Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Е.Урлаева руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди


Тўлқин 27 август куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва “Озод деҳқонлар” партияси фаоли Елена Урлаева ҳибсга олинди ва мажбурий равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди.

“Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятованинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, шу куни Е.Урлаева бир гуруҳ кишиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Сирғали туманига борган. Шу кишилар унинг туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилганини маълум қилган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти вакиласи Шоира Содиқбекованинг айтишича, бошқарма ходимлари Е.Урлаеванинг ҳибсга олиниши воқеаси бўйича маълумот бермаган.

“Мустақиллик байрами олдидан Е.Урлаевани ҳибсга олиш аввалдан режалаштирилган. Чунки унинг ортидан кузатув анчадан буён бор эди”, - деди Ш.Содиқбекова.

“Озод деҳқонлар” партияси ёлланган адвокат Виталий Красиловский Е.Урлаева иши юзасидан Сирғали тумани ИИБга мурожаат қилган. ИИБнинг тергов бўлими бошлиғи Ёқубов прокуратура ҳуқуқ ҳимоячиси устидан Жиноят кодексининг 215-моддаси (давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, у 28 август куни руҳий касалликлар шифохонасига ҳибсда сақлаш учун олиб келинганини билдирган.

Н.Ҳидоятова Е.Урлаева аҳоли ўртасида варақа ва карикатура тарқатгани учун ҳибсга олинганини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, “Уйғон, халқим” номли бу варақа партия дастури тўғрисидадир. Шу пайтгача мамлакат бўйлаб 50 мингта шундай варақа тарқатилган. Карикатурада ҳам, варақада ҳам Конституцияга қарши ҳеч нарса йўқ. ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ёқубов ҳам карикатура ва варақа зарарсиз эканини тан олган.

Адвокат Виталий Красиловскийнинг сўзларига кўра, ҳибсдаги шахсни руҳий шифохонага ётқизиш учун суд қарори бўлиши керак. Бироқ ўтган шанба ва якшанба кунлари Е.Урлаевани шифохонага ётқизиш қарори Сирғали тумани судидан ҳам, бошқа судлардан ҳам топилмаган.

Руҳий касалликлар шифохонаси ходимлари Е.Урлаева билан учрашиш бошлиқлар томонидан тақиқланганини айтиб, у билан мулоқот қилишга ҳеч кимга рухсат бермаяпти.
XS
SM
MD
LG