Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:11

Аёл телевидение мухбиридан норози


Шайбон Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги “Толли” ширкат хўжалигида ишловчи Зулайҳо Иброҳимова Ўзбекистон телевидениесининг мазкур вилоят бўйича мухбири Жўрақул Турсуновнинг ҳаракатларидан норози эканини билдирмоқда.

“Мен Ж.Турсуновга Шўрчидаги талон-тарожликлар ҳақида икки марта шикоят ариза билан мурожаат қилганман. Журналист ариза бўйича хўжалигимизга келиб, икки марта видеотасвирга тушуриб кетган. Лекин бу лавҳаларни телевидениега чиқармади. Аризаларимга ҳам жавоб қайтарилмади”, - дейди З.Иброҳимова.

З.Иброҳимова 2003 йилда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раҳбари (эндиликда собиқ) Абусаид Кўчимовга ҳам Шўрчидаги қонунбузарликлар ҳақида ариза бергани, шу ариза асосида Ж.Турсунов хўжаликдаги ишларни яна видеотасвирга олганини билдирди. У ўзини шикоят аризаларни ёзишга мажбур қилган ҳолатларни ҳам санаб ўтди.

“Битта катта мактабни Шўрчи тумани ҳокими бузиб, талон-тарож қилган. Яна бир мактабнинг қурилиши 16 йилдан буён битгани йўқ. Ишчилар дам оладиган 12 та дала шийпони, пахта қуритиладиган 18 та асфальтланган хирмон ноқонуний сотилиб кетган. Буларнинг ҳаммасини Ж.Турсунов тасвирга олиб кетганди”, - дейди З.Иброҳимова.

Маълум бўлишича, шундан кейин аёл бутун бошли Ўзбекистон телерадиокомпанияси устидан бир неча марта судга мурожаат қилган. Денов туманлараро вилояти фуқаролик ишлари суди 2005 йил март ойида бу ишни кўриб чиқиб, З.Иброҳимованинг даъвосини рад этган. Вилоят суди бу ишни аппеляция тартибида кўриб чиқиб, Денов судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирган.

“Озодлик” радиосига тақдим этилган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ахборот” дирекцияси раҳбари Бобур Алихоновнинг З.Иброҳимовага йўллаган мактуби эътиборни тортди. Мактубда Б.Алихоновнинг: “Сиз Ж.Турсунов билан суҳбатлашиб бўлгач, унга ҳеч қандай эътирозим йўқ, деб тушунтириш хати ёзиб бергансиз”, деган сўзлари бор.

Мухбирнинг фуқародан тушунтириш хати олишининг ўзи қизиқ туюлгани сабабли З.Иброҳимова бу ҳолатни изоҳлаб берди.

“2003 йил 22 майда Ж.Турсунов видеотасвирга тушуриб олгандан кейин бир ҳафта ичида бу танқидий лавҳани эфирга беришини айтди. Бир ҳафтадан сўнг у кечқурун 11 да хўжалик раиси ҳамроҳлигида уйимизга келиб, журналист текширувига эътирозим йўқлигини ёзиб беришни сўради. Мен ёзиб бердим. Шундан кейин унинг ишхонасига бир ҳафта қатнадим. У кўрсатувни чиқаришга ҳоким қўймаётганини, Тошкентга ариза ёзсам, бошқа мухбир келиб, лавҳа тайёрлашини билдирди. Тошкентга келсам, мени сўкиб, телевидениедан ҳайдаб чиқариб юборишди”, - деди З.Иброҳимова.

З.Иброҳимова келтирган даъволар юзасидан ЎзТВнинг “Ахборот” дирекциясидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG