Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Қирғизистонлик журналистнинг қаерда сақланаётгани номаълум


Тўлқин Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 18 июль куни ўзбек чегарачилари томонидан ҳибсга олинган қирғизистонлик журналист Эркин Ёқубжонов иши холис текширилишини сўраб, Ўзбекистон томонига нота жўнатди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу нотага муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакили Олим Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, Э.Ёқубжонов Андижон вилоятининг “Дўстлик” пости ҳудудидан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани сабабли ҳибсга олинган. Айни пайтда бу иш юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

О.Тўрақулов журналист айни пайтда қаерда сақланаётгани Қирғизистоннинг ваколатли идораларига хабар қилинганини айтиб, бу масалага ойдинлик киритмади.

Қирғистонлик ёш журналист, Ўш давлат университети журналистика факультетининг 4-курс талабаси Э.Ёқубжонов Даниядаги “International media support” нодавлат ташкилотининг Андижон воқеаларига бағишланган “Тинчлик водийсими ёки баҳс-мунозаралар водийси” номли лойиҳаси иштирокчисидир.

Мазкур ташкилотнинг Марказий Осиёдаги вакили Майкл Андерсон “Озодлик” мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, журналист ўтиш тақиқланган жойда эмас, балки “Дўстлик” чегара постида қўлга олинган.

“Эркинга чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айби қўйилиши қонунга мутлақо хилоф. Чунки у Ўш вилоятилик бўлиб, чегара олди ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари Андижонгача эркин ўтиш ҳуқуқига эга”, - деди М.Андерсон.

М.Андерсон Э.Ёқубжоновнинг қаерда сақланаётгани у иштирок этаётган лойиҳа вакилларига ҳам, оила аъзолари ва Қирғизистон ҳукуматига ҳам номаълумлигини билдирди. Халқаро ташкилот вакили журналистнинг
ўзбек чегарачилари томонидан ҳибсга олиниши унинг касбий фаолияти, хусусан, Андижон воқеаларига бағишланган лойиҳада иштирок этаётгани билан боғлиқ эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG