Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Марҳаматликлар ҳибсга олинган бирликчиларни ҳимоя қилишга уриняпти


Турғунбек Андижон вилоятининг Марҳамат туманида “Бирлик халқ ҳаракати” партияси ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоларидан 5 кишининг ҳибсга олиниши юзасидан маҳаллий фуқаролар томонидан йўлланган норозилик аризалари эътиборсиз қолмоқда.

Ўзини Анорхон Ҳамдамова деб таништирган жувон ҳеч қайси партия ёки инсон ҳуқуқлари ташкилотига аъзо эмас. Аммо у “Бирлик” ва “Эзгулик”ка хайрихоҳ фуқаролардан. Чунки бир вақтлар уларга иши тушгани учун бу ташкилотлар фаолиятини кузатиб боради.

“Ўз вақтида соғлиғим туфайли мени ҳеч қаерга ишга олмаганларида мен бола-чақамни 6 ойлаб қуруқ нон билан боққанман. Тақдир тақозоси билан уларга мурожаат этганимда менга ўзимга мос иш таклиф қилишган”, - дейди А.Ҳамдамова.

Унинг айтишича, “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг маҳаллий раҳбарларидан Мусажон Бобожонов, Муҳаммадқодир Отахонов, Дилмурод Муҳиддинов, Нурмуҳаммад Азизов ва Акбар Орипов айни пайтда ҳибсга олинган.

А.Ҳамдамова бу шахслар ҳибсга олинган пайда, яъни бир ой муқаддам ҳукуматнинг бу ҳаракатларига қарши аҳоли ўртасида норозилик бошланганини билдирди.

А.Ҳамдамованинг таъкидлашича, улар ҳибсга олинган илк кунларданоқ бу шахсларни танийдиган фуқаролар туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғига мурожаат қилган. Бироқ бу мансабдорлар норози фуқаролар билан гаплашишни ҳам истамаган. Шундан кейин одамлар Ўзбекистон президенти, ички ишлар вазири, Андижон вилояти ҳокими номига мурожаат ёзган. Бироқ бу мурожаатлар яна халқни тинглашни истамаган қуйи поғона амалдорларга қайтиб келган ва эътиборсиз қолаверган.

“Халқ намойиш қилиш даражасига келиб қолганди. Аммо ҳибсдагиларнинг қариндошлари яқинларига янада қийин бўлишидан чўчиб, одамларни шаштидан қайтарди”, - деди А.Ҳамдамова.

Унинг билдиришича, бирликчи ва эзгуликчиларнинг озод қилинишини талаб қилаётганларга тазйиқлар бўлмоқда.

“Эзгулик” жамияти раиси ўринбосари Руҳиддин Комиловнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, айни пайтда ҳибсга олинганлар Жиноят кодексининг 159, 244 ва 258-моддалари бўйича айбланмоқда.

“Андижон воқеалари юзасидан ўзининг эркин фикрини билдиргани, фуқаролар ўртасида қонун доирасида бу борада хатти-ҳаракатлар олиб боргани учун улар устидан жиноят иши қўзғатилди”, - деди Р.Комилов.
XS
SM
MD
LG