Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2020, Тошкент вақти: 06:14

Халқаро хабарлар

Хитой давлат матбуотининг хабар беришича¸ мамлакатнинг жанубида рўй берган сув тошқини оқибатида 225 одам ҳалок бўлган.

Транспорт алоқалари¸ телефон тармоғи ва электр таъминоти ўзилган. Йўлларни тозалаш учун аскарлари сафарбар қилинган. Ҳодиса юз берган минтақадан 200 минг киши эвакуация қилинган.
Хитой жанубидаги вилоятларда ëз мавсумида рўй берадиган сув тошқинидан ҳар йили қзлаб одам ҳалок бўлади.

Кун янгиликлари

Помпео Толибонга алоқадор 2 минг маҳкумни озод қилгани учун Кобулга миннатдорчилик билдирди

Майк Помпео, Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла (архив сурати).

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео “Толибон” радикал ҳаракатининг 2 минг нафар тарафдорини қамоқхоналардан озод қилиш қарори учун Афғонистон расмийларига ташаккур изҳор этди. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Помпео куни кеча Ашраф Ғани ва Афғонистон миллий ярашув олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла билан телефон орқали суҳбатда “Толибонга алоқадор 2 минг нафаргача кишини озод қилиш бўйича жасоратли жараён учун афғон расмийларига миннатдорчилик билдирган”. У Вашингтон Афғонистонда ўт очишни узоқ муддатга тўхтатишга ҳамда Кобул ва “Толибон” ҳаракати ўртасида бевосита музокараларнинг бошланишига эришишга ҳаракат қилаётганини ҳам билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон президенти Рамазон ҳайити пайтида қуролли рақиблар ўртасида эълон қилинган сулҳга жавобан яхши ният ифодаси ўлароқ “Толибон” тарафдорларидан 2 минг кишини қамоқхоналардан озод қилиш ҳақида буйруқ берган. Ашраф Ғани мамлакат хавфсизлик кучларига муваққат яраш аҳдини тутишни топширган.

Февраль ойида Қўшма Штатлар ва толиблар АҚШ тарихидаги энг узоқ ҳарбий амалиётни поёнига етказишга йўналтирилган битимни имзолагандилар. Ҳужжат Толибон зиммасига хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбуриятлар юклаш эвазига АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тартибини белгилайди. Битим билан Кобул Толибон тарафдори бўлган тақрибан беш минг маҳкумни озод этиши, Толибон эса ҳукумат тарафдори бўлган мингга яқин асирни озод қилиши лозимлиги ҳам шартлашилган. Бу чоралар Афғонистонда ички музокаралар бошланишига туртки бериши керак, деб ҳисобланмоқда.

COVID-19: Тожикистондаги беморлар сони Ўзбекистондагига яқинлашди

Иллюстратив сурат.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони Ўзбекистондаги беморлар сонига яқинлашиб қолди. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги, 25 май соат 19:00 ҳолатига кўра, мамлакатда COVID-19 инфекцияси 3100 кишида аниқланганини билдирди.

Ўзбекистоннинг ён қўшниси бўлган бу мамлакатда коронавирус важидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 46 нафарга етган, айни пайтда беморларнинг 1395 нафари соғайиб кетгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда эса, СВВнинг маълум қилишича, 25 май соат 16:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 3189 нафарни ташкил қилмоқда. Беморлардан 2607 нафари соғайиб кетган, 13 киши оламдан ўтган.

Бу орада Тожикистонда Интернет тармоғида COVID-19 қурбонлари бўйича тузилаётган “халқ рўйхати”да пневмония ва коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сони 340 нафардан ошиб кетди. Рўйхат оммавий ахборот воситалари хабарлари, ижтимоий тармоқлар ва қурбонларнинг яқинларидан олинган маълумотлар асосида тузилмоқда. Мутахассислар ва фуқаронинг кўпи расмий статистиканинг ҳаққонийлигига анчадан бери ишонмай қўйган.

Қирғизистон ҳукумати транспортда ниқоб тақмаганларга чора кўрилишидан огоҳлантирди

Жамоат жойлари ва транспортда ниқоб тақмаган фуқароларга нисбатан чора кўрилади. Бу ҳақда, Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, Республика тезкор штаби мажлисида бош вазир ўринбосари Қубатбек Бўрўнов билдирган.

Мулозим савдо марказлари ва дўконлар хавфсизлик хизматлари ходимларининг мижозлар ва ходимлар томонидан санитария меъёрларига риоя қилишини назорат қилиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

“Бугун, 25 майдан иқтисодий фаолиятнинг қатор турлари ўз ишини қайта бошлади, шаҳарларда жамоат транспорти ишга туширилди. Шу боис шаҳар мэрияси ходимлари, автотранспорт корхоналари раҳбарлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-дезинфекция чораларига қатъий риоя қилиш бўйича тавсиялари ижросини назорат қилишлари шарт. Ниқобсиз юрган фуқароларнинг коронавирус юқтириб олиш хавфи анча юқори бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам жамоат жойларида фуқаролар ниқобда юришлари шарт”, деди бош вазир ўринбосари.

Аввалроқ Бишкек мэрияси пойтахт кўчаларига 110 та троллейбус ва 112 автобус чиққани, аммо микроавтобуслардан 800-900 тасигина ишга қайтгани, бу эса бутун автопаркнинг 50 фоизини ташкил этишини маълум қилганди. Расмийлар жамоат транспорти салонлари ҳар рейс учун алоҳида дезинфекция қилинишини, ҳайдовчилардан эса фақат ўриндиқлар сонига қараб йўловчи олишни талаб қилмоқда.

Хитой расмийлари Ҳонконгда “террорчилик кучайгани”ни иддао қилмоқда

Ҳонконгдаги норозилик акциясидан лавҳа, 2020 йил 24 майи.

Аксилҳукумат намойишлари қабатида Ҳонконгда “террорчилик кучайгани” кузатилмоқда. Бу ҳақда 25 май куни Пекиннинг Ҳонконгдаги бир неча юқори лавозимли амалдори баёнот берди.

Полиция маълумотларига кўра, норозилик намойишлари бошланган ўтган йил июнидан бери фаоллар камида 14 маротаба портловчи модда қўллаганлар. Норозилардан айримларининг ёнидан ўқотар қурол ва ўқ-дори топилиб, мусодара қилинган.

Куни кеча Ҳонконгда минглаб одам Хитойнинг мухторият миллий хавфсизлигига оид янги қонунини қабул қилиш режасига қарши намойишларда иштирок этди. Ҳужжат Хитойга Ҳонконгда миллий қонунларни қўллаш ва у ерда махсус хизматлар ваколатхоналарини очиш ҳуқуқини беради. Пекин иддаосича, қонун шаҳарда айирмачиликни тийиб туриш имконини беради. Хитой расмийлари COVID-19 эпидемиясига қарши курашни ҳам миллий хавфсизлик жабҳасига киритганлар. Ўз навбатида, норозилар ҳужжат “битта мамлакат, иккита система” тамойилига зид келишини айтмоқдалар.

Ҳонконгда якшанба куни бўлиб ўтган намойиш коронавирус эпидемияси бошланганидан бери ўтказилган оммавий норозилик тадбирларининг биринчиси эди. Эпидемия туфайли кескин карантин чоралари жорий қилинган Ҳонконгда ҳалигача бир жойда 8 нафардан кўп одам йиғилиши тақиқланган. Бироқ бу тақиқ одамларнинг норозилик акциясига чиқишига монеъ бўлолмади. Айрим жойларда полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади, 200 чоғли одамни тутиб кетди.

Ҳонконг миллий хавфсизлик тўғрисида ўз қонунини зудлик билан қабул қилиши лозимлиги ҳақида Хитой расмийлари апрель ойида билдирганлар. ХХР томонидан дастакланган минтақа маъмурияти ҳужжатнинг тезлик билан қабул қилинишини ёқламоқда.

Қўшма Штатлар Ҳонконгга янги қонунни тиқиштираётгани учун Хитойни қоралаб чиқди. Вашингтон Пекинга санкциялар билан таҳдид қилди. ХХР эса АҚШни унинг ички ишларига аралашаётганликда айблади.

“Битта мамлакат, иккита система” ғояси ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Хитой лидери Дэн Сяопин томонидан таклиф этилган. Мазкур ғояга мувофиқ, Ҳонконг, Макао ва Тайван каби мухториятлар ўз иқтисодий ва сиёсий системасига эга бўлиши мумкин, айни пайтда Хитой билан бир мамлакат бўлиб қолаверади.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган. Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар. Бироқ эпидемия бошланганидан бери оммавий норозилик тадбирлари ўтказилган эмас.

Қозоғистон президенти тинч йиғилишлар тўғрисидаги янги қонунни имзолади

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳимоя ниқобида, 2020 йил 19 майи.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 25 май куни тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонун ҳамда тинч йиғилишларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид ҳужжатни имзолади.

Ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун лойиҳаси халқаро стандартларга зид келишини бир неча бор қайд этганлар. Улар ҳукуматни қонун лойиҳасини парламентдан чақириб олиш ҳамда экспертиза учун БМТ ва ЕХҲТга йўллашга чақиргандилар.

Ҳужжат парламентнинг икки палатасидан ўтганидан кейин фаоллар президентнинг унга вето қўйиш ҳуқуқи борлигини қайд этгандилар.

Фаолларга кўра, ҳужжатда баён этилган тартиб феълан йиғилиш ўтказиш билан боғлиқ барча ишлар учун расмийлардан “изн”олишни талаб қилади.

Уларнинг хавотир билан қайд этишларича, расмийлар фавқулодда вазият ва ҳаракатланишга нисбатан чеклов жорий этилган бир шароитда қонун лойиҳасини парламентдан апил-тапил ўтказиб олишга уринганлар, ФВ эса жамоатчиликнинг мазкур лойиҳага қарши сафарбар бўлишини қийинлаштирган.

Қозоғистон президенти маъмурияти 25 май кунги хабарномасида қонун матни матбуотда эълон қилинишини билдирган.

Қонун расман ёйинланганидан 10 кун ўтиб кучга киради. Унинг кучга кириши 1995 йил 17 мартида қабул қилинган қонунни бекор қилади. Ваҳоланки, 25 йил аввалги қонун ҳам ҳуқуқ фаоллари томонидан халқаро стандартларга зид ҳужжат ўлароқ танқид қилиб келинган.

Оммавий норозилик намойишлари қабатида 2019 йилнинг июнь ойида ўтказилган президент сайловида ғолиб топилган Тоқаев қасамёдга келтириш маросимидан сўнг митинглар тўғрисида янги қонун қабул қилишга ваъда берган. Президент ваъдасига мувофиқ, янги қонун бўйича ташкилотчилар митинг учун расмийлардан рухсат олиб ўтирмай, уларни огоҳлантириб қўйиши кифоя қилиши керак эди.

Февраль ойида Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги тинч намойишларга оид қонун лойиҳаси тақдимотини ўтказган. Ҳужжатни ўрганиб чиққан ҳуқуқшунослар ҳукумат янги қонун лойиҳасига ҳам мавжуд чекловларни олиб ўтишга уринаётганини сезиб қолганлар.

1995 йилги қонун қозоғистонликлардан оммавий намойишлар ўтказиш учун маҳаллий расмийлардан рухсат олишни талаб қилади. Митинглар ва бошқа шу каби тадбирларни ўтказиш учун топширилган аризалар кўпинча ҳокимликлар томонидан турли баҳоналар билан рад этилади.

Ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотларга кўра, янги қонун ҳам 1995 йилги қонун сингари фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқ ва мажбуриятлар соҳасида Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро стандартларга мувофиқ эмас.

Тува раҳбари коронавирусга чалинди

Тува раҳбари Шўлбан Қара-оол.

Россия Федерацияси таркибидаги Тува республикаси раҳбари Шўлбан Қара-оол коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Бу ҳақда унинг ўзи Instagram тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди. У билан биргаликда минтақа ҳукуматининг бир неча амалдори ҳам коронавирусга чалингани боис касалхонага ётган.

Тува раҳбари “жиддий иллат” туфайли касалхонага ётқизилганини билдирди.

Қара-оол туваликларга жамоат жойларига ниқоб ва қўлқопсиз бормаслик, қўлларни ювиш ва биноларни дезинфекциялашни тавсия қилди.

У Қизил шаҳридаги коронавирусга чалинганлар учун мўлжалланган касалхонага ётқизилган. Кадрлардан унинг оддий палатада ётганини билиш мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, Тувада айни пайтгача коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 706 та ҳолат қайд этилган, бир киши оламдан ўтган.

Тува раҳбари минтақани масофадан туриб бошқаришни ваъда қилиб, одамларни қўрқитмаслик учун соғлиғи ҳақида бошқа маълумот бермаслигини айтган ҳамда яна бир бор ҳаммани карантин чораларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Қирғизистон парламентининг собиқ раиси коронавирусдан вафот этди

70 ёшли Чўлпўнбаевда 5 май куни коронавирус аниқланган эди.

Коронавирус оқибатида вафот этган Қирғизистон парламентининг собиқ раиси Мукар Чўлпўнбаев 25 май куни Бишкекдаги “Ала-арча” қабристонига дафн этилди.

Таниқли жамоат ва давлат арбоби бўлган Мукар Чўлпўнбаев 24 майда республика юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган. 70 ёшли Чўлпўнбаевда 5 май куни коронавирус аниқланган эди. У 12 майда реанимацияга ётқизилган.

Расмий хабарда таъкидланишича, коронавирус ортидан унда икки томонлама пневмония, нафас олиш етишмовчилиги каби қатор касалликлар авж олган. Чўлпўнбаев Қирғизистонда COVID-19дан ўлган 15-бемор бўлди.

Мукар Чўлпўнбаев 1995-1996 йилларда парламент спикери лавозимида ишлаган. У спикерлик даврида собиқ президент Асқар Ақаев сиёсатини очиқ танқид қилган.

Қирғизистонда коронавирус бўйича илк ҳолат аниқланган 18 мартдан то шу кунгача коронавирусга чалинганлар сони 1433 кишига етди. Улардан 16 нафари вафот этди, 992 нафари соғайди. Айни пайтда 12 беморнинг аҳволи оғир экани, улардан 4 нафари реанимацияга ётқизилгани хабар қилинди.

Минскда юзлаб одам мухолифатни қўллаб-қувватлаш тадбирида иштирок этди

Имзо чекишни истаганлар навбати бир неча кварталга чўзлиб кетди.

Минскда юзлаб одам Беларус президентлигига мухолифатдан президентликка номзод Светлана Тихановская ва Владимир Непомняшихни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган имзо тўплаш тадбирида иштирок этди. Одамлар коронавирус туфайли ижтимоий масофани сақлагани ортидан имзо чекишни истаганлар навбати бир неча кварталга чўзлиб кетди.

Светлана Тихановская таниқли видеоблогер Сергей Тихановскийнинг рафиқаси. Сергей Тихановский номзодликка ҳужжат топшириш пайтида ҳибсда бўлгани учун унинг номзоди рўйхатга олинмаган. Тадбирда рафиқаси ўрнига Сергей Тихановскийнинг ўзи иштирок этди. У 20 кун давомида мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам имзо тўплаш тадбирлари ўтказилишини айтди.

Непомняших эса мухолифат лидерларидан бири бўлган Владимир Статкевичнинг тарафдори.

Статкевич ўз тарафдорларидан 30 нафарини “норозилик номзодлари” сифатида президентликка кўрсатишини билдирган. Бироқ фақат Непомняших ташаббус гуруҳигина расман рўйхатга олинди. Статкевич ҳам ушбу тадбирда иштирок этди.

Ҳар икки мухолифатчи ўзларининг асосий мақсадлари сайловда иштирок этиш эмас, балки имзо йиғиш тадбири доирасида имкони борича кўпроқ одамларни намойишларга йиғиш эканини билдирмоқда. Президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниш учун 20 кун ичида бу икки номзоднинг ҳар бири камида юз минг сайловчи имзосини тўплаши зарур.

Беларусда президентлик сайлови 9 августда ўтказилади. Амалдаги президент Александр Лукашенка ўз номзодини олтинчи марта президентликка кўрсатмоқда.

Франция тарихида биринчи марта трансгендер аёл мэрликка сайланди

Мари Ко уни трансгендер бўлгани учун эмас, балки сайловолди дастури аҳолига ёққани учун мэрликка сайлашганини айтди.

Франция шимолидаги кичкинагина Тиюа-ле-Маршенн шаҳрининг мэрлигига мамлакат тарихида биринчи марта трансгендер аёл сайланди. 55 ёшли Мари Ко 24 майдан бошлаб 600 киши яшайдиган шаҳарча мэри лавозимини бажаришга киришди.

Мари Ко номзодини шаҳар кенгашининг 15 депутатидан 14 нафари қўллаб-қувватлади, 1 депутат бетараф қолди.

Le Figaro умуммиллий газетаси март ойида ўтган маҳаллий кенгашга сайловда Мари Ко раҳбарлигидаги номзодлар камида 63 фоиз овоз олганини ёзди.Тиюа-ле-Маршенн шаҳарчасида 455 сайловчи бор. Овоз беришда уларнинг 300 нафари иштирок этган.

AFP агентлигига интервью берган Мари Ко уни трансгендер бўлгани учун эмас, балки сайловолди дастури аҳолига ёққани учун мэрликка сайлашганини айтди. Мари Конинг уч фарзанди бор.

Исроилда Бош вазир Нетаняҳу устидан суд жараёни бошланди

Нетаняҳунинг мухолифлари унга қарши 24 май куни намойиш ўтказди.

Қуддус шаҳрида 24 май куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳуга нисбатан суд жараёни бошланди. У коррупцияга аралашганликда гумонланмоқда.

Нетаняҳу судда унга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини айтди ва суд мажлиси телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилишини талаб қилди.

Бош вазирга нисбатан жараёнга судя Ривка Фельдман-Фридман раислик қилмоқда. У коррупция билан боғлиқ ишларни олиб боришда тажрибага эга. Фридман 2015 йилда Нетаняҳудан олдинги Бош вазир Эхуд Олмерт ишини кўриб чиққан суд таркибида бўлган.

Нетаняҳунинг иши бўйича 300 гувоҳ сўроқ қилинади. Унга нисбатан айблов 2019 йилнинг ноябрида билдирилган. Прокуратура Бинямин Нетаняҳу ва унинг оиласи 2007 йилдан 2016 йилгача америкалик продюсер Арнон Милчен ва австралиялик бизнесмен Жеймс Пакердан 250 миллион евро миқдоридаги совғаларни, жумладан, қимматбаҳо тақинчоқларни олган, деб ҳисоблайди.

Нетаняҳу 17 май куни яна бир муддатга Бош вазир сифатида қасамёдга келтирилган эди. Агар суд уни айбдор деб топса, у истеъфо беришга мажбур бўлади.

НАТО расмийси: 2019 йилда 290 марта Европага яқинлаган рус ҳарбий учоқлари йўлини тўсдик

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодлик радиоси билан суҳбатлашган НАТО расмийси альянс учоқлари 2019 йилда деярли 300 марта НАТО ҳаволарига яқин келган Россия ҳарбий учоқлари йўлини тўсганини билдирди.

Расмий Озодликка юборган электрон мактубида Россия ҳарбий учоқлари 2014 йилдан буён Қора денгиз ҳамда Европанинг бошқа ҳудудлари яқинида тобора кўпроқ қайд этилаётганини айтди.

Расмийнинг сўзларига кўра, 2019 йилда НАТО қирувчи учоқлари Европа бўйлаб рус учоқларини кузатиб қўйиш ёки уларнинг изидан тушиш учун 290 марта ҳавога кўтарилган.

Ҳафтада бошида Россиянинг иккита «Ту-22» бомбардимончиси ҳамда иккита «Су-27» қирувчи учоғи Болгария, Руминия ва Туркия ҳаволарига яқинлашиши ортидан ушбу давлатлар ҳарбий учоқлари ҳавога кўтарилди.

Болгария мудофаа вазири Красимир Каракачанов Россия НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий имкониятлари ва жавоб реакцияси суратини аниқлаш учун тез-тез шундай амалиётларни ўтказишини айтди.

Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олганидан бери Қора денгиз ҳудудида ҳарбий фаолияти кўламини оширди. Бунга жавобан НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий назорат ва кузатишни кучайтирди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мусулмонларни Ҳайит билан табриклади

Коронавирусга чалингани ҳақида миш-миш тарқаган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров мусулмонларни Рамазон ҳайити билан табриклади.

Қодировнинг аудио ва видео табриги 23 май куни унинг Telegram каналида эълон қилинди.

Айни дамда Қодиров қаерда эканлигини номаълум. 21 май куни Россия матбуоти авторитар етакчи коронавирус юқтирганликда гумонланиб, Москвага олиб кетилганини хабар қилган эди.

Расмий нашрлар Қодиров ҳақидаги бу хабарларни изоҳлагани йўқ.

23 май куни улашилган видеода Қодиров кўриниши бермади, лекин коронавирус тарқалиши олдини олиш учун жорий қилинган чораларга амал қилган чечен халқига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

Кремль қўллаб келадиган 43 яшар Қодиров 2007 йилдан бери вазият қалтис бўлган Чеченистонни ижтимоий эркинлик ва фуқаролик ҳуқуқини топташ, мухолифларини мамлакатда ҳам, чет элларда ҳам таъқиб қилиш йўли билан бошқариб келади. У «темир муштли» раҳбар сифатида ном қозонган.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати ҳайит муносабати билан ўт очишни уч кунга тўхтатди

Нангаҳор вилояти ҳокими Толибон вакиллари билан музокара ўтказмоқда.

23 май куни Афғонистонда Толибон жангари гуруҳи ҳамда Қобулдаги ҳукумат Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунга ўт очиш тўхтатилишини эълон қилди.

Оташкесим 24 май куни кучга кирди.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўт очиш тўхтатилгани Толибон ҳамда Қобул ўртасида олиб борилаётган музокараларни янада жадаллатиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.

Хусусан, Залмай оташкесим ортидан маҳбусларни озод этиш жараёни давом эттирилиши, зўравонлик тўхтатилиши ҳамда навбатдаги музокара санаси белгиланиши кераклигини айтди.

17 май куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ узоқ давом этган сиёсий келишмовчиликдан кейин ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳолат Толибон ва Қобулдаги ҳукумат ўртасидаги музокаралар учун яхши янгилик бўлди.

Апрель ойида Толибон Рамазон ойи давомида ўт очишни бутунлай тўхтатиш таклифини рад этган эди.

Афғонистон разведка хизмати матбуот котиби Жавид Файсал Рамазон ойи давомида Толибон жангарилари амалга оширган ҳужумларда камида 146 нафар оддий фуқаро нобуд бўлганини, 430 га яқин одам жароҳат олганини билдирди.

Икки косоволик аёл "Исломий давлат"га аъзо бўлишда айбланмоқда

Аёллар "Исломий давлат" бошқарувидаги ҳудуд ўзгаришига қараб мамлакат ичида кўчиб юрган.

Косовода икки нафар аёл Сурияда "Исломий давлат" жангари гуруҳига аъзо бўлишда айбланмоқда.

22 май куни Косово махсус прокуратураси эълон қилган билдирувга кўра, гумонланувчилар Сурияга бориб, "ўз истаги билан террор ташкилотига аъзо бўлган" ҳамда ИШИД ("Ироқ ва Шом Давлати") жангариларига кўмаклашган.

Аёллар "Исломий давлат" бошқарувидаги ҳудуд ўзгаришига қараб мамлакат ичида кўчиб юрган.

Жангари гуруҳ мағлуб этилганидан кейин, бу икки аёл курд қўшинлари қўлига ўтган ва 2019 йилнинг апрелида Косовога бадарға қилинган.

Гумонланувчилар айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ой бошида бошқа бир косоволик аёлга айни айблов қўйилган эди.

Умумий ҳисобда 400 га яқин косоволик Сурия ва Ироқда террор гуруҳларига аъзо бўлгани айтилади.

HRW Беларусдаги қамоққа олишлар тўлқинини қоралади

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Беларусда президент сайловлари арафасида мустақил журналист ва фаолларга қарши босим кучайиб, «ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар тўлқини бошланганини» билдирди.

Ташкилотга кўра, 6-13 май кунлари орасида 120 дан ортиқ тинч намойишчи, мухолиф блогер, журналист ва ҳукуматни танқид қилган шахс ҳибсга олинган.

HRW қўлга олинган шахслар коронавирус пандемиясига қарамасдан, 25 кунгача қамоқ жазосига ҳукм қилинаётганини маълум қилди.

Беларусда бугунга қадар 34 300 дан ошиқ шахс коронавирусга чалинди, уларнинг 190 нафари оламдан ўтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни вирусга қарши кураш доирасида маҳбуслар сонини озайтиришга чорлаб келади.

HRW билдирувига кўра, ҳибсга олинганлар орасида Брест шаҳрида батарея заводи қурилишига қарши чиққанлар, президентликка номзодлигини кўрсатишини изҳор қилган блогер тарафдорлари, тинч намойишлар ҳақида хабар берган инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда журналистлар бор.

Беларусга 25 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган авторитар президент Александр Лукашенка уч ойдан кейин президент сайловида яна беллашади.

Украина Хавфсизлик хизмати бошлиғи Испанияда хусусий ширкатни бошқариши фош бўлди

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) бошлиғи Иван Баканов.

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) бошлиғи Иван Баканов қонунга зид равишда Испанияда рўйхатга олинган хусусий ширкатда юқори лавозимга эга эканлиги хабар қилинди.

«Озодлик» радиосининг Украин хизмати билан Украина UA:Pershy телеканалининг қўшма лойиҳаси бўлмиш «Схеми» дастури ҳисоботига кўра, Испаниядан олинган расмий ҳужжатлар Баканов 2015 йилдан бери Nueva Tierra Verde Sociedad Limitada ширкатининг ягона администратори лавозимида фаолият юритиб келади.

Украина қонунлари СБУ бошлиғига хусусий ширкатга етакчилик қилишни ман этади.

Ширкат асосчиси ўлароқ Андрий Яковлевга тегишли Davegra LTD ширкати кўрсатилган. Жорий президент Володимир Зеленский президент этиб сайланишидан олдин Яковлев яратган Kvartal-95 студиясида қизиқчи ва актёр лавозимида ишлаган.

Испаниядан олинган реестрга кўра, Nueva Tierra Verde Sociedad Limitada ширкати қурилиш ва кўчмас мулк соҳасида фаолият юритади.

Баканов ушбу хабарларни изоҳлашдан бош тортди, аммо СБУ матбуот хизмати Баканов ҳеч қандай ножўя иш қилмагани ҳақида билдирув эълон қилди.

The Washington Post: Трамп маъмурияти ядровий синовларни тиклашни муҳокама қилган

The Washington Post газетасининг хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти расмийлари 1992 йилдан бери илк маротаба ядровий синов ўтказишни муҳокама қилган.

Газета маъмуриятнинг бир нафар юқори лавозимли расмийси ҳамда икки нафар собиқ расмийга таянган ҳолда ушбу масала ўтган ҳафтада бўлиб ўтган миллий хавфсизлик йиғинида муҳокама қилганини хабар қилди.

Бу масала муҳокама қилинишига АҚШнинг ҳам Россия, ҳам Хитой кейинги йилларда синов ўтказгани ҳақидаги шубҳалари туртки бўлган.

Йиғин давомида синов ўтказиш бўйича келишувга эришилмаган. Бунинг ўрнига бошқа чоралар кўришга қарор қилинган.

Ҳар қандай ядро портлатишларини ман этувчи «Ядро қуроли синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома» самарали бўлиши учун уни етарлича давлат, жумладан, АҚШ имзоламаган.

Шартнома бошқа арсеналлар хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўришга изн беради, аммо синовни амалга оширган давлат назорати остидаги ҳудуд чегарасидан ташқарида радиоактив ёғинга сабаб бўладиган портлашларни тақиқ этади.

Покистонда учоқ ҳалокатида 97 киши ҳалок бўлди, икки йўловчи омон қолди

Учоқ қулаган жойда одамлар жасадларни қидирмоқда.

Покистонда йўловчи учоқ ҳалокатга учраши оқибатида унинг бортида бўлган 97 киши ҳалок бўлди.

Pakistan International Airlines’га тегишли "Aэробус 320" учоғи Қарачи шаҳри яқинида аҳоли пунктига қулаган.

Ҳаво кемаси бортида 99 киши бўлган. Икки йўловчи омон қолган.

Учоқ ҳалокатига унинг қушлар тўдаси билан тўқнашуви сабаб бўлган деб таҳмин қилинмоқда.

Бу Покистонда сўнгги ўн йилда рўй берган тўртинчи учоқ ҳалокатидир.

2010 йилда Airblue ширкати учоғи Исломободда ҳалокатга учраб, 152 киши нобуд бўлган.

2012 йилда Bhoja Air ширкатига тегишли "Боинг-737" учоғи қулаб, 127 одам ўлди.

2016 йилда эса "Покистон халқаро авиалиниялари" учоғи парвоз пайти ёниб, 47 йўловчи ҳалок бўлганди.

АҚШ Ҳонконг миллий хавфсизлигига оид қонун лойиҳаси важидан Хитойни қоралади

Ҳонконгдаги норозилик намойишларининг биридан лавҳа, 2019 йил декабри.

Қўшма Штатлар ҳонконгликларга мухториятдаги миллий хавфсизлик масалаларига оид янги қонунни тиқиштираётганлари учун Хитой расмийларини қоралайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билдирди. У Пекин хатти-ҳаракати Вашингтон томонидан Ҳонконг мақомининг баҳоланишига таъсир қилиши мумкинлигини урғулади.

Куни кеча мухториятдаги миллий хавфсизлик масалалари тўғрисидаги қонун Умумхитой халқ вакиллари йиғини кун тартибига киритилди. Ҳар йили ўтказиладиган сессия бу йил 22 май куни Пекинда очилди.

Помпеога кўра, бу қадам минтақа қонунчилигига мутлақо зид келади ва бунда шаҳар аҳли фикри инобатга олинган эмас. Вашингтон Пекинни ўз қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. АҚШ матбуоти мазкур ҳужжат тасдиқланган тақдирда, Қўшма Штатлар Хитойга нисбатан санкциялар жорий қилиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Айни пайтда Reuters агентлиги миллий хавфсизлик тўғрисидаги янги қонун Ҳонконгда ХХР махсус хизматларининг базасини барпо қилиш учун баҳонага айланиши мумкинлигини ёзди. Бу эса янги аксилҳукумат намойишларига олиб келиши мумкин.

Зўравонлик ва айирмачиликни тийиб туриш учун Ҳонконг зудлик билан миллий хавфсизликка оид ўз қонунини қабул қилиши лозимлиги ҳақида Хитой расмийлари апрель ойида билдирганлар. Пекин иддаосича, ўтган йил ёзидаги норозилик чиқишлари мухториятда қонун устиворлигига зарба берган. Хитой расмийлари COVID-19 эпидемиясига қарши курашни ҳам миллий хавфсизлик жабҳасига киритганлар.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган.

Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар.

2020 йил бошларида коронавирус пандемияси ва чеклов чоралари жорий этилиши қабатида намойишлар тўхтаган. Бироқ кузатувчилар келаётган ёз мавсумида акциялар янги куч билан қайта бошланиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 2500 нафардан ошди

Иллюстратив сурат.

Тожикистонда ўтган кеча-кундузда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 201 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Коронавирусга оид ягона миллий портали маълум қилган.

Қайд этилишича, ўтган суткада мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаган. Хасталик ёйила бошлаганидан бери Тожикистонда коронавирус важидан 44 киши оламдан ўтган.

Айни пайтда ўтган вақт оралиғида 1089 бемор соғайиб кетгани айтилмоқда.

Бу орада икки ҳафта муқаддам Тожикистонга кўмак учун йўлланган 8 нафар ўзбекистонлик врач, маълумотларга кўра, 22 май куни юртига қайтган.

Россияда коронавирусдан бир кеча-кундузда 150 киши нобуд бўлди

Россияда ўтган бир кеча-кундузда коронавирус инфекциясидан 150 одам вафот этди. Бу эпидемия бошланганидан бери бир сутка ичида кузатилган энг кўп ўлим ҳолатидир, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати.

Расмий маълумотларга кўра, COVID-19 вируси қурбонларининг умумий сони 3249 нафарга, коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса 326 минг 448 нафарга етган. Айни пайтда қарийб 100 минг чоғли бемор соғайиб кетган.

Коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан энг кўп ҳолат ҳали-ҳамон пойтахт Москвада қайд этилмоқда.

Вирус ёйилиши билан боғлиқ равишда карантин чоралари Россияда март ойи охирида киритилган. 11 май куни президент Владимир Путин минтақалар ўзини ўзи иҳота қилиш тартибини юмшатиш бўйича қарор қабул қила бошлаши мумкинлигини билдирган. Москвада мазкур тартиб муддати 31 майгача узайтирилган.

Оренбург вилоятидаги чодир шаҳарчасида яшаётган 450 чоғли қирғизистонлик Бишкекка йўл олди

Оренбург вилоятидаги чодир шаҳарчаси.

Россиянинг Оренбург вилоятидаги 448 нафар қирғизистонлик Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтиб, Бишкекка қараб йўлга тушди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Қирғизистонликлар ҳукумат томонидан тақдим этилган 9 та автобусда Қозоғистон йўл полицияси ҳамроҳлигида карвон бўлиб йўлга тушганлар.

ТИВ Россия-Қозоғистон чегараси ҳали ҳам ёпиқ қолаётгани туфайли Россия ҳудудида юрган қирғизистонликларни Оренбург вилоятига боришдан тийилишга чақирган.

Бунгача 450 чоғли қирғизистонлик Оренбург–Самара йўли ёқасида Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган чодир шаҳарчасида яшаётган эди.

20 май куни чартер рейси билан Оренбурдан Бишкекка 164 нафар қирғизистонлик олиб келинган эди.

Беларусда ўзбек автомобилларини Chevrolet бренди остида сотиш бошланди

Беларус автомобиль бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва Chevrolet бренди остида тақдим этилаётган илк моделлар Spark, Nexia ва Cobalt моделлари бўлди.

“Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати маълумотига кўра, автомобилларнинг илк партияси “Мультимоторс” автомарказига етказиб берилган, у Chevrolet бренди премиал автомобилларининг расмий дилери саналади ва эндиликда UzAuto Motors билан оммавий сегментдаги Chevrolet автомобилларини етказиб бериш бўйича янги дилерлик келишувини имзолаган.

“Мультимоторс” ширкатининг қайд этишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг асосий афзаллиги нарх ва сифатнинг ажойиб мутаносиблигидир.

UzAuto Motors ширкатига ташқи бозорларда Chevrolet брендидан фойдаланиш ҳуқуқи, ўзбек автомобилсозлари иддаосига кўра, жаҳон автосаноатининг етакчиларидан бири – General Motors компанияси ўрнатган стандартларга тўлиқ мос келувчи автомобилларнинг юқори сифатига эришилгани учун тақдим этилган.

UzAuto Motors ширкати шу кунда Беларус, Қозоғистон ва Россия экспорт бозорларида Chevrolet бренди остида автомобиллар сотмоқда.

Покистонда йўловчи учоғи қулаб тушди

Қутқарувчилар Карачи аэропорти яқинида қулаган учоқнинг бир қисмига сув пуркамоқдалар, 2020 йил 22 майи.

Покистонда Карачи аэропортидан унча узоқ бўлмаган жойда “Покистон халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг йўловчи учоғи қулаб тушди.

Reuters агентлигининг ёзишича, учоқ бортида 107 киши – 99 йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Airbus A320 учоғи Карачига Лаҳор шаҳридан учиб келаётган эди. Учоқ қўнишга тақрибан 1 дақиқа қолганда қулаган. Маълумотларга кўра, учоқдагиларнинг бирортаси ҳам омон қолмаган.

Geo.tv хабарига мувофиқ, учоқ қулаган ерда бир неча уйга шикаст етган.

Олмаота ҳокимияти диний экстремизмга қарши курашиш учун блогерларни ёлламоқчи

Ёлланган блогерлар экстремистик ғояларнинг таҳдидли эканига оид постларни ёзиши шарт.

Олмаота ҳокимияти диний экстремизмга қарши постлар ёзиш учун таниқли блогерларни ёллайди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, бу ҳолат Олмаота шаҳар ҳокимиятининг Жамият тараққиёти бошқармаси тендер ўтказиш ҳужжатларида қайд этилган.

Тендер шартларига кўра, ёлланган блогерлар экстремистик ғояларнинг таҳдидли эканига оид постларни ёзиши ва “террорчилик ва экстремистлик мафкурасининг пропаганда воситалари ва услубларини фош этиши”, Қозоғистон ҳукуматининг дин соҳасидаги сиёсатини тушунтириши ҳамда диниий тематикадаги резонансли вазиятларни шарҳлашлари лозим бўлади.

Блогерлар мазкур лойиҳа якунлангунига қадар ижтимоий тармоқларда камида 80та постларни жойлаштириши лозим.

Блогерларнинг машҳурлиги уларнинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони билан белгиланади. Ҳар бир блогер камида уч минг обуначига эга бўлиши зарур.

Блогерлардан ташқари лойиҳага икки диншунос, икки исломшунос ва бир юрист ҳам жалб этилади.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG