шунингдек, Тайвань билан ҳарбий ва дипломатик муносабатларни жадаллаштириб, Шинжон ва Ҳонконгдаги қатағонлар учун масъулларга қарши санкциялар жорий қилган эди.

“Биз АҚШ маъмурияти ўз ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқаётганидан хабардормиз”, - деди Ван И форумга йиғилган дипломат, тадқиқотчилар ҳамда журналистларга.

“АҚШ сиёсатчилари замон билан ҳамнафас яшашидан, дунёдаги трендларни кўра олишидан, асоссиз гумонлардан воз кеча олишидан ҳамда Хитой борасида яна оқил сиёсат тамойилларига қайта олишидан умидвормиз”, - деган Ван.

Байден маъмурияти Вашингтоннинг Хитой борасидаги амалдаги сиёсатини тубдан ўзгартирадими деган саволнинг жавоби ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG