Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

Ш.Убайдуллаев: “Ўзбекистон терроризм маркази эмас-ку”


Шайбон Қирғизистон Бош прокурори Азимбек Бекназаров Ўш шаҳри тергов изоляторида сақланаётган андижонлик 15 фуқаронинг кейини тақдири Ўзбекистон томонидан юборилган қўшимча ҳужжатлар ўрганиб чиқилгач ҳал қилиниши билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси 26 август куни берган баёнотида бу фуқароларни қайтариб бериш тўғрисида Қирғизистонга талабнома жўнатилгани, талабномага уларнинг жиноятчи эканини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилингани билдирганди.

“Ҳужжатлар уларнинг айбини ва жиноятларга алоқадорлигини тасдиқлайди. Прокуратура йўқ жойдан уларнинг экстрадиция қилинишини сўрамайди-ку, ахир”, - деган эди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.

Қирғизистон Бош прокурори А.Бекназаровнинг андижонлик фуқаролар тақдири билан боғлиқ янги баёноти турли мунозараларга сабаб бўляпти.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг фикрича, Қирғизистон прокуратураси андижонлик фуқаролар ишини қайта кўриб чиқишига асос йўқ.

“Мен Ўзбекистонда уларнинг жиноятларини тасдиқловчи ҳужжатлар борлигига ишонмайман. Қолаверса, бу фуқароларни Ўзбекистонга қайтаришни ўйлашнинг ўзи катта хато. Чунки Ўзбекистон мунтазам равишда қийноқлар қўлланадиган мамлакат сифатида дунёда тан олинган”, - деди С.Икромов.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг эътирофича, Қирғизистон Ўзбекистон тақдим этган ҳужжатларни ўрганиб чиқмоғи шарт. Аммо бу ўринда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги мудҳиш ҳолат ҳам ҳисобга олиниши керак.

“Ўзбекистон ҳар кимга террорчи тамғасини босавермай, ўз эҳтиросларини бироз жиловлаши керак, - деди журналист. – Биз юзлаб одамларга террорчи тамғасини босиб, уларнинг ихтиёрий қайтиш йўлларини тўсаверсак, халқимиз бўйнига ўчириб бўлмайдиган гуноҳлар қўяётганимизни ўйлаш керак. Ўзбекистон терроризм маркази эмас-ку”.

Қирғизистондаги “Адолат” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Тўлейкан Исмоилов Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини таъкидлади ва тергов изоляторида сақланаётган андижонликлар қочқин мақомини олишига умид билдирди. Унинг айтишича, агар бу фуқароларга нисбатан бирор эътироз пайдо бўлса, Қирғизистон суди бу эътирозларни кўриб чиқади.

“Ўзбекистон махсус хизматлари ва Бош прокуратураси томонидан Қирғизистонга юборилган ҳужжатлар нусхалари билан танишиб чиқдик ва уларга қўйилаётган айблар асоссиз экани тўғрисида хулоса бердик. Биринчидан, ҳужжатларда келтирилган гувоҳлик кўрсатмалари шубҳали, зеро, биз бу кўрсатмалар қандай олиниши ҳақида тасаввурга эгамиз. Иккинчидан, илова қилинган суратлар тиниқ эмас. Демак улар қалбаки. Назаримда шунинг ўзи бу фуқароларга қочқин мақомини бериб, учинчи давлатга жўнатиш учун етарли”, - деди Т.Исмоилов.
XS
SM
MD
LG