Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

Ҳоким беайб, ҳамма гап ҳукумат қарорида...ми?


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бозорларни тартибга солиш тўғрисидаги айрим қарорлари тадбиркорларга қулайлик яратиш ўрнига, уларни хонавайрон қилишга сабаб бўляпти.

Шундай ҳолатни Фарғона шаҳрида ҳам кўриш мумкин. Маҳаллий тадбиркор Алишер Ҳасанов Фарғона шаҳрининг марказий бозори олдида жойлашган маиший хизмат уйини 2000 йилда хусусийлаштирган эди. Аммо шаҳарга янги ҳоким тайинлангандан кейин марказий бозорни таъмирлаш баҳонасида атрофдаги хусусий дўконлар, чойхоналар ва бошқа иншоотларни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор чиқарди. Бу эса ўнлаб тадбиркорлар учун кутилмаган зарба бўлди.

“Ҳоким Авазхон Эргашев шу қарорини чиқаргандан кейин бозор атрофида янги иншоотлар қураётган 25 тадбиркорнинг ҳолига маймунлар йиғлаяпти. Мен қураётган маиший хизмат уйи биноси ҳам бузиб ташланадиган бўлиб турибди”, - дейди А.Ҳасанов.

Тадбиркорлар ҳоким қарорини бекор қилишни сўраб, вилоят хўжалик судига ҳам мурожаат этган. Суд қарорнинг икки бандини бекор қилганди. Лекин шундан кейин ҳам вазият ўзгармади.

Тадбиркор Маъруфжон Мирзажоновнинг айтишича, ҳоким битмаган биноларни бузишга уринаётгандан ташқари ишлаб турган дўконлар фаолиятини юргизишга ҳам рухсат бермаяпти.

А.Ҳасановнинг сўзларига қараганда, яқинда марказий газеталардан бирида ҳоким А.Эргашев фаолияти танқид қилинган мақола чоп этилган. Аммо ҳоким ёрдамчиси шаҳардаги барча матбуот дўконларидан бу газетани йиғиштириб олган.

Фарғона шаҳри ҳокимлиги вакилининг таъкидлашича, бўлаётган ишларда ҳокимнинг айби йўқ. У фақат Вазирлар Маҳкамасининг бозорларни тартибга солиш тўғрисидаги 330-қарори ижросини таъминлаяпти, холос.
XS
SM
MD
LG