Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:57

“Эзгулик” ахборот тазйиғига учрамоқда


Тўлқин 30 июль куни сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи Сирдарё вилояти прокуратурасининг “Адолат кўзгуси” газетаси таҳририятига раддия билан мурожаат қилди.

Гап шундаки, газетанинг 24-30 июнь сонида журналист Сорабек Холмуродовнинг “Инсон ҳуқуқларининг сохта ҳимоячилари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган бўлиб, унда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг мазкур вилоятдаги бўлими раиси Аъзам Фармонов фаолияти танқид остига олинган. Бу шахсларнинг мутахассислиги тўғри келмаса ҳам инсон ҳуқуқлари билан шуғулланаётгани қораланади.

А.Фармоновнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, газетада инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳукуматни обрўсизлантиришга ҳаракат қилаётгани ёзилган. Бу буюртма мақола экани кўриниб турибди.

Мақолада, аввало, Андижон воқеалари ҳақида сўз юритилади ва А.Фармонов Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан келиб, ўзини қандайдир инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Сирдарёдаги вакили қилиб кўрсатаётгани айтилади.

Журналист С.Холмуродовнинг сўзларига қараганда, таҳририятга Мирзаобод туманидан кишилар келиб, баъзилар бу ерда инсон ҳуқуқлари бўйича иш олиб бораётганидан, лекин улар бу борада мутахассис эмаслигидан шикоят қилган.

“Мақолада улар (ҳуқуқ ҳимоячилари) ҳақорат қилинмаган, шахсига тегилмаган. Бу мақола мулоҳаза тариқасида ёзилган”, - деди журналист.

С.Холмуродов танқид қилинган ҳуқуқ ҳимоячиларининг раддияси газета босилиши шарт эмаслиги, уларга ёзма тарзда жавоб қайтарилганини билдирди.

Мақолада “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси И.Ризаев ҳам мутахассислиги тўғри келмаса-да, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланиб келаётгани танқид қилинади.

“Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг билдиришича, ўтган йили вилоят газетасида И.Ризаевнинг “Эзгулик” жамияти – эзгулик йўлида” сарлавҳали мақоласи чоп этилган, Сирдарёда мазкур жамият бўлими тузилгани олқишланган эди. Бир йил ўтиб у ҳақда бутунлай тескари мақола эълон қилиниши Ўзбекистонда “Эзгулик” жамиятга қарши олиб борилаётган ахборот курашининг давомидир.

В.Иноятова Андижон воқеаларидан кейин жамиятнинг вилоятлардаги бошқа вакилларини ҳам турли тазйиқлардан ташқари ахборот тазйиғига ҳам дучор қилиниш ҳолатлари кўп учраётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG