Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:25

Остона декларацияси хавотирлари


Шайбон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган саммитида қабул қилинган декларация минтақадаги кузатувчиларда хавотир уйғотмоқда.

Остона декларациясида: “ШҲТга аъзо давлатлар ўз ҳудудларида террорчилик актларини амалга ошириш ва унга тайёргарлик кўриш ҳаракатларини, шу жумладан, бошқа мамлакатлар манфаатига қарши қаратилган ҳаракатларнинг олдини олади, террорчилик, айирмачилик ва экстремистик фаолият билан шуғулланган ёки бунда гумон қилинаётган шахсларга бошпана бермайди ва бундай шахсларни ШҲТга аъзо бошқа давлатнинг мурожаатига асосан топширади”, - деган банд мавжуд.

Бир қарашда эзгу мақсадлар кўзлангандай туюлаётган ушбу моддада, минтақа кузатувчиларининг фикрича, таг маъно ётибдики, айнан шу маъно уларда катта хавотир уйғотмоқда.

Қозоғистондаги “Оқжол” демократик партияси етакчиси Олтинбек Сарсенбоевнинг айтишича, ШҲТнинг аксарият аъзолари ҳуқуқий давлат ҳисобланмайди. Шундай экан, улар томонидан имзоланаётган ҳуқуқий мажбурият ҳам ўзларининг ҳуқуқий маданияти даражасида бўлади.

О.Сарсенбоев бу банд Қозоғистондаги мавжуд тузумга ҳар қандай шахсни, жумладан, мухолифатда бўлган кишиларни ҳам террорчиликда айблаб, ўзига топширишни талаб қилиш имконини беришини таъкидлади.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, ШҲТнинг террорчиликка қарши курашда алоҳида ҳаракат қилишга уриниши бу муаммони ҳал этишда халқаро меъёрлардан воз кечган ҳолда фақат ўзларига маъқул йўллар билан иш олиб боришга интилишга ўхшайди. Бу ҳолат эса хавотирлидир.

Ҳуқуқий ҳужжатлардаги энг катта муаммо, И.Худойбергановнинг мулоҳазаларига кўра, уларни турлича талқина қилиш мумкинлигидадир. Ҳозир ўзгача фикрлайдиган, ҳукумат нуқтаи назарига қўшилмайдиган ҳар бир кишини Ўзбекистонда жиноятчига чиқариш, ҳатто террорчиликда айблаш муаммо эмас. Остона декларациясидаги юқоридаги банд айнан шу жиҳатдан ўзбекистонликлар учун хавфли. Бу банд Қирғизистондан паноҳ топган ўзбек қочқинлари учун янада хатарлидир.

Қирғизистонлик сиёсатчи, “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси етакчиси Эдил Байсалов Остона декларациясидаги айрим бандларни ШҲТ аъзоларининг ҳар бири террор хусусида ўзи билганча хулоса қилишга интилаётганини кўрсатади, деган фикрда.

“Айтайлик, Россия терроризм деганда чечен исёнчилари ёки бошқа баъзи исломий ташкилотларни, Хитой уйғур исёнчиларини тушунади. Ўзбекистонда ким тушунилиши ҳаммага маълум. Айтмоқчиманки, улар бу бандлардан айнан ўзлари истамаган ҳолатларни бартараф этиш учун фойдаланади”, - деди Э.Байсалов.

Э.Байсаловнинг қўшимча қилишича, декларациядаги айрим бандлар ўзбек қочқинлари масаласида Қирғизистонга тазйиқ ўтказишга жуда қўл келади. Қирғизистон бир амаллаб Ўзбекистоннинг тазйиғига чидаши мумкин. Аммо жаҳон ҳамжамияти ҳам қирғизларга халқаро мажбуриятларни эслатиб турибди. ШҲТ аъзолари, айниқса, Россия ва Хитой декларацияни рўкач қилган ҳолда қочқинлар масаласида, умуман ташқи сиёсатда Қирғизистон ҳукуматидан Ғарб қўлида ўйинчоқ эмаслигини исботлашни талаб қилиши мумкин.

Б.Байсалов Қирғизистон ҳукумати бундай тазйиқларга қарши туришда ўзида жасорат ва журъат топиб, ўзбек қочқинларини қайтариб бермаслигига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG