Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:54

Журналист маҳалласида муҳокама қилинди


Шайбон 12 август куни “Озод овоз” сўз ва фикр эркинлигини қўллаб-қувватлаш нодавлат ташкилоти раҳбари, журналист Бобомурод Абдуллаев ўз маҳалласида жамоатчилик судига тортилди.

Б.Абдуллаевни муҳокама қилиш Яккасарой туманидаги “Тўқимачи” маҳалласи фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтди. Гарчи фуқаролар йиғини раиси бу суд эмаслиги, балки шунчаки маслаҳатлашув эканини айтган бўлса-да, йиғилишнинг бориши айнан судни эслатди.

Дастлаб “Маҳалла” жамғармасининг Яккасарой тумани бўлими раиси Рўзи Турсуналиев Б.Абдуллаевни “Озодлик” радиосининг “Қурултой” эшиттиришидаги чиқишида халқни ҳақоратланганликда, бу билан маҳалла аҳли ва шахсан уни қаттиқ ранжитганликда айблади. У бу гаплари учун журналистни судга бериш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Ҳатто бундан чиқишларни тўхтатмаса, журналист устидан шахсан ўзи оиласи номидан судга мурожаат қилишини билдирди. Р.Турсуналиев сўзини Б.Абдуллаевни маҳалладан чиқариб юбориш масаласини кўриб чиқиш кераклиги билан якунлади.

Навбатдаги нотиқ “Маҳалла” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов Б.Абдуллаевни “Озодлик” радиоси орқали халқни инқилобга даъват этишда айблаб, ундан халқни тинч қўйишни талаб қилди. Муҳаррир журналист “ўзбек халқи ўта қашшоқ” дейиш билан ўз ҳамюртларини камситишга уринганлигини, аслида ўзбеклар асло қашшоқ эмаслигини таъкидлади.

Йиғилиш қанчалик кескин бўлмасин, Б.Абдуллаевга ҳам гапириш имконияти берилди. Йиғилиш бошида сўз таклиф қилинганида журналист йиғилганларнинг айтганларини тинглаб, кейин муносабат билдиришни маъқул кўрди. Бу ҳол Ч.Латиповга анча тегиб кетган кўринади, у буни мажлисни бошқаришга уриниш сифатида баҳолади.

Хуллас, ўзига айтилган барча айбларни тинглаган Б.Абдуллаев 17 июль куни “Озодлик” радиосидаги эшиттиришда ўзбек халқини қўйга қиёслаганида, ҳақоратлаш ниятида бўлмагани, аксинча халқнинг ўта ювош ва сабрли эканига ишора қилганини билдирди. Бу сўзнинг ҳақорат эмаслигини исботлаш учун журналист бир пайтлар мамлакат президенти ҳам “ўзбек халқи қўйдек ювош” деганини эслатиб ўтди.

“Агар бу ўхшатиш халқ учун ҳақорат саналса, президент Каримовни ҳам бугунги мажлисга таклиф қилиш мақсадга мувофиқ бўлади”, - деди Б.Абдуллаев. Шу билан бирга, у бу ўхшатиш кимгадир малол келган бўлса, узр сўрашини ҳам қўшимча қилди.

Мазкур гаплардан кейин йиғилиш ҳеч қандай хулосаларсиз тинчгина якунига етди.

Шу ўринда эътиборли ҳолатга тўхталиш жоиз, мажлис тугагандан кейин воқеа жойида пайдо бўлган 3-4 йигит “Озодлик” мухбирини кузата бошлади. Улардан бири елкасига осиб олган сумкасини тўғрилаб, тасвирга олаётгандек ҳаракатлар қилди. Одатда, Ўзбекистонда тасвирга олишнинг шундай усулидан фойдаланилишини анча-мунча одам билади. “Оператор”лар ҳам тасвирга олаётганлигини кўпда яшириб ўтирмайди. Бу кузатув мухбир ишхонасига қайтиб келгандан кейин ҳам давом этди.

Таъкидлаш керакки, маҳалла фаолларининг айрим ташкилотлар ёки идоралар даъвати билан мухолифатчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини чақириб, унинг фаолиятини муҳокама қилиш ҳолатлари илгари ҳам учраган. Аммо бундай йиғилиш шахснинг айнан “Озодлик” радиосидаги чиқиши учун уюштирилиши илк бор кузатилмоқда.

“Озодлик”даги чиқиши учун жиноий жавобгарликка тортилиш ҳолатлари эса аввал юз берган. Жумладан, Наманган вилояти Норин туманилик Ҳайдарали Комилов ва шу вилоятнинг Янгиқўрғон туманилик журналист Ризо Обид устидан жиноят ишлари очилгани “Озодлик” тингловчиларига маълум.
XS
SM
MD
LG