Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:04

Орол денгизи Ўзбекистон иқтисодиётига ёрдамга келди


Саида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Орол денгизининг Ўзбекистонга қарашли қисмидаги газ конларини ўзлаштириш учун Россия, Хитой, Малайзия ва Жанубий Корея компаниялари иштирокида консорциум ташкил этди.

Бу ҳақдаги шартномага “Ўзбекнефтгаз”дан ташқари Россиянинг “Лукойл”, Малайзиянинг “Ретронас каригали оверсис” компаниялари, Хитой ва Жанубий Корея миллий нефть корпорациялари имзо чекди.

“Ўзбекнефтгаз” компаниясидан бу лойиҳа ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади. Аммо “Лукойл” вакиллари консорциум тузилганини тасдиқлади.

“Лукойл” мабуот хизмати ходими Григорий Волчикнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, “Ўзбекнефтгаз” компанияси 2003 йилдан буён Орол денгизининг Ўзбекистонга тегишли қисмида тадқиқотлар олиб бормоқда.

“Тадқиқотлар мазкур ҳудудда газ ва газ конденсати борлигини кўрсатган. Бундан ташқари, Устюртда 8 та газ конденсати кони очилган. “Ўзбекнефтгаз” икки конни ўзлаштиришга киришилганини билдиряпти. Учинчи конда 100 миллиард куб метрдан ортиқ газ борлиги маълум бўлган. Яқин кунларда бу конни ҳам ўзлаштириш бошланади. Бу ҳудуд ресурсларга бойлиги билан хорижлик, хусусан, “Лукойл” компаниясининг ҳам диққатини жалб қилди. Бундан барча сармоядорлар катта манфаат кўради”, - деди Г.Волчик.

“Лукойл” вакили конларни ўзлаштиришдан олинадиган даромад сармоядорлар ўртасида тенг тақсимланишини маълум қилди.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиёти тарихида бу каби лойиҳалар дастлабкиси эмас. Бироқ ҳамма гап мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилишида. Бундан икки йил муқаддам ҳам “Лукойл” Ўзбекистонда бир миллиард долларлик сармоя киритиши ҳақида хабарлар тарқатилганди. Бироқ бу лойиҳанинг тақдири шу пайтгача номаълумлигича қолмоқда.

Сиёсатшунос Ўзбекистонга сармоя киритилиши бу давлатнинг бошқа мамлакатлар билан муносабатига боғлиқ бўлиб қолганини, яъни Ўзбекистон қайси давлат билан муносабати яхшиланса, ўша мамлакат сармояси учун йўл очилаётганини қўшимча қилди. Унинг фикрича, сармоя кириши бу ҳолатга боғлиқ бўлиб қолмай, фақат қонун устиворлиги асосида амалга оширилиши керак.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия ва Хитой билан муносабатларни кенг ривожлантиришдан манфаатдор. Чунки бу давлатлар катта сармоядор бўлиш билан бирга кенг бозор ҳамдир.

Ф.Толипов иқтисодий ривожланиш учун геосиёсий вазият тўсиқ бўлмаслиги кераклигини билдирди.
XS
SM
MD
LG