Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

ЕТТБ Ўзбекистон ҳукуматидан юз ўгирди


Тўлқин Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг давлат секторини молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатишини маълум қилди. Банк бу қарорини мамлакатда сиёсий жиҳатдан ўсишга эришилмагани билан изоҳлади.

Банк хабарномасида айтилишича, ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига жами ярим миллиард евродан кўпроқ сармоя киритган. Ўзбекистон ҳукумати сўнгги 2 йил мобайнида фақат икки соҳада - миллий валютанинг эркин конвертацияси ва коммунал соҳада тариф сиёсатини жорий этишга эришган. Бироқ ҳеч қандай сиёсий ўсиш кузатилмаган.

Банк томонидан Ўзбекистонга нисбатан 2005-2007 йилларга мўлжалланган янги стратегия ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон давлат секторини молиялашни маън этиш тўғрисида хабарномада бундай дейилади:

“Банк Ўзбекистонга нисбатан янги стратегия амалда бўладиган давр мобайнида давлат секторидаги ҳеч бир янги лойиҳани бошламаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Бундан буён банк давлатга ёки ҳукумат амалдорларига бевосита ёки билвосита алоқадор бўлмаган хусусий тадбиркорларни, асосан, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратади”.

ЕТТБ Ўзбекистондаги фаолияти давомида давлатга тегишли кўплаб лойиҳаларни ҳам молиялаштирган. Бу эса инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг танқидига учраб келаётган эди.

Иқтисодчи Виктор Ивониннинг билдиришича, ЕТТБ Ўзбекистонда фақат ижтимоий лойиҳаларни молиялаштирган. Жумладан, шаҳар инфратузилмасини қайта қуриш, коммунал, экология каби соҳалардаги лойиҳалар учун маблағ ажратган. Банк маблағлар ажратиш ортидан ўзининг сиёсий талабларини қўяди.

В.Ивониннинг фикрича, ЕТТБнинг қарори Ўзбекистонга келаётган сармоядорларга таъсир ўтказа олмайди. Чунки ҳозир Ўзбекистонга энг кўп сармоя киритаётганлар Россия ва Хитой компанияларидир.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътирофича, ЕТТБ Ўзбекистон ҳукумати олдига, асосан, шаффофлик, сармоявий муҳитни яхшилаш каби талабларни қўйган. Бу муҳим омиллар мамлакатда етарли бўлмагани учун ҳукуматни бир неча марта танқид ҳам қилган. Хусусан, ЕТТБнинг 2003 йилда Тошкентда ўтказилган йиллик йиғилиши якуний баённомасида ҳам Ўзбекистонга бир қанча эътирозлар билдирилган. Ўша пайтда бу эътирозлар конвертация, сиёсий ва иқтисодий эркинликлар йўқлиги, хусусий секторнинг деярли ривожланмаганига қаратилган эди.

О.Бакиров ЕТТБнинг сўнгги қарори Ўзбекистонга сармоя киритишга сезиларли таъсир ўтказишини билдирди. Зеро, унинг айтишича, йирик молиявий институтлар, компания ва корпорациялар ЕТТБнинг бирор мамлакатга нисбатан тутган сиёсатига жиддий эътибор қаратади.

“ЕТТБ тижорий мақсадда, манфаат олиш учун ташкил этилмаган. Унга бошқа инвесторларга йўл очиб бериш вазифаси юкланган. Мазкур банк таваккалчилик даражаси юқори бўлган мамлакатларга кириб бориб, бошқа сармоядорлар учун йўл очади”, - деди О.Бакиров.

Банк хабарномасида ёзилишича, ЕТТБ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатда сармоявий муҳитни яхшилаш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасидаги мулоқотни давом эттираверади.
XS
SM
MD
LG