Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:06

Андижондаги бугунги ўзгаришлар


Феруза “Озодлик” мухбири бир гуруҳ андижонликлар билан 13 май воқеаларидан кейин бу ерда юз берган ўзгаришлар, Андижондаги бугунги ҳаёт, кишиларнинг турмуш тарзи ҳақида суҳбатлашди.

Лолахон Тангриева: Ҳаётда деярли ўзгаришлар сезмадик. Одамларга ёрдам берилаётгани йўқ. Масалан, ўзим ёрдам сўраб боргандим. Лекин кўмак берилмади. Одамлар бирор нарса деб гапиришга қўрқади.

Соҳиба Неъматова: Мен шаҳардан 30 километр пастроқда тураман. Андижон воқеаларининг ҳаммаси ёдимизда. Эсимиздан чиқариб юборганимиз йўқ. Бу воқеалардан кейин неча ойлар, ҳатто йиллардан буён берилмаётган ойликлар, нафақалар тарқатила бошлади. Ҳозирча шароитлар яхшиланиб боряпти.

Акбарали Султонов: Ҳайдовчи бўлиб ишлайман. Маошимиз қониқарли даражада эмас, лекин вақтида оляпмиз. Озиқ-овқат ва бошқа нарсалар қиммат бўлгани учун бироз етишмовчилик бор. Халқ орасида ночор аҳволда яшаётганлар ҳам бор. Ҳамма яхши яшаяпти, дея олмайман.

Суҳбатдошларнинг деярли барчаси айни пайтда аҳоли ахборот бўшлиғида, қўрқув исканжасида яшаётганини бот-бот такрорлади. Хўш, андижонликлар бугун нималар ҳақида ўйлаяпти?

Лолахон Тангриева: Агар ноқонуний ишлар, адолатсизликлар бўлмаганида, балки шунча одам ҳаётдан кўз юммасмиди, қанча-қанча одам жабр тортмасмиди. Ҳозир ҳаммаёқ қимматчилик, халққа иш йўқ. Суд ва прокуратуралар адолатли иш олиб борса, вазият яхши бўлиб кетиши мумкин. Агар адолатсизлик давом этаверса, кўнгилсиз воқеалар яна такрорланиши ҳеч гап эмас.

Акбарали Султонов: Яхши ҳаёт бўлармикин, деб ноҳақдан ўлиб кетганлар ҳам кўп бўлди. Барча иш прокуратура ва судларнинг адолатсизлигидан бўлди. Агар улар адолатли, ҳукуматимиз яхши бўлганида бунақанги беҳуда қон тўкилишлар бўлмас эди. Яшаш шароитимиз яхши бўларди. Бунга мен барча раҳбарларни айбдор, деб ўйлайман.

Соҳиба Неъматова: Бир одам қамалса, икки фарзанди бўлса, иккови етим қолади. 10 та одам қамалса, 20 фарзанд етим қолади. Ота-онасиз тарбия кўрган бу болалардан келажакда нима кутиш мумкин? Улар ноҳақликни кўзи билан кўриб, бу нарса онггига сингиб бормаяптими?
XS
SM
MD
LG