Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:37

Судда адолат бўлиши учун қонун устиворлиги бўлиши керак


Яқинда Наманган вилояти жиноят ишлари судида Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) турли бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбланган 6 фуқаро устидан ҳукм чиқарилди.

Судланувчилар 5 йилдан 6 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилди. Маҳкумларнинг яқинлари суд ҳукмидан норози бўлмоқда. Уларнинг айтишича, судланувчилар “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадор адабиётларни тарқатишда асоссиз равишда айбланган. Гувоҳлар судда ўз кўрсатмаларидан қайтса ҳам судья буни инобатга олинмаган.

Ўзбекистонда турли диний оқимларга алоқадорликда айбланадиган фуқароларнинг жуда кўпчилигига ЖКнинг 159-моддаси қўлланилади. Аммо бу ҳолат судланувчиларнинг яқинларида ҳар доим норозилик уйғотади. Нега?

Қўқондаги “Адолат” адвокатлик фирмаси раҳбари Мансурхон Аҳмадалиевнинг фикрича, судланувчи 159-моддада кўрсатилган жиноятни содир этмаган, айбсизлиги тўлиқ аён бўлса-да, сиёсат нуқтаи назаридан жуда эҳтиёткор бўлгани сабабли судья айбдор, деган ҳукм чиқаради.

М.Аҳмадалиев бу модда бўйича судланаётганларга барибир айбдор сифатида ҳукм чиқарилишининг яна бир сабаби холис судьялар жазоланиши эканини айтиб, бир мисол келтирди.

“2003 йилда Фарғона вилояти жиноят ишлари судида жинояти исботланмаган фуқарони суд залидан озод этиш ҳақида ҳукм чиқарган судья ишдан ҳайдалди. Унинг сўнгги уч йиллик фаолияти текширилди”, - деди М.Аҳмадалиев.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг сўзларига қараганда, 159-модда қўлланилган айбланувчига оқлов ҳукми чиқарилиши ҳоллари бирор марта кузатилмаган.

“Аксинча, бу модда билан айбланганларга судьялар кўпроқ муддатли қамоқ жазоси беришга ҳаракат қилади. Шунинг учун судланувчиларнинг яқинлари норозилик билдириши табиий. Бу модда қўлланилган шахслар юқоридан келган кўрсатма асосида қамалади”, - деди А.Эргашев.

А.Эргашев мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш учун билдирилаётган баъзи фикрларга қўшилмаслигини айтди. Унинг мулоҳазасига кўра, масалан, ҳозирда мавжуд судья тайинлаш услубидан сайлаш тизимига ўтилса ҳам вазият ўзгармай қолаверади. Зеро, қонун устиворлиги бўлмаган давлатда судьялар сайланиши ёки тайинланиши адолатга эришиш йўли бўла олмайди.
XS
SM
MD
LG