Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:09

Ҳибсдаги чегарачилар тезда юртига қайтади


Шайбон Яқинда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари раҳбарияти ўртасида ўзаро учрашув бўлиб, томонлар ўзлари ушлаб турган чегарачиларни бир-бирига қайтариш масаласини муҳокама қилган.

Бу ҳақда норасмий манбалар маълумот тарқатди. Ўзбекистон расмийлари ҳақиқатан ҳам бу масалада икки мамлакат прокуратуралари музокаралар олиб бораётгани, бироқ чегарачиларнинг ушланиши тафсилотлари нохолис баён қилинаётганини айтмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон томони нохолис деб баҳолаётган ўзбек чегарачисининг Қирғизистон томонидан ушланиши воқеасининг “Фергана.ру” сайтида ёритилишига тўхталиш ўринли бўлади. Мазкур сайтда ёзилишича, 29 июнь куни ўзбек чегарачиси Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сўзоқ туманидаги Қорақир Барпин қишлоғига ўтади ва маҳаллий фуқаролардан пул талаб қила бошлайди. Аммо маҳаллий фуқаролар чегарачининг таъзирини бериб, милицияга топшириб юборади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими вакили Олимжон Тўрақулов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда аслида воқеа бошқача кечганини билдирди.

“Ўша куни кечқурун икки ўзбекистонлик чегарачи қирғизистонлик икки фуқаро Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтиб, беда ўраётгани устидан чиққан. Чегара бузувчиларни ушлашга ҳаракат қилинган вақтда кичик сержант Аҳмиддин Нишонов Қирғизистон ҳудудига куч ишлатиб олиб ўтилган ва калтакланган. Кейин эса милицияга топшириб юборилган”, - деди О.Тўрақулов.

Ўзбекистонлик чегарачи нега бу ҳаракатларга жавоб қайтармагани тўғрисидаги саволга жавоб берар экан О.Тўрақулов чегара қўшинлари раҳбарияти томонидан қўшни давлатлар фуқароларига нисбатан босиқ бўлиш ва зинҳор куч ишлатмаслик ҳақида топшириқ берилгани, шу сабабли чегарачи тегишли жавоб қайтара олмагани, қолаверса, қирғиз фуқаролари бироз кучлироқ бўлганини таъкидлади.

О.Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, қирғизистонлик чегарачининг Ўзбекистон томонидан ушланиши ва ўзбек чегарачисининг қирғиз милициясига топширилиши воқеалари ўртасида боғлиқлик йўқ. Қирғиз чегарачиси ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтаётган вақтда 8 июнь куни ҳибсга олинган.

Қирғизистон Бош прокуратураси ҳибсга олинган ўзбек чегарачисининг тақдири хусусида жўяли жавоб қайтаргани йўқ. Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили ҳам ҳибсда сақланаётган қирғиз чегарачиси ҳақида ахборот тақдим этилмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон МХХ вакили эса айни пайтда икки давлат чегарачилари масаласи ҳар икки томон прокуратуралари томонидан жиддий ўрганиб чиқилаётгани, уларнинг қачон ўз юртига қайтарилиши тез кунларда маълум бўлишини билдирди.
XS
SM
MD
LG