Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:13

Россия Ўзбекистондаги жараёнларга аралашиши керакми?


Зикрилло Ишонч

Россияликларнинг 53 фоизи Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида содир бўлган воқеаларни аҳолининг ўта қашшоқлиги ва мамлакатда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан боғлиқ ҳисоблайди.

Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Андижон воқеалари юзасидан ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатди.

Сўров қатнашчиларининг 18 фоизи бу воқеалар ортида Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ турганини таъкидлади. 12 фоизи эса Андижон воқеаларини исломий радикал гуруҳларнинг ҳокимият эгаллашга уринишлари сифатида баҳолади.

Респондентларнинг 40 фоизи Андижонда Ўзбекистон ҳукумати ниҳоятда кескин чоралар кўрганлигини билдирди. Улар бу чоралар жуда кўп бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келганини қайд этди.

Сўров иштирокчиларининг 27 фоизи Ўзбекистон ҳукумати қўллаган чораларни тўғри, деб топди. 33 фоизи эса бу борада аниқ фикр билдира олмади.

Сўралганларнинг 35 фоизи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича оғир вазиятни ўнглашда Россиянинг аралашуви зарур, деб ҳисоблайди. Аммо 22 фоиз фуқаро Россия ҳукумати бу ишларга умуман аралашмаслиги керак, дея фикр билдирди.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон фуқаролари билан мазкур сўров натижалари бўйича суҳбатлашди.

Уларнинг бир қисми Россия Ўзбекистондаги воқеаларга мутлақо аралашмаслиги лозимлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон мустақил давлат. Ўз муаммоларини ўзи ҳал қилиши керак. Бизга юз йилдан ортиқ қилган мустабидлиги ҳам етарли”, - деди улар.

Яна бир қисм фуқаролар эса Россиянинг мамлакатдаги жараёнларга аралашуви тарафдори эканини маълум қилди. Уларнинг фикрича, Россия кучли давлат. У ерда ўзига хос демократия мавжуд. Шунинг учун Россия Ўзбекистондаги ишларга аралаша олиш қудратига эга.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов мулоҳазаларига кўра, Россия ҳақиқий демократик давлат бўлганида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши масаласига аралашган бўлар эди.

“Россия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига умуман қизиқмаган. Чунки Россиянинг ўзида ҳам инсон ҳуқуқларига тўла риоя қилинмайди”, - деди Т.Ёқубов.

Жамиятшунов Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Россиянинг Ўзбекистонга таъсир ўтказиш имкониятлари жуда катта. Бироқ бу давлат ўз имкониятларини Ўзбекистондаги коррупциялашган тизимни эмас, балки иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтириши лозим.
XS
SM
MD
LG